Линклар

Россия Марказий банкига кўра, бу мамлакатдаги ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари 2011 йилда ўз ватанларига 4,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ жўнатганлар.

Бу аввалги йилдагига қараганда 50 фоизга кўпроқдир. 2010 йил мобайнида Россиядан Ўзбекистонга юборилган пуллар 2 миллард доллардан кўпроқни ташкил этган.

Уйларига жўнатилган пул миқдори бўйича Россияда ишловчи ўзбекистонликлар ҳали ҳам биринчиликни ушлаб турибди.

Ўзбекистонга жўнатилаётган пуллар ҳажмининг ортиши Россияда ўзбекистонлик меҳнат мухожирларининг кўпайгани билан изоҳланади.

Ҳозирда Россия Федерациясида 3 ярим миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат мухожири борлиги айтилади. Баъзи норасмий манбалар эса бу рақам икки баравар кўпроқ деб тахмин қилади.

Ҳозирда Россияда мухожирлар сони бўйича ҳам, пул жўнатиш бўйича ҳам ўзбекистонликлар биринчи ўринда.

Пул жўнатиш бўйича тожикистонликлар иккинчи ўринда турибди. Украиналиклар эса учинчи.

Ўтган йили тожикистонликлар ватанларига 3 миллиард доллар, украиналик мухожирлар эса 2,8 миллиард доллар пул жўнатганлар.

Ўзбекистонга "Eastern Union" орқали ҳам пул кетяпти

Россия Марказий банки Western Union, MoneyGram, UNIStream, Contact, InterExpress, Migom ва "Почта России" сингари йигирмага яқин муассасалардан олинган ҳисоб-китобларга таянган холда Ўзбекистонга ўтган йили 4,3 миллиард АҚШ доллари жўнатилгани ҳақида маълум қилган.

Ўзбекистонликларнинг бошқа ширкат хизматларидан фойдаланиши, ёки бўлмаса мардикорлар орасида "Eastern Union" деб аталувчи восита - таниш-билишлар орқали уйларига пул маблағлари юборишлари ҳам инобатга олинса, Ўзбекистонга жўнатилаётган маблағлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Ўзбекистон расмийлари четдаги меҳнат муҳожирлари жўнатаётган маблағлар миқдорини очиқламайди. Ўзбекистонда меҳнат мухожирлари жўнатаётган маблағларнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни борасидаги статистик маълумотлар ҳам жамоатчиликка ошкор этилмайди.

Иқтисодни қутқарувчи омил

Айни пайтда, Қозоғистонда ҳам кўп сонли ўзбекистонликлар узоқ муддатли ёки мавсумий ишлар билан машғуллиги, шунингдек, Жанубий Корея, Европа мамлакатлари ва АҚШдаги легал ва нолегал меҳнат муҳожирлари ҳам ватанларига пул жўнатиши инобатга олинса, муҳожирлар Ўзбекистонга юбораётган маблағ миқдори ҳақида тасаввур хосил қилиш мумкин.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, айнан меҳнат муҳожирлари оилаларига юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодини дефолтдан қутқармоқда ва жамиятдаги тарангликни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, меҳнат муҳожирлари четдан юбораётган маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG