Линклар

Ўш делегацияси Андижонга борди


Маълумотларга кўра, ўшликлар Андижонга вилоят губернатори Сўўрўнбай Жээнбеков раҳбарлигида борганлар.

Маълумотларга кўра, ўшликлар Андижонга вилоят губернатори Сўўрўнбай Жээнбеков раҳбарлигида борганлар.

Ўш вилоят губернатори Сўўрўнбай Жээнбеков бошчилигидаги қирғиз делегацияси куни кеча Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлиб қайтди.

Бу ҳақда Ўш вилоят давлат маъмуриятининг матбуот хизмати тарқатган матбуот варақчасида маълум қилинган.

Қирғиз делегацияси таркибига Ўш вилоятининг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва чегара хизмати раҳбарлари киргани айтилмоқда.

Сафар чоғида Ўш вилоят губернатори Сўўрўнбай Жээнбеков Андижон вилоят ҳокими Аҳмаджон Усмонов билан учрашган.

“Учрашувда икки томонлама дўстлик алоқаларига оид масалалар муҳокама қилинди, турли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида икки вилоятга дохил шартномалар имзоланди. Учрашув чоғида икки томонлама комиссия ҳам тузилди”, дея маълумот тарқатган Ўш вилоят давлат маъмурияти матбуот хизмати айнан қандай шартномалар имзолангани ва тузилган комиссия қандай вазифа бажариши ҳақидаги тафсилотларни очиқламаган.

Бугун иш куни бўлишига қарамай, мазкур матбуот хизмати ходимларидан биронтаси телефон гўшагини кўтармади.

Андижондаги мобил мухбирларимиздан бирининг хабар қилишича, вилоятга борган Ўш делегациясига Асака автозаводи ва айрим қурилиш объектлари кўрсатилган. Аммо унинг қирғиз делегацияси таркибида Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ҳам бўлгани ҳақидаги хабари тасдиқланмади. Хусусан, Ўш мэрияси матбуот котиби Гулжан Ажиматованинг Озодликка маълум қилишича, Андижонга борган қирғиз расмийлари орасида Ўш шаҳар давлат маъмуриятидан вакиллар бўлмаган, шу жумладан, мэр Мирзақматов ҳам қўшни давлатга бормаган.

2010 йил июнида Қирғизистон жанубида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида содир бўлган қонли тўқнашувдан бери бу жанублик ҳокимларнинг биринчи марта Ўзбекистонга бориши эмас. Жумладан, мазкур этник можаро содир бўлган йилиёқ Жалолобод вилоятнинг ўша пайтдаги губернатори Бектур Асанов ўз муовинлари ҳамда Сузоқ, Бозорқўрғон, Новкен тумани ҳокимлари қуршовида Андижонда вилоят ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг меҳмони бўлган, қўшни давлатдан келган бу юқори мартабали меҳмонлар учун ҳам Асакадаги автозаводу вилоят марказида қурилаётган Спорт саройи ва Болалар шаҳарчасига экскурсия уюштирилганди.
XS
SM
MD
LG