Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:17

Вобкентликларга жўжа боқиш тавсия қилинмоқда


Бухоро вилояти Вобкент туман ҳокимлигига кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарори доирасида тумандаги бюжет ташкилотлари ходимларига 10 тадан жўжа тарқатилмоқда.

Вобкент туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, шу кунгача тумандаги давлат ташкилотларида ишловчи ходимларга ойлик маоши ҳисобидан жами 19 минг донадан ортиқ жўжа сотилган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида тарқатилаётган ҳар бир дона жўжа учун 5 минг 500 сўм миқдорида нарх белгиланган.

Жўжалар маҳаллий, хашаки парранда эмас. Ҳокимликдан олинган расмий маълумотга кўра, бир неча кунликдан 2 ойликкача бўлган жўжалар Бухоро "Пахтасаноатпарранда" ташкилоти томонидан Сербиядан олиб келинган зотдор паррандалардир.

Вобкент тумани ҳокимининг иқтисод масалалари бўйича биринчи ўринбосари Маҳмуджон Ҳалимов бу маълумотларни тасдиқлар экан, бундай тадбир 2012 йил бошида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан илгари сурилган талаб асосида амалга оширилаётганини айтди.

Аммо, ҳокимлик расмийси Озодликка интервью беришни истамади.

Шу йилнинг 28 февралида Вазирлар Маҳкамасида бўлган йиғилишда аҳоли томорқасидаги чорва, парранда сонини ошириш, сабзавот ва мева етиштиришни кўпайтириш орқали аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш кўрсаткичларини кўтариш масаласи кўрилган эди.

Бундан ташқари, Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2012 йилнинг январ ойида ўтказган илк селектор йиғилишида республикадаги ҳокимликларга шу соҳада конкрет талаблар қўйган эди.

Вобкент туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, апрел ойининг бошида Бухоро вилоятига икки кунлик сафар билан борган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев талабларнинг бажарилиши билан алоҳида қизиққан ҳамда жўжа тарқатиш кампаниясини маъқуллаган.

Вобкент туманидаги маҳаллий давлат ташкилотларидан бирининг мутасаддисига кўра, бу тадбир аҳолига ҳам маъқул келмоқда.

- Ҳокимият биноси олдида келиб тарқатишди. Олмайман, деганларники бошқалар қўлига пулини бериб юриб олиб кетишди. Шароити борлар. Бу жўжалар яна 45 кун - 2 ойдан кейин тухумга киради, деяптида,- дейди зотдор парранда харидоргир бўлиб бораётганини урғулаган мутасадди Озодлик билан суҳбатда.

Туман расмийларига кўра, шу кунгача жами 19 минг дона жўжа тарқатилган бўлса, яна 40 мингдан ортиқ жўжага буюртма ҳам тушган.

Бундан ташқари, мутасаддилар жўжа тарқатиш кампанияси ҳақида ходимлар аввалдан огоҳлантирилгани ва улардан тушган буюртмалар асосидагина тарқатилаётганини таъқидлади.

Аммо Озодликнинг Вобкентдаги манбалари берган норасмий маълумотларга кўра, тумандаги шифохона ва мактабларда 10 тадан жўжа олган ходимларининг аксарияти бундан бехабар бўлган ва норозилар ҳам бор.

Тумандаги шифохоналардан бирининг ходими буни тасдиқлар экан, Озодлик билан суҳбатда, гарчи кутилмаган бўлсада, жўжани олишга қаршилик қилганлар уларнинг идорасида бўлмаганини айтди.

- Бизлар, масалан, қишлоқда яшаймиз, товуқ боқишга шароитимиз бор. Тарқатиш керак экан, майли, деб биз рози бўлдик, олдик,- дейди вобкентлик суҳбатдош.

Аммо, мутасаддилар бу кампаниянинг мажбурий экани ҳақидаги хабарларни мутлақо инкор қилмоқда.

- Бу эркин, мажбурий эмас. Ойлигидан ариза ёзиб оляпти. Йил бошидан ҳар бир хонадонда неча дона товуқ, чорва бўлиши ҳақида режа ишлаб чиқилган. Озиқ-овқат дастуриям бор. Шу нарсани таъминлаш мақсадида шунақа шароит яратилаяпти,- дейди Вобкент туманидаги давлат ташкилотларидан бирининг мутасаддиси.

Ҳозир Вобкентда аҳолига ўз ҳисобидан нафақат жўжа, балки зотдор қорамол тарқатишга ҳам ҳозирлик кўрилмоқда.

Туман ҳокимлигида ишлайдиган ва Озодликка интервю беришга рози бўлмаган мутасаддилардан бири ўзаро суҳбатда: "Шахсан мен кунига 40 литр сут берадиган, Украинадан келтирилган зотдор сигирни сотиб олдим. Жуда розиман", деди.

Ундан олинган маълумотга кўра, фермер хўжаликларининг давлат ҳисобидан берилиши керак бўлган ўтган ҳосил йилидан қолган 10 фоизлик ҳаққини шунақа чорва моллари кўринишида қайтариш кампаниясига ҳозирлик бормоқда.

Ҳисоб рақамида қоладиган ва нақд пул кўринишда олиш мушкул бўлган даромади ҳисобига четдан келтирилган зотдор қорамолларни олишга рози бўлган фермерлар ҳам, туман мутасаддиларига кўра, талайгина.

Вобкент туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, шу кунга қадар фермерлардан қорамол учун қарийб 700 миллион сўмлик буюртма тушган.

Аҳоли томорқаси ва шахсий фермер хўжаликларидаги чорвани ошириш ҳисобига аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш дастури устида эса Бухоро вилоятидаги деярли барча туманлар ҳокимликлари ишлаётгани айтилмоқда.

Бунинг учун "Бухоропахтасаноат" ташкилоти қошида махсус "Пахтасаноатчорва" ва "Пахтасаноатпарранда" масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилган.

Бу ташкилотлар томонидан аҳолига ўз ҳисобидан тарқатилаётган чорва ва парранданинг имтиёзли нархда экани ҳам таъкидланмоқда.

Хусусан, маҳаллий бозорларда 2 ойлик хашаки жўжанинг нархи 5-6 минг сўмдир. Ҳокимлик кўрсатмаси билан тарқатилаётган зотдор жўжанинг нархи эса 5 минг 500 сўм.
XS
SM
MD
LG