Линклар

logo-print

Россия ва Қирғизистон савдолашмоқда


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президент Алмаз Атамбаев билан ҳам учрашди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президент Алмаз Атамбаев билан ҳам учрашди.

Қирғиз расмийлари Кремл ГЭСлар қуриш бўйича ўз мажбуриятини бажармаса, мазкур лойиҳалар бошқа давлатлар ҳамкорлигида амалга оширилишини билдирмоқда.

Жорий ҳафтада Қирғизистонга АҚШ ва Россия делегациясидан ташқари Туркия ва Монголия расмийлари келдилар. Қирғизистон президенти Алмаз Атамбаев эса Озарбайжонга бориб, у ерда президент Илҳом Алиев билан Бишкекда 250 миллион долларга нефтни қайта ишлаш заводи қуриш шартномасини имзолаб қайтди.

Айрим кузатувчиларга кўра, мазкур лоийҳа АҚШ ва Туркия кўмагида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари Қирғизистон ҳукумати Россия томони Қамбарота - 1 ва Норин ГЭСлари қурилишига сармоя ётқизиш мажбуриятини бажаришга шошилмаётганини эсга олиб, мазкур лойиҳани амалга оширишга бошқа давлатларнинг жалб қилиниши мумкинлигини писанда қилиб ўтган эди.

Бу ҳолат Россия расмийларини анча ташвишлантирган кўринади. Чунки ҳали Россия энергетика вазири Сергей Шматконинг изи совумай туриб, Бишкекка Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров етиб келди.

- Биз Россия вакилларига Қамбарота-1 ва Норин ГЭСи қурилиши юзасидан имзоланган шартномага асосан ҳаракатлар дастурини 10 апрелгача бизга тақдим қилишлари кераклигини айтдик. Агар Россия томони бу талабимизни бажармаса, биз шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга бўламиз, -деди Қирғизистон бош вазири Ўмурбек Бабанов.

Бироқ Россия томони белгиланган муддат кунини ўзгартириш ниятида экани 5 апрел куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Бишкекка келиши билан маълум бўлди. Қирғизистон ташқи ишлар вазирига кўра, Кремл стратегик гидроэлектростанциялар қурилиши юзасидан ҳаракатлар дастурини 15 апрелдан кейин тақдим этишни таклиф қилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, сиёсатшунос Марс Сариев Қирғизистон ва Россия ўртасида сиёсий савдолашув жараёни бормоқда, деган фикрда:

- Менинг фикримча, сиёсий савдолашув бўлмоқда. Қирғизистон ўз позициясидан чекинмоқчи эмас. Қирғизистон мазкур лойиҳаларда 50 фоиздан кам бўлмаган улушга эгадорлик қилади. Россия эса қатъий позицияда турган қирғиз ҳукуматига босим кўрсата олмаяпти, -дейди Марс Сариев.

Маълумотларга кўра, Россия томони Қамбарота-1 ва Норин ГЭСлари акцияларининг 75 фоизи ўзига берилишини талаб қилмоқда. Мазкур ГЭСларнинг қурилиши натижасида ҳозир Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонга электр энергияси сотаётган Қирғизистон Россия, Хитой, Покистон ва Афғонистонга ҳам электр энергияси экспорт қилиш имкониятига эга бўлади. Россия бу экспортни ўз назорати остига олиш иштиёқида.

Бироқ Қирғизистон томони Россияга акцияларнинг 50 фоиздан ортиғи берилмаслигини, агар Кремл бунга рози бўлмаса, лойиҳани бошқа давлатлар иштирокида амалга оширишини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG