Линклар

logo-print

Сўнгги икки ой мобайнида Хитойда олиб борилаётган “интернетдаги жиноятлар”га қарши кураш кампаниясида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари 1065 кишини қўлга олганлар.

Бу ҳақда хабар қилган Хитой расмий нашрлари “витуал тартиббузарлар”га нисбатан айнан қандай айбловлар қўйилаётгани ҳақидаги тафсилотларни очиқламаган.

Интернетни тартибга солиш бўйича кампания, Пекин таъбирига кўра, асосан форум ва ижтимоий тармоқларга Хитойдаги давлат тузумини ағдариш чақириқлари, сиёсий миш-мишлар ва бошқа “зарарли” ахборот чиқиб кетишининг олдини олишга қаратилган.

Синхуа агентлигининг хабар қилишича, ўтган икки ой мобайнида “миш-миш уйдириш ва тарқатиш”га дахлдор бўлган 16 та веб-сайт ёпилган, 208 мингта “зарарли” онлайн хабар ўчириб чиқилган.

Хитойдаги йирик интернет-порталлардан ҳисобланмиш www.sina.com ва www.qq.com ҳам расмий Пекин танқидига учраган сайтлар сарасига кирадилар. Бу веб-ресурслар ўз форумларидаги “тақиқланган маълумотлар”ни ўчириб чиқиш учун тўрт кунга фаолиятини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлгани айтилмоқда.

“Интернет орқали миш-миш тарқатиш халқимиз манфаатларига зиён етказувчи, давлат хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорликни емирувчи жиддий муаммога айланди”, дейилади 8 апрел куни Хитой Интернет ассоциацияси томонидан тарқатилган баёнотда.

Мазкур ташкилот Интернетда фаолият юритувчи барча ширкатларга “ўзни интизомга бўйсундириш”ни кучайтириб, миш-мишлар тарқатишнинг олдини олишга чақириғи билан чиқди.

Глобал тармоқда интизом жорий қилиш ва уни тартибга келтириш мақсадида Хитой расмийлари ҳозирда қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар. Улардан бири асосий микроблог хизматларида қайддан ўтишда фойдаланувчилардан ҳақиқий исм ва ҳужжат рақамларини тақдим этишни талаб этадиган тизим жорий этишни кўзда тутади.

Хитойда Twitter, Youtube ва Facebook ижтимоий тармоқларга анчадан буён тўсиқ қўйиб келинади. Ўтган қишда Интернетда танқидий мақола эълон қилган уч хитойлик диссидент 9-10 йилданга озодликдан маҳрум қилинган.

2011 йил охиридаги маълумотларга қараганда, Хитойда интернетдан фойдаланувчилар сони 513 миллион кишига етган, бу мамлакатга дохил веб-сайтлар сони сони эса 2,3 миллиондан ошган.

Хитойда Интернетнинг ошиғич суръатлар билан ёйилиши қабатида мамлакатда интернет-иқтисодиёт ҳам жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Электрон савдо бозорининг катталиги бўйича бу мамлакат ҳозир дунёда икки ўринни эгаллайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG