Линклар

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 11 фуқароси Ички ишлар Бош бошқармасига қарашли Хориж фуқароларини сақлаш марказидан икки соқчига жароҳат етказиб қочди.

8 апрел куни Санкт-Петербургдаги Хориж фуқароларини сақлаш марказидан темир эшик қулфларини бузиб ва полиция ходимларига қаршилик кўрсатиб, 11 нафар меҳнат муҳожири қочди.

Бу хабарни Озодлик Радиосига тасдиқлаган Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Ички Ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченкога кўра, ҳибсхонадан қочган “Ўзбекистоннинг етти ва Тожикистоннинг тўрт фуқароси полиция томонидан қидирувга берилган”.

- Марказни ўзбошимчалик билан тарк этгани учун уларга нисбатан жиноий жавобгарлик қонунчилигимизда белгиланмаган, лекин улар полиция ходимларига тан жароҳати етказгани учун қидирилмоқда. Улар 8 апрел куни Кингиссеп шоссеси 53-уйда жойлашган Марказ биносининг 5 қаватидаги хоналардан бирининг магнит замогига ёпилган эшикни тепиб очишган ва коридорда учраган қўриқчи полиция сержантини уриб йиқитган, дейди Вячеслав Степченко.

Шундан кейин мигрантлар биринчи қават майдончасига югуриб тушган ва у ерда уларни тўхтатиб қолмоқчи бўлган навбатчи майорнинг бошига ва бўйнига кроватнинг темир калтаги билан уриб, унга жароҳат етказган ва бинони тарк этган.

Ички ишлар бошқармаси расмийсининг сўзларига кўра, ўзбекистонлик ва тожикистонлик қочоқлар айнан полиция ходимларига қилган хужуми учун қидирилмоқда.

Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Тергов қўмитаси ходими Озодлик билан суҳбатда 11 нафар муҳожирга нисбатан жиноий иш очилганини маълум қилди.

- Россия Федерация Жиноят Кодексининг 318-моддаси 1-қисми юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига икки нафар полиция ходимига қилган зўравонлиги учун жиноий иш очилди. Марказдан қочганлардан ҳозирча биттаси ҳибсга олинди, деди ўз исмини айтмаган Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Тергов қўмитаси ходимаси.

Полиция қолган 10 мигрантни қидиришни давом этмоқда.

Красное қишлоғи ёнида жойлашган Хорижликларни вақтинчалик сақлаш марказидан қочганлар Россия миграция қонунчилигини бузгани сабабли изоляторга тушган ва яқин орада ўз юртларига депортация қилиниши керак бўлган.

Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Ички Ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Хориж фуқароларини сақлаш маркази бошлиғи Виталий Улаев мазкур ҳодиса ортидан ўз лавозимидан озод этилган.

“Гап шундаки, мигрантларнинг марказдан қочиши ҳолатлари сўнгги пайтларда биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ”, дея давом этади Ички ишлар бошқармаси Ахборот маркази раҳбари Вячеслав Степченко.

- Раҳбариятимиз Улаевни эгаллаб турган лавозимидан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Лекин у Ички ишлар таркибида ишлашни давом эттиради. Жароҳат олган полициячилар аллақачон хизмат сафига қайтишди, дея маълум қилди Вячеслав Степченко.

Шу йилнинг 21 февралида Россия ҳудудида миграция қонунчилигини бузгани сабабли изоляторга тушган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг 8 фуқароси Санкт-Петербург шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига қарашли Хориж фуқароларини сақлаш марказидан қочганлиги ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Ўтган галги қочоқлар бировга жароҳат келтирмагани сабабли қидирувга ҳам берилмаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG