Линклар

Качалово бозорида ўлганларнинг ўзбекистонликлар экани айтилмоқда


Качалово бозоридаги ëнғин чиққан жой.

Качалово бозоридаги ëнғин чиққан жой.

Москвадаги бозорда ëнғин чиққан ангарни ижарага олган шахс устидан жиноят иши очилди ва бунга қадар қочиб улгурган шахс қидирувга берилди.


Москванинг Варшава шоссесида жойлашган Качалово бозоридаги ëнғин сешанба куни тонгги соат 5 да бошланган ва расмий маълумотга кўра, ёнғин 50 квадрат метрлик ангар ичидан ўтган электр симдан чиққан.

Ангар ичида 20 одам яшаган ва унинг эшиклари устидан қулфлангани боис ичкаридагилардан фақат 3 киши жонини қутқара олган, холос. Қолган 17 киши ёниб кетган.

2006 йилдан бери рўй берган энг катта ёнғин, деб баҳоланган ушбу ёнғиндан қурбон бўлганларнинг ҳаммаси, сўнгги норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароларидир



Россиядаги ахборот агентликлари дастлаб нобуд бўлганларнинг аксари бозордаги қурилиш майдончасида ëтиб-ишлаëтган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари эканини хабар қилган эди.

Аммо Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлат Назриев¸ қурбонлар орасида Тожикистон фуқаролари йўқлигини билдирди.

- Москвадаги Тожикистон элчихонаси томонидан тасдиқланган бизда мавжуд маълумотларга кўра, ёнғинда нобуд бўлагн 17 киши орасида Тожикистон фуқаролари йўқ, - деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлат Назриев.

Россиядаги тожик муҳожирлари жамоаси раиси Карамат Шарипов эса ўлганларнинг тожик тилида сўзловчи Ўзбекистон фуқаролари экани ҳақида баёнот берди.

Москвадаги Ўзбекистон элчихонасининг Озодлик мухбири боғланган расмийси¸ ҳозирда ўлганлар шахсини аниқлаш давом этаëтгани ва элчихона қурбонларнинг Ўзбекистон фуқаролари экани ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Тахминларга кўра¸ ëнғинда ўлганлар Ўзбекистоннинг Сурхондарë вилоятидан келган тожик тилда сўзлашувчилар бўлган.



Ҳозирда Озодлик мухбири ўлган ва жароҳатланган ўзбекистонликларга оид тафсилотларни ўрганишга уринмоқда.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича¸ ëнғин чиққан ангар ўтган ойда текширувдан ўтказилган ва текширув давомда 18 та камчилик, хусусан, иншоотнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига умуман жавоб бермаслиги аниқланган.

Аммо, эътирозларга қарамай камчиликлар бартараф этилмаган. Шу боис ангарни ижрага олган шахс устидан жиноий иш қўзғатилди ва айни дамда бу шахснинг ўзи қочиб улгургани боис, унинг қидирувга берилгани айтилмоқда.




Айни пайтда¸ душанба куни кечқурун “Москва-сити”нинг “Восток” номли бизнес марказида ҳам ëнғин чиқди ва расмийларга кўра¸ ёнғинга қурилиш кранига ўрнатилган прожекторнинг тез ёнувчи материалларга иссиқлик таъсири сабаб бўлган.

67 қаватли бинонинг охирги икки қаватида душанба куни кечқурун рўй берган ёнғин йигирмадан ортиқ ўт ўчирувчи ва махсус вертолëтлар иштирок этди.




Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Шойгу бинонинг ёнғиндан хавфсизлик ҳолатини юзасидан қўшимча текширув ўтказиш ҳақида буйруқ берганини айтди.

Бундан ташқари, Москва шаҳридаги барча бозорларида хавфсизлик чораларини қайта текшириш ҳақида кўрсатма ҳам берилди.

Азиз муштарий¸ мабодо сиз Москвадаги бу икки ëнғинга гувоҳ бўлган бўлсангиз¸ ëхуд бу ëнғинлардан талафот кўрганлар ҳақида ахборотга эга бўлсангиз¸ Озодликка маълумот йўлланг.

Бунинг учун Skypeда Ozodskype га сим қоқинг¸ ëхуд "Эркин микрофон" учун ажратилган +42 06 02 612 713 рақамига сим қоқинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG