Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:03

Наманган ҳайвонот боғидаги шер совуқдан ўлди


Бу йилги қишнинг совуқ келгани ва газ таъминотидаги узилишлар сабаб Наманган ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар, аквариумдаги балиқлар, кобра илони ва шер аёздан нобуд бўлди.

Намангандаги “Кичкинтой” истироҳат боғидаги мини-зоопарк раҳбари Баҳодир Абдуллаев бу ҳақда “Новости Узбекистана” нашрига маълум қилди.

“Ўта ноёб, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган кобра илони ва бошқа ноёб илонлар, шер ва айрим қуш-паррандаларни сақлаб қолаолмадик", деган жумладан Абдуллаев ўзбек матбуотига.

Айтилишича¸ туя ва маҳаллий иқлимга дош бера оладиган бошқа ҳайвонлар, шунингдек совуққа чидамли айиқ омон қолган.

Жаноб Абдуллаевга кўра, нафақат газ таъминотидаги узилишлар, балки сув таъминотининг сифати ҳам ҳайвонлар ўлимига сабаб бўлмоқда.

“Боққа берилаётган сувнинг сифати ёмонлигидан лама нобуд бўлди”, деб айтган Абдуллаев.

Бу йилги қиш шундоқ ҳам иқтисодий мушкулотлар қаршисида қолган Наманган ҳайвонот боғига миллионлаб сўм зарар келтирди.

Абдуллаевга кўра, боғда ҳайвонларни сақлаш Ўзбекистон шароитида бизнесдан кўра кўпроқ хобби бўлиб қолган.

“Билет сотилишидан тушадиган пул ҳайвонларга сарфланаётган харажатларни оқламайди. Масалан¸ шер 4000 АҚШ доллари туради. Уни боқиш ва сақлаш ҳам осон эмас”, деб айтган Баҳодир Абдуллаев.

Ҳозир Наманган ҳайвонот боғи нобуд бўлган ҳайвонлар ўрнига янгиларини келтириш учун Тошкент ҳайвонот боғи билан иш олиб бормоқда.

Шунингдек, Намангандаги ҳайвонот боғи раҳбари коммунал хизмат таъминотчиларни судга бериб, келтирилган зарарни охирги тийинигача ундириб олиш ниятида.

Ўзбекистонда ҳайвонларга муносабат нол даражада

Тошкентдаги Ҳайвонларни асраш жамияти ходимаси Валерия Захарованинг таъкидича, Ўзбекистонда жонзодлар муҳофазаси ўта абгор аҳволда.

- Ўзбекистонда ҳайвонлар ҳимояси нол даражада, десак бўлади. Бошқа ўлкаларда ҳайвонларга муносабатни биласиз. Бизда эса Намангандаги бу фожеа ҳақида энди хабар топаяпмиз, дейди Захарова.

Бу йил қишда Ўзбекистонда ҳукм сурган қаттиқ совуқ оқибатида кўплаб дайди ҳайвонлар ҳам нобуд бўлган.

Ҳайвонларни асраш жамияти қишда кўплаб дайди ит, мушукларни совуқдан асраб қолган.

- Ҳайвонлар ўлими жуда кўп ва бизнинг ташкилотимиз кўплаб жонзодларни сақлаб қолишни уддасидан чиқа олмаяпти. Жониворларни сақлашга етарли жойимиз ҳам йўқ. Катта шаҳарлардаги ҳайвонот боғларида аҳвол бирмунча яхшидир, лекин чекка вилоятларда ҳайвонлар очликдан, лозим парвариш ва моҳир ветеринар врачларнинг йўқлигидани нобуд бўлаяпти, дейди Валерия Захарова.

Совуқ ноёб дарахтларга ҳам қирон келтирди

Бу йил Ўзбекистонда қиш рекорд даража совуқ келди. Айрим вилоятларда ҳаво 20-25 даража совуқ қайд этилди.

Оддий одамлар ҳам табиий газ ва ҳам ҳам электр қуввати таъминотисиз қолди. Газ ва кўмир йўқлигидан айрим вилоятларда кўп йиллик дарахтлар ўтин қилиб кесиб юборилгани кузатилди.

- Ота-боболаримиздан қолган дарахтлар кесилди. Илгари Урганчдан қарасангиз, дарахтлар боис узоқдаги қишлоқлар кўринмасди. Ҳозир дарахт қолмаган, дейди хоразмлик фаол Ҳайитбой Ёқубов.

Ҳайитбой Ёқубов қаттиқ совуқдан омон қолиш мақсадида мевали дарахтларни кесиб¸ ўтин қилганлар аҳволини тушуниши, лекин пишиқчилик мавсуми келганда улар ўз қўллари билан кесилган дарахтлар уволини танасида ҳис қилишини айтади.

-Мева бу йил кам бўлса керак, чунки мева дарахтларига ҳам бу йил қирон келди, дейди Ёқубов.
XS
SM
MD
LG