Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:29

Тошкентда уй ижараси қимматлади


Март ойи охири¸ апрел ойи бошларида Тошкент шаҳрининг асосан ўртамиëна аҳоли яшовчи районларида турар жой ижараси нархининг ошгани кузатилди.

Ўртамиëна районларда нарх қимматлади¸ қиммат районлар ўзгаришсиз

Уй бозорида тирикчилик ўтказаётган маклерлар бу ҳолатни ижарага қўювчилар учун даромад солиғи жорий этилгани ва коммунал тўловларнинг ошгани билан билан изоҳламоқдалар.

– Тошкентнинг кўп районларида квартира ижараси қимматлади. Масалан, Юнусободда январ ойида 175 долларга ижарага берилган икки хонали уй ҳозир 200 долларга чиқди. Ёки Ойбек метросида – Миробод райони атрофида 300 долларга берилган квартиралар 350 доллар бўлди. Нарх-навони биз белгилаймиз, уй эгалари харажатларидан келиб чиқиб нарх айтади, – дейди тошкентлик маклер.

Уй-жой даллолларига кўра, асосан паст ва ўрта тоифадаги квартиралар баҳоси кўтарилган. Ойлик ижараси 500 доллардан юқори бўлган ҳашаматли уйлар нархида ўзгариш сезилмаган.

– Юнусобод, Чилонзор, Ҳамза районларидаги квартираларни кўпроқ ўртамиёна ҳаёт кечирадиган оилалар, талабалар арендага олади. Ижара баҳоси шу ҳудудларда ошди. Бу паст ё ўрта тоифадаги квартиралар-да. Нархини, шарт-шароитини назарда тутяпман. Кейин, Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Миробод туманларида жуда қиммат уйлар бор. Уларда кўпроқ чет элликлар, дипломатлар яшайди. Баҳоси ойига 500 доллардан бир неча минг долларгача етади. Қиммат уйларда ижара ҳақи ошгани унча сезилмади, – дейди Озодлик мухбири билан фикрларини бўлишган маклер.

Солиқ ошди¸ нарх ҳам ошди

Ипотека бозорини тадқиқ этиб келаётган бошқа бир мутахассисга кўра, фуқароларнинг мол-мулк ижарасидан топаётган даромади мажбурий солиққа тортила бошлагани ижара ҳақининг ошишига олиб келган.

– 2012 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон фуқаролари ўзига тегишли бино, иншоот ёки турар жойни ижарага беришдан олган даромадидан солиқ тўлашга мажбур. Менимча, мулк эгалари ижарадан топаётган даромадининг бир улушини солиққа чиқараётгани учун ҳам аренда баҳоси ошиб кетган. Ҳар қандай уй эгаси ҳам харажатлардан ташқари қўшимча даромад қилишни истайди-да, – дейди иқтисодчи мутахассис.

Йил бошидан кучга кирган тартибга мувофиқ, турар жойини ижарага берган фуқаро ижара олувчи билан шартнома тузиши ва уни нотариусдан тасдиқлатиши керак. Сўнг, солиқ идорага бориб декларация тўлдириши ва даромадидан солиқ тўлаши лозим.

– Ўзбекистон Солиқ кодексининг 192-моддасига мувофиқ, турар жой ижарасидан даромад олаётган жисмоний шахс белгиланган тартибда даромадлар тўғрисида декларация тақдим этади. Масалан, фуқаро турар жойини 1 апрелдан ижарага берса, 5 майдан кечикмай нотариусдан тасдиқланган шартномани солиқ идорасига олиб бориши ва декларация тўлдириши керак, – дейди ўзини танитишни истамаган солиқ ходими.

– Агар сиз квартирангизни ойига 500 минг сўмдан ижарага берган бўлсангиз, ундан 45 минг сўмни (яъни 9 фоизини) солиққа топширишингиз керак, – дея вазиятга ойдинлик киритади иқтисодчи олим.

Давлат ижара ҳақи минимумини ўзи белгилади

Давлат томонидан ижара ҳақининг минимал миқдори ҳам ўрнатилган. Мутахассисларга кўра, бу омил ҳам нарху навонинг кўтарилишига яхшигина таъсир этмоқда.

Турар жойнинг 1 квадрат метри учун энг кам тўлов Тошкент шаҳрида 3 минг, Нукус шаҳри ва вилоятга бўйсунадиган шаҳарларда 2 минг, бошқа аҳоли пунктларида 1 минг сўм этиб белгиланган. Демак, Тошкент шаҳрида жойлашган 100 квадрат метр майдонли уйнинг ижара ҳақи ойига 300 минг сўмдан кам бўлмаслиги лозим.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2012 йил 1 февралдан киритилган ўзгартиришга кўра, ижара тартибини бузган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача жаримага тортилади.

Бундан ташқари, ўз вақтида тўланмаган даромад солиғининг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун пеня ҳам ҳисобланади.

Уй-жой бозори даллолларига кўра, турар жой учун мажбурий тўловлар залворининг ошгани ҳам ижара баҳосига таъсир кўрсатган.

– ТТЗ-1 мавзесида икки хонали уйда ижарада тураман. Ойига 150 доллардан тўлардим. 1 апрелдан уй хўжайини ижара ҳаққини 170 долларга чиқарганини айтди. Ҳамма коммунал тўловлар ошиб кетди-ку, шунга, ижараям қимматлади-да, – дейди Дилшод исмли талаба.

Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда жорий 1 апрелдан марказий иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сув, электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар ошди.
XS
SM
MD
LG