Линклар

logo-print

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида рэп қўшиқларда ҳақоратомуз калималар қўлланилишига қарши кучли назорат тизими жорий қилинди. Айни пайтда¸ ”Муаллиф ва ижрочилар гилдияси” қошида ҳам шундай назорат ва филтр тизими ташкил қилиш ишлари бормоқда.


Рэп мавзулари ҳам чекланди

Ўзбекистон ”Муаллиф ва ижрочилар гилдияси”нинг контент ва филтр бўлими бошлиғи Аня Качалова Озодлик билан суҳбатда¸ Интернетга юкланган ўзбек қўшиқлари назорати билан шуғулланиш устивор долзарб вазифа сифатида белгиланганини айтади.

Ўзбек ижрочилари гилдияси вакиласи Аня Качалованинг айтишича¸ ўзбек рэпчиларига фақат муҳаббат ҳақида одобли тарзда рэп "ўқиш" (Рэпчилар тилида рэп куйланмайди¸ балки ўқилади) га изн берилган.

- Сўкиш¸ ижтимоий протест¸ фош қилиш каби ҳолатларга изн берилмайди. 14 ëшдан 19 ëшгача бўлган ëшлар сегментини қоплаган бу жанр учун қўйилган чекловлар тўғри деб ўйлайман¸ дейди Качалова.

Суҳбатдошга кўра¸ етук мутахассислар жамланган идора тавсиялари ўзбек рэпчилари ижодини йўналтиришда ижобий рол ўйнаши мумкин.

Ўзбекистон ”Муаллиф ва ижрочилар гилдияси” 2011 йилда ўзбек мусиқа санъатини қароқчиликдан асраш ва муаллифлик ҳақларини ҳимоя қилиш¸ шунингдек виртуал дунëдаги ўзбек қўшиқчилигини назорат қилиш мақсадида ташкил этилган давлат тизимидир.

Айрим кузатувчиларга кўра¸ "Ўзбекнаво" ўзига юклатилган вазифаларни адо этишда сусткашлик қилгани боис¸ Ўзбекистон маданияти ва санъатини назорат қилувчилар шундай янги тизим яратишни мақсадга мувофиқ деб топишган.


Озодбек Назарбеков рэпчиларга "устоз" бўлди

“Ўзбекнаво” мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Rap ва R&B йўналишларида ижод қилиб келаётган хонанда Azeez AKA, ҳамда Eldor BEK “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг амалий ёрдами асосида, янги ном ва янги йўналишдаги “Du TOR” номли дуэт тузганини маълум қилди.

Мулозимга кўра ¸ ўзбек рэпчилари айтган ашулаларнинг сараси саракка ажратилмоқда.

Ўзбек теле ва радиоканаллари¸ овоз ëзувчи студиялар элагидан уят сўзлардан иборат рэп қўшиқлари ўтказилмаяпти.

Ўзбек рэп қўшиқчиларига тавсиялар бериш учун “Ўзбекнаво”да Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековга махсус хона ажратиб беришди.

Озодбек Назарбековга мунтазам тарзда рэп қўшиқчилиги жараëнини кузатиб¸ йўналтириб бориш топширилди.

Ўзбек ижрочилари гилдияси вакиласи Аня Качалова¸ нафақат Интернетга рэп юклаëтган тизгинсиз ўзбек рэпчилари¸ балки ўзи ҳам “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидаги назорат тизимидан бехабар эканини билдирди.


Рэп ўзбек ëшларининг эркин ҳудуди

Биз ўзбеклар рэплармиз¸
Босс бўлмасак ҳам¸ шефлармиз.
Дум дум танг¸ бак бака банг¸
Биз ўзбеклар буғдойранг.


Ўзбек рэпчиларининг Интернетдаги Youtube.com порталида машҳур бўлган бу қўшиғи “Ўзбекнаво” бадиий кенгашидан ўтмаган.

Тошкент¸ Самарқанд ва Урганчдаги рэпчиларнинг ширу-шакар сўкишлар дохил даҳанаки жанглари ва қўшиққа кўчаëтган ўзаро эътирозлари ҳам бадиий кенгаш элагидан ўтмаган.

Ўзбек ижрочилари гилдияси вакиласи Аня Качаловага кўра¸ аксарият қисми ëшлардан ташкил топган ўзбек жамияти учун жиддий ҳолат бу:

- Тасаввур қилинг¸ 15 яшар ўсмир ўз уйида ўтирволиб сўкиш тўла рэп ўқиди ва Youtubeга юклади. Сал ўтмай бу роликни юз минглаб юзер томоша қилди. Ўзбекистонда 8 миллион кишининг Интернетга уланганини ҳисобга олсак¸ бу ўсмир катта аудиторияга дохил эканини кўрамиз. Бу аудитория эса эртага беш марта каттайиши мумкин. Бу жараëнни назорат қилиш зарур деб биламан¸ дейди Качалова.


Сўкинмасдан ҳам яхши рэп ўқиш мумкин....

Суҳбат давомида Качалова ўзининг ëш экани ва сўкиш сўзлар рэп жанрига хос эканини англаган ҳолда¸ бу жараëн ҳам тушунтириш йўли билан назорат қилиниши мумкинлигини айтади.

- Яхши ижодкор уят сўзлар ўрнига 124 та бошқа сўзларни ишлатиб ўзини ифода қила олади.

Масалан¸ ҳофиз Тимотини олайлик¸ унинг уят сўзли репертуари ҳам бор¸ бу сўзлардан холи бўлган қўшиқлари ҳам бор. Солиштирсак¸ кейингиси дурустроқ¸ деган фикр чиқади¸ дейди ўзбек ижрочилари гилдияси вакиласи.

Качаловага кўра¸ ижобий ўрнаклар асосида аста-секин тарғибот йўли билан ўзбек рэпчи ëшларининг оғзига элак тутиш мумкин.

Бу суҳбатдан кейин Youtube порталига Uzbek rap деган ëзувни ëзганимизда¸ самарқандлик ўзбек репчиси DivisioN-G нинг "Ҳамма жим" деган янги қўшиғи юкланганини кўрдик.

Бу қўшиқдаги "ҳамма жим" калимасидан кейин¸ "сизларни фалон қилдим¸ қилдим" деган баëнот янграйди.

Йиқилдик¸
Чидадик.
Лекин бўйин эгмадик.
Кетдик далше.
Ким энди қарши?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG