Линклар

logo-print

Жўраевнинг Душанбедан дараги чиқди

  • Гулнора Равшан

Низомхон Жўраев эътирофи 7 апрел куни "Жаҳоннома" давлат телевидениеси орқали намойиш қилинди.

Низомхон Жўраев эътирофи 7 апрел куни "Жаҳоннома" давлат телевидениеси орқали намойиш қилинди.

Москва шаҳридаги вақтинча сақлаш изоляторидан йўқолиб қолган тожикистонлик собиқ мулозим Низомхон Жўраев Душанбеда пайдо бўлди.

Исфара туманидаги кимё корхонаси собиқ раиси Жўраев 29 март куни Москва шаҳридаги вақтинча сақлаш изоляторидан ғойиб бўлиб қолган эди.

Ўшанда унинг адвокати Анна Ставицкая ҳимоясидаги Жўраев ўғирланганини тахмин қилиб, яқин кунларда Душанбеда пайдо бўлишига ишонишини айтганди.

Сўнгги ўн кун давомида халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлиб турган Низомхон Жўраев ниҳоят шанба куни “Жаҳоннома” давлат телевидениеси экранида пайдо бўлди ва “Тожикистон ҳудудига кирганимдан кейин елкамдан тоғ ағдарилгандек енгилладим”, деди.

- Ким бўлишингдан, нима бўлишингдан қатъий назар, ватанингда бўл. Шу ватанда ... бу бир ноёб миллий нарса.... шу ерда бўлишни хоҳлайман. Биламан, гуноҳсиз эмасман. Мен “бегуноҳман, покман”, демайман, - деди Низомхон Жўраев олдиндан тайёрлангани матнни қийналиб ўқиб берар экан.

У қаровсиз қолган кекса онаси ва яқинлари тақдиридан хавотирда эканини ҳам қўшимча қилди.

Жўраевнинг Душанбега қайтганини ва бу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига таслим бўлганини Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси масъуллари ҳам тасдиқлади.

- Бу бир ҳайратлантирувчи ҳодисаю, лекин Жўраевнинг қайтгани ҳақиқатдир. У телевизор орқали нима деган бўлса, шубҳасиз, юз фоиз унинг иқроридир. Бу “явка с повинной”, яъни ўз гуноҳига иқрор бўлиб, ариза беришдир, - деди Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нозиржон Бўриев.

Сўғд вилоят кенгашининг собиқ депутати, Исфара туман кимё заводи ва спиртли ичимликлар корхонаси собиқ директори Жўраев мамлакат Бош прокурори ўринбосари Толиб Бобоевни ўлдирганлик ва катта миқдордаги давлат мулкини талон-тарож қилганлик ҳамда жиноий гуруҳ тузганлик каби қатор оғир жиноятларда айбламоқда.

Тожикистон Бош прокурори ўринбосари Толиб Бобоев 1999 йилда истеъфога чиққанидан сўнг Сўғд вилоятининг Чкалов шаҳридаги уйи яқинида отиб кетилган эди.

Низомхон Жўраев 2007 йили жиноят иши очилгандан сўнг мамлакат ташқарисига қочиб, Бирлашган Араб Амирликларидан бошпана топган эди.

Кейинчалик у Москвада ҳибсга олиниб, Россия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраганди.

Жорий йилнинг 27 февралида Низомхон Жўраев иккинчи марта Москва шаҳрида ҳибсга олинди ва бу гал унга Тожикистон фуқароси Мирбодулло Каримовга суиқасд қилганлик айби қўйилди.

Бу айбловлар ҳам ўз исботини топмагани ва 29 март куни у озод этилиши эълон қилинган эди. Аммо, адвокатининг айтишича, Жўраев ўша куни “ногаҳон ғойиб бўлган”.

Жўраевнинг адвокати Ставицкая хоним ўз ҳимоясидаги шахс ўз ихтиёри билан Тожикистонга қайтганига мутлақо ишонмаслигини айтади.

- Жўраев Россиядан Тожикистонга экстрадиция қилинмаслиги учун роса бир ярим йил уринди. Бу эса унинг ҳеч қачон ихтиёрий равишда Тожикистонга қайтмаслигининг исботидир. Бошқа томондан бир неча мамлакат чегарасидан паспортсиз ўтиш умуман имконсиз. Шу томонларини назарга олган ҳолда, мен ҳимоямдаги шахснинг ўз ихтиёри билан Тожикистонга қайтганига ишонмайман. Замонавий дунёда бундай усулларнинг қўлланилаётганидан жуда афсусдаман, - деди Ставицкая хоним.

Сўнгги беш йил давомида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирувида бўлган Низомхон Жўраев шанба кунги баёнотида Москвадаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг биридан 15 минг рубл қарз олиб, Қозоғистон, Қирғизистон ҳудудлари орқали Тожикистонга кирганини билдирганди.

Жўраевнинг Исфара шаҳрида яшаб турган яқинлари эса бундан хабарсизлиги маълум бўлди.

- Биз оилада икки қизмиз. Акамизнинг тақдири бизни жуда хавотирга солаяпти. У Қирғизистоннинг Ўши орқали Душанбега борган бўлса, нега бир қадам Исфарага кириб ўтмади, кекса онамизнинг ҳолидан хабар олмади? - дейди Жўраевнинг сингилларидан бири.

Аввалроқ Amnesty International халқаро ташкилоти ҳам Низомхон Жўраевнинг Тожикистонда қийноқларга тутилиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдириб, Россия ҳукуматини уни ватанига экстрадиция қилишдан тийилишга даъват этганди.

Тожикистон Бош прокуратурасига яқин манбанинг Озодликка маълум қилишича, Жўраев шу йилнинг март ойи охирларида Москвадан Душанбега экстрадиция қилинган ва у ҳозирда миллий хавфсизлик хизматининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қолмоқда.

Шу кунларда тақдири аксарият учун номаълум қолаётган Жўраевнинг яқинлари Душанбега келгани ва унинг ҳимояси учун адвокат ёллашга ҳаракатлар қилаётгани ҳам маълум бўлди.

Бордию Низомхон Жўраевнинг экстрадицияси билан боғлиқ далиллар исботланса, бу Москвада йўқолиб қолаётган маҳбусларнинг ғайриоддий тарзда Душанбедан топилиб қолаётгани билан боғлиқ иккинчи ҳодиса сифатида қайдга олинади.

2005 йили мухолифатдаги Демократик партия лидери Маҳмадрўзи Искандаров ҳам худди шундай тарзда Душанбега олиб келинган эди.
XS
SM
MD
LG