Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:52

Толиблар қўрқитган хонанда саҳнага қайтмоқчи


Бир неча ой муқаддам саҳнадан кетганини эълон қилган Нозия Иқбол Толибон жанггарилари фарзандларини ўғирлаб кетгани боис шундай қарор берганини билдирди.

32 ёшли Нозия Иқбол Покистон ва Афғонистоннинг пуштун тилли аҳолиси орасида танилган хонандадир.

Ўзбек ўқувчисига тушунарлироқ бўлиши учун¸ Нозия Иқбол мавқеини Ўзбекистон ва унга қўшни давлатларда танилган Юлдуз Усмоновага қиёслаш мумкин.

Шу йил январ ойида хонанда Дубайда бераётган концерт дастури ўртасида, кутилмаганда, саҳнани тарк этиши ва бундан буён исломий ҳаёт тарзи билан яшашга қарор қилганини билдирган эди.

Ўша кезда хонанда матбуотга ўз қарори тафсилотларини очиқлашга ҳам рози бўлмаган эди.

2 апрел куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Нозия Иқбол ўша кезда берилган кутилмаган баёноти сабабларини очиқлади ва тез орада саҳнага қайтишини ҳам айтди.

Хонандага кўра, Дубайда концерт бераётган пайтида Толибон жанггарилари фарзандларини ўғирлаган ва болаларини қайтариш эвазига саҳнани тарк этишни талаб қилган.

- Менга бундай таҳдид қилинган пайтда мен Дубайда эдим. Улар менга иккита боламни ўғирлашганини айтишди ва мени саҳнани тарк этганим ҳақида эълон беришга мажбур қилишди. Шунинг учун мен шунақа эълон берган эдим, деди Озодлик радиосига сўзлаган Нозия Иқбол.

Ўша кезда хонанда Толиблар талабини бажарган ва саҳнани тарк этиб, ҳижобга киришини айтиб, миллионлаб мухлисларини танг қолдирган эди.

У ҳаттоки, топган даромадига Покистонда диний мактаб очишини ҳам айтган эди.

Ҳозирда Озодлик радиоси Нозия Иқбол айтгани каби унинг фарзандлари ҳақиқатда ўғирланган эдими ва агар ўғирланган бўлса, улар қайтарилдими, деган саволларга мустақил манбалар орқали ойдинлик кирита олгани йўқ.

Эндиликда Нозия Иқбол ижодини давом эттириши ва худди аввалгидек, хонанда бўлган турмуш ўртоғи Жавод Фазо билан бирга саҳнага чиқишини айтмоқда.




Нозия Иқбол Толибон тазйиқига учраган кўп сонли пуштун хонандаларидан биридир.

Пуштун тилли хонандалар учун Покистоннинг исломий тутуми қаттиқ бўлган минтақаларидан етишиб чиқишнинг ўзи ўта мушкул бўлса, кейинчалик уларнинг саҳнада қолиши ҳам жуда оғир кечади.

Кўпчилик пуштун юлдузлари ўз санъатини худди Нозия Иқбол каби кутилмаганда тўхтатишга мажбур бўлган ва бу якун борган сари фожиавий тус олиб бормоқда.

Жумладан, 2009 йилда покистонлик хонанда аёл Айман Удас ўзининг Пешавордаги уйида отиб кетилган эди. Уни радикал исломий гуруҳларнинг босими остида қолган ўз акаси отиб ўлдирди.

Тақдир тақозосига кўра, Удас мамлакат телевидениеси орқали сўнгги бор: "Мен ўлдим, аммо мен ҳануз ҳаётман, мен ўз мухлисларим орзуларида мангу ҳаётман", деб куйлаган эди.



2009 йилнинг январ ойида яна бир таниқли хонанда ва раққоса Шабана Сват водийсида Толиблар томонидан ўлдириб кетилган эди.

Таниқли хонанда Шоҳаншоҳ Бача ҳам мусулмон учун энг ҳақ бўлган ҳаёт тарзида яшаш ниятини айтиб, 2010 йилда саҳнадан кетган эди.

Бунда ташқари, Шакила Ноз, Фарзона ва Фарида Хон каби танилган ёш хонандалар ҳам турмуш қургани боис саҳнани тарк этган.

Покистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ва зиёлилар таниқли хонандаларнинг бирин-кетин саҳнадан тушиб бораётганини мамлакат шарқида жанггари гуруҳларнинг босими ортиб бораётгани билан боғлайдилар.
XS
SM
MD
LG