Линклар

Фарғонада "заказ" эгизаклар туғилди


Ўтган ой Тожикистонда туғилган уч эгизак.

Ўтган ой Тожикистонда туғилган уч эгизак.

Ўтган ҳафта Фарғонада уч эгиз туғилди. Эгизларнинг ҳам, 30 ёшли онанинг ҳам аҳволи яхши экани айтилмоқда. Улар аллқачон Бағдод туманидаги уйларига жўнатиб юборилди. Ўзи одатда кам учрайдиган уч эгиз туғилиши ҳолатига Фарғона вилоят туғруқхонаси шифокорлари кейинги пайтларда тез-тез дуч келмоқда.

Душанба куни эрталаб, фарғоналик мухлисларимиздан бири, вилоят туғруқхонасида тўрт эгизак туғилгани ҳақида хабар қилди. Лекин маълум бўлишича, эгизлар сони тўрт эмас уч нафардир.

Уларни кутиб олган туғруқхона бош врачи ўринбосари Мадҳия Эркинова Озодлик билан суҳбатда янги меҳмонларнинг аҳволи яхши дея гапириб берди.

Овоз, дейди шифокор.

Унинг айтишича, асли Фарғонанинг Бағдодидан бўлган 30 ёшли она оиласи учун уч ўғил жудаям кутилган меҳмон бўлган.

- 30 ёшли бу аёл ўзи уй бекаси. Унинг учун бу учинчи туғруқ бўлди. Ўзи икки қизи бор эди, ҳозир бирданига беш бола онаси бўлиб турибди. Жудаям хурсанд, икки қизга яна уч ўғил ҳудди заказ қилингандек бўлди. Эри ҳам маҳаллий фермер хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишлайди. Бугун уйига жавоб бериб юбордик, дейди гинеколог.

Озодлик мухбири ёш онанинг ўзи билан ҳам боғланишга ҳаракат қилди, лекин айрим сабабларга кўра бағдодлик уч эгизак онаси суҳбатга рози бўлмади. Розилик бермагани учун у киши ва чақалоқларнинг исмларини ҳам келтира олмаймиз.

Мадҳия опанинг айтишича, уч эгизак туғилиши жуда кам учрайдиган ҳолатдир, лекин Фарғона вилоят туғруқхнасида кейинги бир йил ичида уч эгиз учинчи марта туғилмоқда.

- Йил бошидан бери бу иккинчи ҳолатдир. Ўтган йили ҳам учта эгизак туғилган эди. Бундан саккиз йилми, ўн йилми аввал бизда ҳатто тўртта эгизак туғилган эди. Албатта, ўзи бу жуда камдан-кам учрайдиган ҳолатдир. Бу тухум хужайрасининг уруғланган пайтда бўлиниши сабаб содир бўладиган ҳолатдир. Ҳомила ҳали эмбрион босқичида хужайра иккига иккига бўлинса иккита ҳомила пайдо бўлади. Лекин хужайранинг учга бўлиниши ўта кам учрайди ва бу ҳолатда учта эгизак туғилади, дейди Фарғона вилоят туғруқхонаси бош врачи ўринбосари Мадҳия Эркинова.

Бирданига бир неча эгизакнинг туғилиши сўнгги пайтларда минтақа мамлакатларида тез-тез учрамоқда. Январ ойида Афғонистоннинг Балх вилоятида Саҳар Гул исмли 24 ёшар аёл оз эмас-кўп эмас олти чақалоқни дунёга келтирди.

Ўтган ойда Тожикистон жанубида яна бир 24 ёшли аёл Алифмоҳ Оймаҳмадова уч эгизлик бўлди.

Қирғизистонда чиқадиган АКИпресс агентлигининг хабар қилишича эса, ўтган ҳафта Жалолообод вилояти Оқсой туманида 26 ёшли Нурзода Қожобекова ҳам бирданига икки ўғил ва бир қиз туққан. Қизиғи бундан аввал Нурзода икки марта иккитадан эгизакни дунёга келтирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG