Линклар

logo-print

Оренбург Tранпорт полицияси Самарадаги ресторанга 2000 дан зиёд тошбақа олиб кетаётган ўзбекистонлик 64 яшар аёлни ҳибсга олди.


Оренбург вокзалида 3 апрел куни тўртта катта сумка олдида турган аёл шаҳар Транспорт полицияси ходимлари эътиборини ўзига тортган.

Полициячилар текшируви натижасида¸ юк сумкалари ичида 2245 дона тирик тошбақача борлиги аниқланди, дейди Россия Ички ишлар вазирлигининг Урал федерал округи бўйича Транспорт бошқармаси расмийси Ирина Владимирова Озодлик мухбирига.

- У перронда мана шу катта сумкалар билан турган экан. Бу сумкаларда катта миқдорда тошбақалар борлиги аниқланди. Айнан шу сумкаларнинг катталиги полициячилар эътиборини ўзига тортган. Жониворларнинг Россия ҳудудига олиб кирилишига бирор ҳужжат йўқ экан. Аёлни полиция бўлимига олиб боришди ва бу ерда унинг ёши 64 да экани ва у Ўзбекистондан келгани аниқланди , дейди Ирина Владимирова.

Транспорт полицияси ахборот маркази раҳбарига кўра, аëл тошбақаларни Россияга Фарғонадан сотишга олиб келган. Фарғонада нотаниш эр-хотин ундан бу сумкаларни Самарага элтиб беришни сўраган. Ўзбекистонлик 64 ёшли аёлнинг айтишича, тошбақа эгалари ўзини “Сизнинг ёшингиз катта, чегарачилар текширмайди,” деб ишонтирган. Тошбақалар махсус контейнерда эмас, балки аралаштириб сумканинг ичига жойлаштирилган экан.

Исми ошкор этилмаётган бу аёл кейинроқ “Орск — Москва” поездида тошбақачаларнинг Самарага маҳаллий ресторанларга деликатес таом сифатида тайёрланиш учун олиб кетилаётганини айтган.

Мазкур ҳодиса юзасидан тергов олиб бораётган Оренбург шаҳар Транспорт полицияси бошқармаси Тергов бўлими ходими Виктор Алексеенко Озодликка Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш эмас, балки маъмурий жазо қўлланилишини билдирди.

- Россия қишлоқ хўжалиги назоратида унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан протокол тузилади ва кейин у қўйиб юборилади. Мазкур турдаги қонунбузарлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган. Қолаверса¸ судралувчиларга бу каби муносабат Россия Жиноят Кодексининг “Жониворларга ваҳшийларча муносабат” моддаси асосида жиноят таркибига киритилмаган, деди полиция ходими.

Транспорт полициясидан олинган маълумотларга кўра, тошбақаларни ноқонуний Россияга олиб киришда айбланаётган 64 ёшли ўзбекистонлик аёлга суд орқали 500 дан 1000 рублгача жарима солинади ва у ўзи олиб келган тошбақалар билан бирга Ўзбекистонга депортация қилинади.

Айни пайтда, Новости Казахстана ахборот агентлигининг хабар қилишича, 5 апрел куни Қозоғистоннинг Оқтўбе вилоятидаги “Жайсан” темир йўл станциясидан тўхтаб ўтаётган 382 рақамли “Тошкент-Уфа” поездида искович ит ёрдамида олтита катта сумкада олиб кетилаётган 2,5 мингта тошбақачалар аниқланган ва мусодара қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG