Линклар

logo-print

Пойтахтдаги қатор фоҳишахоналар ҳақида ҳозирланган махсус кўрсатувда бундай мауссасаларнинг кўпайиши учун жамиятдаги ахлоқсизлик ва маҳалла-кўй масъул қилиб кўрсатилди.


Тошкентда ўнлаб исловатхоналар ëпилди

Тошкент шаҳрида яширин фаолият юритган ўнлаб фоҳишахоналар тугатилган.

Бу ҳақда 4 апрел куни Ўзбекистон телевидениесининг биринчи канали орқали намойиш этилган “Нигоҳ” кўрсатувида хабар берилди.

Расмий канал орқали эфирга узатилган кўрсатувда Тошкентнинг турли маҳаллаларида фоҳишахоналар кўпайиб бораётгани танқид қилинди.

Хусусан, Юнусобод, Ҳамза, Бектемир, Миробод туманларидаги исловотхоналарда суратга олинган тезкор лавҳалар кўрсатилди.

“Иқтисодий қийинчилик номуссизлик йўлига етаклади”

Ҳуқуқ идоралари томонидан фоҳишалик билан шуғулланиш пайти қўлга олинганлар орасида олий ўқув юртини битирган, шунингдек, айни пайтда коллежларда таҳсил олаётган қиз-жувонлар ҳам бор.

Танафурушлик ортидан кун кўраётган аёлларнинг аксарияти иқтисодий қийинчилик ёки оиладаги носоғлом муҳит туфайли шу йўлга кирганини айтади.

Исловотхона бекалари мижоз кўнглигини олиш эвазига 16 минг сўмдан 100 долларгача ҳақ олган.

– Наҳс босган квартиралар уларнинг яшаш ва “иш” жойига айланган, – дейилади кўрсатувда.

Бетийиқ майллар

Пойтахтда сўнгги йилларда анча кўпайиб қолган сауналарнинг аксарияти фоҳишахоналарга айланиб қолгани айтилади.

"Сауналар “массаж” ниқоби остида танафурушликни таклиф қилиб келади", деб ҳисоблайди маҳаллий аҳоли.

Ўзбекистон расмий каналига кўра, Тошкентдаги сауналар хўжайинлари қизларни фоҳишаликка жалб этиш ортидан мўмай даромад топган. Масалан, Миробод туманидаги сауна эгаси Виктория Мусажонова қисқа муддат ичида 65 миллион сўм пул ишлаган.

Кўрсатувда имонсизлик ва ахлоқсизлик авж олгани туфайли исловотхоналар кўпайиб кетаётгани таъкидланган.

“Бетийиқ майлларига қул бўлган пулдор эркаклар” ҳам кескин қораланган.

Шунингдек, бундай ахлоқсизликка “тоқат қилиб бўлмаслиги” айтиларкан, “айрим элларда танқис бўлган ўзбекона шарм-ҳаё”ни асрашга даъват этилган.

“Маҳалла қаерга қараяпти?”. “Милиция-чи?..”

Кўрсатув давомида исловотхоналар кўпайиб бораётганига қўни-қўшни, маҳалла қўмиталари ва таълим муассасаларининг беэътиборлиги ҳам сабаб экани бир неча марта қайд этилган.

Теледастурга маҳалласида исловотхона борлигидан ғофил қолган маҳалла раисининг узр-маъзурли интервьюси ҳам киритилган.

Бироқ филмнинг бирор ўрнида ҳудуддаги ҳуқуқбузарликларга асосий жавобга шахс – милиция участка нозирлари масъулияти эсланмаган.

Мустақил кузатувчиларга кўра, нафақат Тошкент, бутун мамлакат миқёсида фоҳишахоналарнинг илдиз отишида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳам қўли бор.

Аҳоли орасида кенг ёйилган қарашга кўра, исловотхоналарга ҳудуд милиция нозирлари ҳимоячилик қилади ва бунинг эвазига маълум миқдорда улуш олиб туради.

2011 йил июнда Тошкент шаҳридаги фоҳишахоналар маконига айланган ўнлаб квартиралар мусодара қилингани ҳақида хабар берилганди.

Таҳлилчиларга кўра, ишсизлик тобора кучаётган бир пайтда танафурушлик ортидан тирикчилик ўтказишга мажбур бўладиган аёллар сони ошиши эҳтимолдан холи эмас.

Ўзбекистон Жиноят кодекси 131-моддасига кўра, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур жиноят такроран ёки вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этилса, айбдорга 6 ойгача қамоқ ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG