Линклар

Мустақил журналист Елена Бондар энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдорида жаримага тортилди.

Ҳукм: қарийб 7 миллион сўм жарима


Юнусобод туман жиноий ишлар бўйича судининг 6 апрелдаги ҳукмига кўра, журналист Елена Бондар 6 миллион 920 минг сўм (расмий курс билан тақрибан 3700 АҚШ доллари, “қора бозор” курси билан эса тахминан 2450 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида жаримага тортилди.

- Суд менга энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдорида жарима белгилади. Бу 6 миллион 920 минг сўм бўлади, дейди Бондар.

Журналист Елена Бондар устидан очилган жиноят иши Тошкентдаги IQ Land Servis консалтинг ширкатининг директори Павел Сафин ва ушбу ташкилотнинг менежери Олга Старкова томонидан киритилган даъво аризасига асосланган эди.

Бондарнинг айтишича, ушбу ширкат раҳбарларининг даъвоси бўйича, Ўзбекистон ҳукумати ҳам махсус экспертиза ўтказган.

- Ҳукумат экспертизаси ҳам бор. Улар интернетда Олга Старкова номидан пайдо бўлган мактублар, мақолаларни олиб ўрганишган ва ҳукумат экспертизаси хулосасига кўра, буларни мен- Елена Бондар ёзганимни аниқлаган эмиш, дейди Бондар.

Айблов: Миллий адоват қўзғаш


Дастлаб Елена Бондарга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 156-моддаси -"Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш" бўйича айблов эълон қилингани айтилган эди.

Бироқ Бондарнинг айтишича, Юнусобод туман суди ҳукмида унга нисбатан конституциявий тузумга тажовуз қилиш айблови ҳам қўйилган.

- Миллий адоват қўзғатиш ва конституциявий тузумни ағдариш каби жуда қўрқинчли айбловлар бор. Лекин Жиноят кодексидан моддаларни келтиришмади яъни бу айбловлар қайси моддага тегишли экани айтилмади. Биз иш билан танишмадик ҳам. Айблов хулосасида қандай айбловлар қўйилганидан ҳам бехабармиз. Суд ҳам кутилмаганда бошланди, дейди журналист.

Судга ҳуқуқ ҳимоячилари қўйилмади


Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, 6 апрел куни Бондарнинг судига журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари киритилмаган.

- Судга фақат АҚШ ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги эдчихоналари вакиллари киртилди, холос. Мен ва бошқа ҳуқуқ фаоллари, журналистларнинг бирортасини киритишмади. Жой йўқ деган баҳонани қилишди. Суд мутлақо қонунга зид равишда ўтказилди. Процессуал кодекснинг нормаларини бузиш ҳолатида ўтилди. Адвокатнинг айтишича, судга киритган барча илтимосномалари рад этилган. Гувоҳлар таклиф қилиниши керак эди. Елена Бондар бир кун аввал суддан хабар топган, дейди Суръат Икромов.

Журналистнинг адвокатлари судда Бондарнинг айбини исботловчи бирорта ҳам далил келтирилмаганини айтмоқда.

Бондарнинг айтишича, Юнусобод туман ҳукми юзасидан кассация тартибида шикоят аризасини киритишни режалаштирмоқда.

Ёзилмаган мақола учун жазо


Елена Бондарнинг айтишича¸ даъвогарлар аризаси журналистнинг ўтган йили Фарғона.ру сайтига Тюмень университетининг Тошкентдаги филиали таъқиб этилаётгани, Ўзбекистон ҳукумати таълим даргоҳини ёпиш ниятида экани ҳақида келиб тушган мактубни ўрганишга ҳаракати билан боғлиқ.

Журналистга кўра, ўз суриштируви натижасида Тошкентда Тюмен университетининг филиали йўқлиги, фақат университет билан воситачилик қилувчи IQ Land Servis ширкати борлигини аниқлаган ва хатда келтирилган маълумотларга далил-исбот топилмагач, бу ҳақдаги мақола эълон қилинмаган.

Эндиликда ўзинининг ёзмаган ва ҳеч қаерда эълон қилинмаган мақоласи учун айблашаётганини айтади журналист Бондар.

- Мен бу ҳақда ҳеч нарса эълон қилмаганман. Бирорта ҳам мақолам ҳеч қайси сайтда эълон қилинмаган. Улар мени Ўзбекистон халқини қоралаш руҳида тайёрланган мақола ёзишга ҳаракат қилганликда айблашаяпти. Уларнинг айтишича, мен улар билан суҳбатлашган пайтимда, сўзларим Ўзбекистонни қоралаш мазмунида бўлган эмиш. Шунингдек, улар мени миллатларо низо қўзғатувчи мурожаатларни тарқатишда айблаяптилар, дейди Бондар.

Озодлик мавзу юзасидан Тошкентдаги IQ Land Servis ширкати билан боғлана олмади.

Жорий йилнинг 30 январ куни “Тожик меҳнат муҳожирлари” сайтида IQ Land Servis директори Павел Сафин номидан "Фарғона.ру сайти раҳбариятига мурожаати" эълон қилинган эди.

Ушбу мурожаатда журналист Бондар гўёки "компания ходимларидан Ўзбекистонни қоралаб интервью беришни талаб қилиш"да, “бу билан этник низо қўзғашга ҳаракатда айблаган” эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG