Линклар

logo-print

Тожикистонда ўзбек мактаблари тожиклаштирилмоқда


Тожиклашган ўзбек мактаби ўқувчилари Озодлик микрофонига гапирмоқда.

Тожиклашган ўзбек мактаби ўқувчилари Озодлик микрофонига гапирмоқда.

Тожикистон ҳукумати республика мактабларини тожиклаштириш сиёсатини борган сайин жадаллаштирмоқда. Бундай сиёсат айрим тожикистонлик ўзбеклар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўтган икки йил давомида Тожикистоннинг Ваҳдат, Рудакий, Қабодиён, Шаҳритуз каби туманларидаги ўрта таълим мактабларининг ўзбек синфлари, қолаверса бутун бошли ўзбек мактаблари тожиклаштирилди.

Ҳозирда республика бўйлаб нечта ўзбек мактаби ёки тожик мактаблари қошида қанча ўзбек синфи борлигию¸ улардан қанчасининг тожиклаштирилгани ҳақида расмий статистика йўқ.

Болалари тожик мактабида ўқишга мажбурланаётган миллий озчилик вакиллари, асосан ўзбеклардан Озодлик радиосига тез-тез шикоят келиб туради.

Сўнгги шикоятлардан бири Ваҳдат туманининг Абдулвосеҳ қишлоқ кенгашига қарашли Чинор қишлоғи аҳолисидан тушди.

Маълум бўлишича, 145 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 78 -ўрта таълим мактаби шу йил сентябр ойидан эътиборан мажбурий тарзда тожиклаштирилган.

- Бир умр ўзбекча бўлиб келган эди, ҳаммаси ўзбекзабон эди. Маорифдан (туман Таълим бўлими - таҳр.) маҳалла раисини сиқишганми, қандай бўлдики, бу бир-иккита имзо олгану, бирданига тожикча қилиб ташлаган. Биз норози эдик. Лекин мажлис қилган катталар “бу буйруқ, сизларнинг гапларинг ҳеч қаерда ўтмайди”, деди. Энди муаллимлар тожикча дарс ўта олмаяпти. Чунки ҳаммаси ўзбекча тугатган. Тожик тилида янги-янги калималар пайдо бўлган,талабалар бесавод бўлиб қолган аввалгига қараганди, дейди ўзини Абдувосеҳ деб таништирган чинорлик фуқаро.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, юздан ортиқ оила яшаб турган Чинор аҳолисининг қарийб 90 фоизини ўзбеклар ташкил қилади.

Озодлик мухбирининг мавзуни яқиндан ўрганиш мақсадида Чинор қишлоғига қилган сафарига Тожикистон Таълим вазирлигининг Халқаро алоқалар бўлим бошлиғи Абдусаттор Одинаев ва вазирликнинг матбуот бошлиғи Маҳмуджон Шоев ҳамроҳлик қилди. “Бу бевосита Таълим вазирининг топшириғи. Ўзбекистон билан муносабатларимиздаги бугунги вазият шуни тақозо қилади”, деди ўзаро суҳбатда сафардош расмийлар.

Тоғ этагида жойлашган қишлоқ мактабига кириб борганимизда соат 12 га яқинлашиб қолган эди.

Мактаб пешайвонида дарсга кириш учун шайланиб турган бошланғич синф ўқувчиларини суҳбатга тортдик.

- Исмим Насим Гулмуродов, тожикча ўқийман.

Озодлик: Ўзбекча ўқиганингда қандай эди?

- Ўзбекча ҳам яхши эди, ўзимнинг тилим ( она тилим, демоқчи, таҳр.,) эди.

“Қайси тилда ўқисанг яхши сенга?” деб сўрадик Толибжон исмли ўқувчидан.

- Тожики.

Озодлик: Нега?

- Мен бирор ишга кирмоқчиман.

Озодлик: Агар ўзбекча ўқисанг кира олмайсанми?

- Йўқ, деб жавоб берди Толибжон.

Бу қисқагина суҳбатда журналист микрофонига гапиришга қизиққан ўқувчиларнинг аксарияти дилидагини тилига чиқармаётгани яққол сезиларди. Зеро ўқувчилар билан савол-жавоб мактаб коллективи, туман Таълим бўлими вакили ҳамда маҳалла раиси ҳузурида ўтказилаётган эди. Озодлик мухбирига ҳамроҳлик қилган Таълим вазирлиги расмийлари эса¸ нафақат ўқувчилар¸ балки атрофдагиларнинг барини эҳтиëт бўлиб оғиз очишга мажбурлаганини ҳам сезиш қийин эмас эди.

Мактаб директори, қишлоқ мактабини тожиклаштириш ташаббускорларидан бири Фирдавс Мавлонов Ўзбекистон лотин алифбосига ўтганидан сўнг ўзбек мактабларида дарслик китоблари муаммо бўлиб қолганини, бошқа томондан ўзбек тилида дарс берувчи мутахасислар етишмаслиги туфайли қишлоқ аҳли билан келишган ҳолда ўз мактабида ўқитиш тожик тилида йўлга қўйилганини таъкидлайди.

- Ота-оналар, ўқувчилар ва мактаб коллективи розилиги билан мактабимизда ўқитиш тожик тилида йўлга қўйилди. Биз ўтмишда дарслик китоблари етишмаслигидан роса қийналдик. Бошқа томондан бу фарзандларимизнинг келажакда олий ўқув юртларига киришлари ва иш жойлар билан таъминланишига катта ёрдам беради, дея ишонч билан гапирди мактаб директори Мавлонов.

Озодликка шикоят билан мурожаат қилган ота-оналар Озодлик мухбирининг жума куни қилган махсус сафари чоғида учрашишни лозим топмадилар - уларнинг бари мактаб ва тил муаммоси ҳақида расмийлар олдида гапириш ўрнига жума намозига кетишни маъқул билдилар.

2009 йили Тожикистонда “Давлат тили тўғрисидаги” янги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда давлат барча идоралари, таълим муассасалари, корхоналар ва олийгоҳларда иш юритиш давлат тили, яъни тожик тилида олиб бориши шарт қилиб белгиланди. Аммо қонунда мамлакатдаги бошқа миллат ва элатларнинг тожик тилида таълим олиши шарт қилиб белгиланмаган. Тожикистон Конституциясида миллий озчилик вакилларининг ўз она тилида таълим олиши кафолатланган.

Шундай бўлса-да, мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, жойлардаги маҳаллий амалдорлар республикадаги ўзбек, туркман ва бошқа шу каби мактабларни тожиклаштиришга жон-жаҳдлари билан киришган. Кузатувчилар фикрича¸ “бу сиёсат ортидан келгуси беш-олти йил ичида тожик жамиятидаги миллий озчилик вакиллари, жумладан ўзбекларнинг маънавий ва интеллектуал жиҳатдан деградация бўлиш таҳдиди кучайган.”

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG