Линклар

Хусусий клиникалар фаолияти торайди


Болалар саломатлиги билан боғлиқ аксар соҳа хусусий клиникалардан олиниб¸ яна фақат давлат касалхоналари ваколатига берилди.

Болалар саломатлиги билан боғлиқ аксар соҳа хусусий клиникалардан олиниб¸ яна фақат давлат касалхоналари ваколатига берилди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 29 март кунги “Тиббий фаолиятни лицензиялашни такомиллаштириш борасидаги” қарори хусусий тиббий ширкатлар фаолиятига чекловлар қўйди.


Жиддий тиббий амалиëтлар яна давлатга ўтди

Ўзбекистонда хусусий тиббий ширкатлар шуғулланадиган фаолият турлари сони 70 дан 48 нафарга туширилди.

Хусусий тиббий ширкатларга фаолият тури учун изн берилган илгариги рўйхатдан 22 номдаги тиббий фаолият олиб ташланди.

Ҳукумат қарорига кўра¸ бундан буëн хусусий тиббий идора кардиохирургия фаолияти билан шуғуллана олмайди.

Шунингдек акушерлик¸ анестезиология¸ травматология¸ болалар урологияси каби соҳалар билан хусусий клиникалар шуғулланишига изн берилмайдиган бўлди.

Изн берилмаган 22 фаолият туридан 12 таси болаларни даволаш билан боғлиқ.

11 яшар Мафтуна исмлик қизи хусусий клиника воситасида ўтказилган юрак амалиëтида нобуд бўлган қўқонлик Зулхумор опа болалар тақдирининг хусусий ширкатларга топширилишига қарши:

- Хусусий ширкатлар умуман бўлмаса ҳам яхши. Мен 11 йил оқ ювиб¸ оқ тараган қизим Мафтунани юрагини операция қиламан¸ деб ўлдириб беришди. Мендан пулни олиб тезда қизимни операция столига ëтқизишди. Ўзлари ҳатто кардиограмма ҳам қилмади. СамПИга кардиограмма қилдириб кел¸ деб жўнатишди. Мен хусусий бир ширкатнинг пул учун маъсулиятсиз амалиëтга қўл урганига гувоҳман дейди¸ Зулхумор опа.


Ҳукумат қарори - эҳтиëж маҳсули

Эргашев номидаги Тошкентдаги 4-касалхона бош врачи Ҳусниддин Қутбиддинов Вазирлар Маҳкамаси қарорини Зулхумор опага ўхшаган юзлаб жабрдийда шикоятларидан кейин чиқарилган ҳужжат деб билади.

- Ўз вақтида чиқарилган қарор. Мен ҳужжат билан танишдим. Нейрохирургия¸ болалар урологияси каби жиддий фаолиятлар учун жиддий клиникалар зарур¸ бундай клиникаларнинг давлатга оид экани бугунги кун реаллиги. Қолаверса¸ кун тартибида инсон саломатлиги масаласи турар экан¸ бунинг ортида давлат тургани маъқул.

Суҳбатдош бир-икки кун “тиббий фаолият” кўрсатиб¸ пул йиққач ëпилиб кетган ширкатлар майиб қилган касаллар охир-оқибат давлат шифохоналаридан мадад олаëтганига ҳам эътибор қаратди.

Сергелидаги туғруқхонанинг исми айтилишини истамаган дояси ҳам акушерлик каби фаолият туридан хусусий ширкатлар мосуво бўлганидан рози.

- Қайдсиз абортлар¸ қизлик пардаларини тикиб қўйиш¸ туғишдан кейин қорин ичидаги ëғларни олиб ташлаш каби шубҳали амалиëтлар кўпайган эди. Энди бунга чек қўйилса¸ қандай яхши¸ дейди доя хотин.

Айни пайтда¸ суҳбатдош бундай амалиëтларнинг батамом йўқолмаслиги¸ фақат энди яширин тарзда хусусий уйларда давом этишини тахмин қилади.

Ўзбекистонда 1990 йилда илк хусусий клиникалар очилган эди.


Хусусий фаолиятни чеклаш - чора эмас

Вазирлар Маҳкамаси қароридан ҳамма ҳам хурсанд бўлаëтгани йўқ.

Урганчлик Шуҳрат исмли 48 яшар жарроҳнинг хусусий клиникаси бор. Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Шуҳрат энди бу клиникага келаëтган пул оқими сусайишидан хавотир билдирди:

- Масалан¸ болалар урологияси тақиқланди. Болаларни хатна қилиш ҳам мумкин эмас¸ деб келиб қолишлари мумкин. Бундан ташқари¸ мен олий маълумотли жарроҳман¸ давлат менга ишониб диплом бериб қўйибди. Ҳар бир амалиëт учун шахсан жавоб бераман. Чет элда қанча хусусий клиникалар бор¸ ҳаммаси машҳур. Масалан¸ хусусий ошхона давлатникидан яхши бўлса¸ хусусий заводлар давлатникидан яхши маҳсулот чиқаради. Мен бу қарорни баҳсли деб биламан¸ дейди урганчлик жарроҳ.

Хусусий тиббий фаолиятга изн олиш Германия ва АҚШ сингари давлатларда ўта қийин жараëн ҳисобланади.

Гарчи хусусий клиникаларга рухсат берилган бўлса-да¸ Ғарб мамлакатларида тиббий амалиëтлар давлатнинг кучли назоратида бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG