Линклар

Тошкент шаҳридаги хусусий корхона ва ташкилот ходимларидан ҳам иш ҳақи олишда коммунал тўловлардан қарзи йўқлигини тасдиқловчи маълумотнома талаб қилинмоқда. Бу тартиб¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ Марказий банк кўрсатмасига асосан йўлга қўйилган.


Ҳозирга қадар қарз йўқлиги ҳақида ҳужжат топшириш давлат муассасалари ходимлари зиммасидаги мажбурият эди.


“Бизга қолса, справка сўрамасдик”

Тошкент шаҳридаги хусусий корхоналардан бирида бухгалтер бўлиб ишловчи Азиза опанинг айтишича, ходим коммунал тўловларни мунтазам тўлаганини тасдиқловчи маълумотнома топширмагунча ойлик ололмайди.

– Директоримиз шундай буйруқ берди. Олдинлари бунақа маълумотнома сўраб ўтирмасдик. Давлат ташкилоти эмасмиз-ку. Энди бу талабни бажармасак бўлмайди-да, ҳокимият билан, солиқ билан муаммолар чиқади, – дейди хусусий корхона бухгалтери Азиза опа.

Ҳамза туманидаги кафеда иш бошқарувчи бўлиб ишлайдиган Равшан исмли йигит ҳам коммунал тўловлар бўйича маълумотнома кўрсатмаган ходимларга ойлик берилмаётганини тасдиқлади.

– Бизга қолса, ҳеч қанақа справкасиз ҳам ишчиларимизга ойлик берамиз. Лекин банкдан шунақа кўрсатма бўлган. Ўзимам иссиқ сув, совуқ сув, газ, электрдан алоҳида-алоҳида маълумотнома олиб келдим, – дейди кафе иш бошқарувчиси Равшан.


“Марказий банк шундай кўрсатма берган”

Ўзбекистонда чоп этиладиган “Новый век” газетаси жорий йил 4 апрел кунги сонида коммунал тўловлар квитанциясини кўрсатмаган ишчиларга ойлик маош бермаслик ҳақида мамлакат Марказий банки кўрсатма берганини ёзди.

Иқтисодчиларга кўра, Ўзбекистон шароитида ўртача 250 минг сўм ойлик иш ҳақи оладиган фуқаро барча коммунал тўловларни тўлаган тақдирда, қозонини сувга ташлаб қўйишига тўғри келади.

Ўзи шундоқ ҳам ойликни ўз вақтида олиш муаммога айланган бир пайтда коммунал тўловлар борасида маълумотнома талаб қилиниши фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

– Бир қарашда, бу қарордан кўзланган мақсад жуда муҳим ва олижанобдек – аҳолига кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида тўлов ундирилади. Лекин, дейлик, 2012 йил бошидан буён маош олмай ишлаётган республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Эндокринология маркази ходимлари бу талабни қандай бажарсин? Бу аҳволда Марказ ходимлари коммунал ва бошқа тўловларни қандай тўласин? Эҳтимол, Марказий банк раҳбарлари юзага келган вазиятдан чиқиш йўлини кўрсатарлар? – деб ёзади “Новый век” нашри 4 апрел сонида.

Аслида, бюджет ташкилотларида мазкур мажбурий тартиб кўпдан буён амал қилади.

– Квартира пули, электр энергияси, газ, иссиқ ва совуқ сув, иситиш тизими учун тўловларни ўз вақтида тўлаганим ҳақида маълумотнома сўрашади. Айтганча, ойлик қўлимга тегиши учун ҳатто чиқинди тўловидан ҳам қарзим бўлмаслиги керак, – дейди ўзини танитишни истамаган давлат муассасаси ходими.


“Ходимнинг хоҳиши билан кўп-да ҳисоблашилмайди”

Мамлакатда коммунал хизматлар учун тўловларни бюджет ташкилотлари ишчилари ойлик маошидан мажбурий равишда ушлаб қолиш ҳам кенг тарқалган.
Кузатувчиларга кўра, фуқаронинг ҳатто қарзи бўлмаса-да, унинг иш ҳақидан электр энергияси ёки газга ўтказиб юбориш ҳоллари учрайди.

2001 йил 4 майда Марказий банк ва Молия вазирлиги тасдиқлаган “Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, корхона коммунал хизматлар учун тўловни ходим иш ҳақидан унинг ёзма аризаси билангина ушлаб қолиши мумкин.

– Аммо бу борада ходимнинг хоҳиши билан кўп-да ҳисоблашилмайди, – деб ҳисоблайди таҳлилчилар.

Мутасадди идоралар аҳолининг коммунал хизматлардан қарзи кўпайиб кетганини рўкач қилади.

Айни пайтда, бу каби мажбурий чоралар орқали бюджет камомадини камайтириш, давлат ғазнасига пул тушумини кўпайтириш кўзланаётгани айтилади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил февралдан Тошкентдаги автомобил дўконлари 2012 йил охиригача коммунал тўловларни тўламаган харидорларга машина сотилмаслигини маълум қилган.

Айрим давлат идоралари ходимларига ҳам бир йиллик коммунал тўловлар юзасидан олдиндан ҳисоб-китоб қилиш буюрилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG