Линклар

АҚШ жанггарилар бошига мукофот эълон қилди


Жамоат-уд-Даъват етакчиси Ҳ.М.Саид Покистон парламенти олдидаги норозилик намойишида сўзламоқда, 2012 йил 27 март.

Жамоат-уд-Даъват етакчиси Ҳ.М.Саид Покистон парламенти олдидаги норозилик намойишида сўзламоқда, 2012 йил 27 март.

Вашингтон Покистондаги Лашкари Тойиба жанггари гуруҳи асосчиси Ҳафиз Муҳаммад Саидни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар мукофот берилишини эълон қилди.


Расмийларга кўра, Ҳафиз Муҳаммад Саид ҳозирда Лашкари Тойибанинг жанггари қаноти ҳисобланган Жамоат-уд-Даъватга бошчилик қилади.

АҚШ Давлат департаменти расмий сайтида Ҳафиз Муҳаммад Саиднинг “араб тили ва муҳандислик бўйича собиқ профессор” экани айтилади.

Муҳаммад Саид қатор террорчилик ҳужумлари, жумладан, 2008 йилда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида 165 одам ва тўққиз жанггари нобуд бўлган ҳужумни режалаганликда гумон қилинади.

Муҳаммад Саид боши учун эълон қилган 10 миллион долларлик мукофот Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар учун ваъда қилинган мукофот пули билан тенг.

АҚШ Ал-Қоида террор тармоғи етакчиси Усама Бин Ладин ўрнини эгаллаган Айман Аз-Завоҳирий боши учун 25 миллион доллар мукофот эълон қилган.

Айни пайтда, Қўшма Штатлар Лашкари Тойиба раҳбари ўринбосари Ҳафиз Абдул Раҳмон Маккини қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 2 миллион доллар мукофот берилишини эълон қилди.

Лашкари Тойиба гуруҳининг Кашмир минтақаси борасида Ҳиндистонга босим кўрсатиш мақсадида Покистон разведка хизматлари ёрдамида 80-йилларда тузилгани айтилади.

Покистондаги йирик хайрия ташкилотларидан бири ҳисобланган Жамоат-уд-Даъват вакиллари ташкилотнинг террорчиликка алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад қилиб келмоқда.

Қўшма Штатлар Лашкари Тойиба ва Жамоат-уд-Даъват гуруҳларини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган.

БМТ ҳам Жамоат-уд-Даъват ва унинг лидерларини Ал-Қоида ва Толибон ҳаракатини қўллаб-қувватловчи шахслар ва ташкилотлар рўйхатига киритган.

Покистон ҳукумати АҚШ босими сабабли 2002 йилда Лашкари Тойиба фаолиятини расман тақиқлаган.

Шундай бўлса-да¸ Ҳафиз Муҳаммад Саид Покистонда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. У омма олдида тез-тез чиқишлар қилади. Франс пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, Муҳаммад Саид¸ жумладан¸ 27 март куни пойтахт Исломобод шаҳрида уюштирилган кўп минг кишилик намойишда чиқиш қилган.

Ҳиндистон 2008 йилда Мумбай шаҳридаги ҳужум учун Лашкари Тойибани айблаган. Ҳиндистон ҳукумати Покистонга тақдим қилган қидирувдаги шахслар рўйхатида Ҳафиз Муҳаммад Саид биринчи ўринга қўйилган.

Ҳужумлардаги роли учун Интерпол Ҳафиз Муҳаммад Саидни қўлга олиш ҳақида ордер берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG