Линклар

Грузиядаги Сталин музейи қатағон қурбонлари музейига айлантирилди

  • Абдулла Искандар

75 йил мобайнида мустабид Сталинни улуғлаб келган Гори шаҳридаги Сталин музейи қатағон қурбонлари музейига айлантирилди.

Грузия ҳукумати қарори билан Гори шаҳридаги Сталин уй музейи Сталин репрессиялари музейига айлантирилди.

9 апрел куни Гори шаҳар кенгаши бу ҳақдаги сўнгги ҳужжатни имзолади.

Бу ҳақда Горидаги Озодлик мухбири Гога Апцуаури маълум қилди.

- Музей ўз моҳиятини тубдан ўзгартирди. Бу музей фаолияти олдин Иосиф Сталин шахсини улуғлашга қаратилган эди. Ҳозир эса Сталин қатағон қилганлар хотирасига аталган экспозициялар иш бошлади. Бир йилдан кейин бу музей тўла тарзда қатағон кўламига оид ҳужжат, расм ва ашëлар намойиш қилинган том маънодаги аксилсталинизм кўргазмасига айланади.

Гога Апцуаурига кўра, Сталин музейини аксилсталинизм музейига айлантириш қарори фақат расмий Тбилиси сиëсий иродаси бўлмаган:

- Бу қарор Грузия Маданият вазирлиги ва шаҳар кенгашининг биргаликдаги қарори бўлди. Бундан олдин 2010 йилда музей олдидаги Сталин ҳайкали олиб ташланган эди. Бир иккита кекса кишилар норози бўлди. Ëшлар эса Сталинни улуғлашмайди. Сталин юз минглаб кишиларни ноҳақ ўлдиргани Грузия мактабларида ўқитилади. Шу маънода Сталин туғилган Гори аҳолиси бу қарорга қаттиқ қаршилик қилгани йўқ, дейди Гога Апцуаури.

1958 йилда Сталин шахсига сиғиниш қораланиб бутун Совет Иттифоқидаги Сталин музейлари ëпилган, Сталин ҳайкаллари бузиб ташланган эди.

Ўша даврда Гори аҳолиси Сталин ҳайкали ва музейини бузилишдан сақлаб қолгани айтилади. Гори аҳолиси музей атрофини куну-тун ўраб туришган ва совет мулозимларини музей ëнига йўлатишмаганига оид ҳужжатлар бор.

Тарихчиларга кўра, ўша йили Тбилисидаги шаҳар аҳолиси Сталин ҳайкалини бузилишдан асраш учун митингга чиққан эди.

Гога Апцуаурининг айтишича, 1958 йили Сталиннинг Тбилисидаги ҳайкали ҳимоясига чиққанларга қарши ўқ отилган ва оқибатда 20 киши ҳалок бўлган.

Айни кунларда музей моҳиятининг ўзгариши ва Сталин ҳайкалининг майдондан олиб ташланишига аксарият гориликлар норозилик билдирмади.

Бу ҳақда гапирган журналист Гога Апцуаурига кўра, грузин ëшлари зеҳниятида Сталин рус мустабид золими ўлароқ шаклланган.

Сталин уй музейи ҳақида

1937 йилда очилган бу музей Совет Иттифоқини 1922 йилдан 1953 йилгача бошқарган Иосиф Сталинга бағишланган.

Музей олдидаги кичкина уйчада этикчининг ўғли бўлган Иосиф Сталин яшаган. Бу уй рўпарасида тикланган катта музейда Сталин ҳаëтига оид 47 минг экспонат бор.

Кўргазмада Сталин сафар қилган ҳос вагон, у ўтирган курси ва у кийган кийимлар бор.

Музей олдида оқ мармардан ясалган Сталин ҳайкали 2010 йилгача турган.

Сталин туғилиб ўсган уйни музейга айлантириш ғояси Совет Иттифоқи хавфсизлик хизмати бошлиғи Лаврентий Берияга оид бўлган.

Сталин туғилган уй ўзбек шоири Ғафур Ғуломнинг мадҳия достонига мавзу бўлган.

Сталин ўзбек зиëлиларининг жаллоди

Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Файзулла Ҳўжаев каби минглаб ўзбек мунавварлари Сталин буйруғи билан қатли ом қилинган эди.

Сталин қатағони боис Магадандаги қамоқхона тутқунига айланган ўзбек шоири Усмон Носир қамоқда ўлимидан олдин Сталинга бағишлаб поэма ëзган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ҳам Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ва Сурҳондарëнинг Шўрчи туманидаги ҳовлиларда Сталин ҳайкаллари ўрнатилгани ҳақида хабарлар бор.

Ўзбекистонда 1999 йилда қатағон қурбонлари музейи очилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG