Линклар

logo-print

Ҳодисада автомобилларга метан газ қуйиш шохобчасининг 28 ёшли ходими Зафар Авазов нобуд бўлди.

8 апрель куни соат 17:40 да Тошкент – Термиз магистрал йўлининг Шаҳрисабз тумани Янгиқишлоқ аҳоли пункти ҳудудидан ўтувчи қисмида жойлашган автомобилларга метан газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди.

Озодликнинг ўз манбаларидан олган хабарига кўра, Lacetti русумли автомобил багажига ўрнатилган газ баллони портлаши натижасида шохобча оператори, 1984 йилда туғилган Зафар Авазов вафот этган.

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги бу маълумотларни тасдиқлар экан, бу борада ортиқча тафсилотлар берилмаслигини билдирди.

Аммо, мутасаддилардан олинган маълумотга кўра, фалокатга техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлган ва айни пайтда туман ва вилоят Ички ишлар органлари ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.

Газ портлаши ортидан шохобчада кучли ёнғин содир бўлган ва уни бартараф этиш учун Шаҳрисабз, қўшни Яккабоғ ҳамда Чироқчи тумани ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари жалб қилинган.

Нобуд бўлган Зафар Авазовнинг қариндоши эканини айтган шаҳрисабзлик Ҳасан Чориев марҳумнинг 9 апрел куни дафн этилганини айтди.

- Боланинг калласи узилган. Машинанинг орқа томони умуман йўқ бўлиб кетган. Катта портлаш бўлган. Бу бола менинг жияним эди, ўша ерда ишларди. Битта қизи қолди ортидан, начора тақдир экан,- дейди Ҳасан Чориев.

Ҳасан Чориевнинг сўзларига кўра, ёнғинни ўчириш учун 3 соат вақт кетган.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 94-сонли қарорига мувофиқ, мамлакатдаги барча ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида кенг кўламли тафтиш олиб борилмоқда.

Қарор апрел ойи бошида қабул қилинган эди ва тафтишни амалга оширишдан мақсад ёқилғи қуйиш нуқталарида техника хавфсизлиги чораларини кучайтириш экани айтилган эди.

Қарорга кўра, текшириш пайтида мавжуд ва янги қурилаётган АЁҚШлар, газ қуйиш станциялари, автоуловларга газ қуйиш компрессор станциялари ва Газ қуйиш станциялари ер участкасининг ҳуқуқий ҳолати, лойиҳа-cмета ҳужжатлари, лицензия, малакали ходимлар, ёнғинга қарши воситалар ва инвентарларнинг етарли экани кўздан кечирилиши керак.

Тафтишчилар сафида эса ҳудудлардаги прокуратура, ИИБ, Молия бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли идоралардан масъул шахслар бор.

Ҳозир ана шу текширувлар Тошкент шаҳри ва қатор вилоятларда бораётгани хабар қилинмоқда.

Ҳукуматнинг бу мазмундаги тезкор қарорига сабаб эса шу йилнинг 1 апрел куни Тошкентдаги "MQ-Servis" ёқилғи қуйиш шаҳобчасида рўй берган йирик портлаш сабаб бўлгани айтилди.

Бу шаҳобчадаги портлаш тафсилотларини ўрганган ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов, одатан, бундай фалокатларга хавфсизлик чораси етарли даражада кўрилмагани сабаб эканини айтмоқда.

- Ёқилғининг муқобил тури сифатида газга ўтилаяпти. Жанубий Корея ва бошқа давлатлардан компрессор станциялар олиб келиб, ўрнатиляпти. Лекин булардан фойдаланишга ўзбекларнинг ўзи тайёр эмас. Ўтган йили Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани ва Сирдарё вилоятларидаги газ қуйиш шаҳобчаларида шунақа катта портлашлар бўлган эди, - дея хотирлайди журналист.

Унинг сўзлари мазмунидан Вазирлар Макаҳамасининг бу каби фожеалар олдини олишга қаратилган текширувлари анча аввал ўтказилиши лозим эди ва агар Тошкентдаги "MQ-Servis" ёқилғи қуйиш шаҳобчасида 1 апрел кунги портлаш бўлмаса, эҳтимол, бундай йирик амалий ҳаракат бошланмаган ҳам бўларди.

- "MQ-Servis" ёқилғи қуйиш шаҳобчасидаги портлаш осойишта Ўзбекистонда ўзига хос ижтимоий ҳодисадек акс-садо берди, биринчидан. Иккинчидан, бу ҳодиса матбуотда ажиотажга айланиб кетди. Фотосуратлари интернет нашрларида қайта ва қайта босилди. Шу боис, Вазирлар Маҳкамаси тезкор равишда қарор қабул қилди, - дейди мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

"MQ-Servis" ёқилғи қуйиш шаҳобчаси Тошкентнинг кичик ҳалқа йўлида жойлашган ва ундаги портлаш шу йилнинг 1 апрелида содир бўлган эди.

Қурбонлар бўлмаган мазкур портлаш ҳодисаси маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида бош мавзуга айланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG