Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:15

Тожикистонда мухолиф партиялар текширилди


Ислом уйғониш партияси логотипи.
Ислом уйғониш партияси логотипи.

Тожикистон Бош прокуратураси ва солиқ идораси бу мамлакатдаги сиёсий партиялар, жумладан мухолифатдаги Ислом уйғониш ва Коммунистик партияларини “ғалвирдан ўтказди”.


Тожикистон Коммунистик партияси раиси Шоди Шабдоловнинг Озодликка маълум қилишича, Бош прокуратура ходимлари “коммунистлар орасида Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Ҳизбут-таҳрир каби диний экстримистик ташкилот аъзолари ҳам борми ёки йўқлигини обдон текширган”. Шабдоловнинг айтишича, бундай текширув партиянинг республика миқёсидаги барча бўлимларида ўтказилган.

- Бош прокуратурани кўпроқ икки масала, биз хориж давлатларидан молиявий кўмаклар олаяпмизми ёки йўқми ва сафимизда мамлакатда фаолияти тақиқланган диний экстремистик ташкилот аъзолари ҳам борми ёки йўқлиги қизиқтирди. Албатта¸ улар қидирган нарсасини тополмади, дейди тожик коммунистлари раҳбари.

Шабдолов шунингдек, текширув ўтказганлар мазкур партия аъзоларининг умумий рўйхатини Бош прокуратурага топширишни талаб қилгани¸ лекин ўзи бу талабни рад этганини қўшимча қилди.

Шабдоловнинг айтишича, “солиқ идораси ходимлари коммунистлар бюджети касод эканидан жуда ҳайратга тушган” - бир ойлик текширув натижасида давлат вакиллари мазкур сиёсий партия фаолиятида пайқаган ягона камчилик ҳам фақат шу бўлган.

Тожикистонда сиёсий партиялар, жумладан мухолифатдаги партия фаолиятининг Бош прокуратура ва солиқ идораси томонидан текширилиши кейинги 20 йил давомида илк бор кузатилмоқда.

Шоди Шабдоловнинг гапига қараганда, давлат қайдидан ўтган сиёсий партиялар жорий тартиб асосида бир йилда бир маротаба фақат Адлия вазирлигига ҳисобот бериши лозим. Қолган идоралар эса¸ коммунистлар етакчисига кўра¸ сиёсий партиялар фаолиятини тўппадан -тўғри текшириш ҳуқуқига эга эмас.

“Лекин шундай бўлса-да, дейди коммунистлар партиясининг раиси Шабдолов, бизга номаълум сабаблар билан Бош прокуратура ва солиқ идораси жуда жиддий текширув олиб борди”.

Давлат идоралари “ғалвиридан ўтган” яна бир мухолифат гуруҳи - Ислом уйғониш партиясининг таҳлилий ахборот бўлим бошлиғи Ҳикматулло Сайфуллозода мазкур партия фаолияти устидан текширув жараёни бундан бир ярим ойча аввал бошланганини айтади. Аммо унга кўра¸ Звезда.ру сайтида нашр қилинган бир баҳсли мақола тожик жамиятига ёйинлангандан кейин бу текширув бир муддат тўхтатиб қўйилган.

Март ойи бошида Звезда.ру Интернет сайтида нашр қилинган “Тожикистон инқилоб бўсағасида” номли мақола тожикистонликлар орасида катта баҳсларга сабаб бўлган эди.

Звезда.ру ўз саҳифасида Тожикистон президенти девонининг республика Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва шу каби тегишли идораларга йўллаган махфий топшириғи нусхасини ҳам чоп қилган эди.

Ҳозирга қадар ҳақиқий ёки қалбакилиги юзасидан бирор расмий идора изоҳ бермаётган бу “махфий буйруқ”да мамлакат ичкарисидаги сиёсий фаоллар, жумладан, Ислом уйғониш партияси фаолияти ва унинг фаоллари ҳамда 1992 йилги ички низоларда фаол қатнашган шахсларни таъқиб қилиш талаб қилинган.

Сайфуллозодаининг таъкидича, март ойи охирларида бошқа сиёсий партиялар қаторида Ислом уйғониш партияси идорасида ҳам текширув ишлари олиб борган Бош прокуратура ходимларини президент девонининг махфий ҳужжати қандай қилиб Звезда.ру га тушиб қолгани ва бу хабар агентлигининг мамлакатдаги сиёсий партиялар билан бирор алоқаси бор- йўқлиги қизиқтирган.

Тожикистон Бош прокуратураси масъули Мадиброҳим Олимов мавзу юзасидан Озодлик мухбирининг шарҳ бериш сўровига ҳали натижалар хулосаланмаганини айтиш билан жавоб қайтарди.

Бош прокуратура ёки солиқ идораси сиёсий партиялар фаолиятини текшириш салоҳиятига эгами ёки бу бирор махсус буйруқ асосида амалга оширилган тадбирми?, деган саволимизга жавоб берар экан Бош прокуратура расмийси қуйидагиларни билдирди.

- Бу бизнинг доимий ишимиз. Бош прокуратура ва давлат тегишли идоралари Конституциямиз, қонунларимизнинг жойларда қандай бажарилаётганига оид масалада республика барча идораларида текширув олиб боришга ҳақлидир, деди Мадиброҳим Олимов.
XS
SM
MD
LG