Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:13

Тожикистонда маърузасевар таксичилар овланмоқда


Тожикистонда мижозларига амри маъруф дискларини эшиттираётган таксичилар жаримага тортилаяпти.
Тожикистонда мижозларига амри маъруф дискларини эшиттираётган таксичилар жаримага тортилаяпти.

Бу ғайриоддий тадбир, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъулларининг таъкидича, кўп сонли йўловчилардан тушган шикоят асосида бошлаб юборилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг янги ташкил этилган “ишонч телефони”га қўнғироқ қилган аҳолининг кўпчилиги шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган маршрутка ва такси ҳайдовчилари мижозлари ҳақ- ҳуқуқларини поймол қилаётганидан шикоят қилгани билдирилди.

Ана шу шикоятлар асосида вазирлик янги ҳафта бошидан республиканинг қатор туман ва вилоятларида махсус рейд бошлаб юборгани маълум бўлди. Аммо бу тадбир ҳозирча Душанбе шаҳрида кузатилмаётир.

- Ҳайдовчилар ёқимсиз мусиқалар, ҳаммага ҳам тушунарли бўлмаган амри маъруфларни баланд овозда қўяётгани ҳақида шикоятлар келди. Умумий тартибга кўра, йўловчи ташувчи транспорт ҳайдовчиси умуман бундай қилмаслиги керак. У энг аввало мижозининг хавфсизлигини эътиборга олиши лозим. Лекин сўнгги пайтларда мижозларга “амри маъруф қилаётган” таксичилар сони кўпайиб кетди. Биз бугунги рейдимиз доирасида ана шуларни тартибга солмоқчимиз, - дейди Ички ишлар вазирлигининг Хатлон вилояти бўйича масъул ходими Давлатов.

Расмийнинг айтишича, йўловчилар тинчини бузаётган ҳайдовчилар устидан текширув ўн кун давом этади. “Қора рўйхат”га тушган ҳайдовчига катта миқдорда жарима солинади.

Тожикистон Давлат телевидениеларининг бирида ишлайдиган душанбелик Саҳро Аминованинг айтишича, такси ҳайдовчилари асосан аёл мижозларга амри маъруф ёзилган дискларни эшиттиради.

- Мен кўпинча ишхонамга кетаётиб, шунақа таксиларга тушиб қолаяпман. Кўпинча ёш ҳайдовчилар амри маъруф эшиттириб, орқасидан ўзи ҳам аёллар Ислом фарзларини бажо этиши зарурлигини уқтириб кетади. Бу менинг ғашимга тегади. Ҳайдовчиларга магнитофонини ўчириб қўйишни, чунки асабимга тегаётганини айтган вақтларим кўп бўлган. Ахир бу нима деган гап?. Барибир буни кўпчилик тушунмайди-ку, - дейди Саҳро.

Жамиятшунослар мулоҳазасича, сўнгги йилларда Тожикистонда таниқли дин уламоларининг амри маъруфларини аҳоли орасида тарғиб қилиш ва шу йўл билан жамиятда исломийлашув жараёнининг жадаллашишига таъсир ўтказишга уринишлар сезиларли даражада кучайган.

- Ҳар нарсанинг вақти, ўз ўрни бор. Йўловчиларга мажбуран амри маъруф эшиттириш билан бирор мақсадга эришиб бўлмайди. Аксинча, одамларни Исломдан ва исломий қадриятлардан бездириб қўйиши мумкин. Лекин сўнгги йилларда дин уламоларини реклама қилиш ёки одамларни шу йўл билан Исломга даъват қилиш ҳолатлари сезиларли даражада кучайди, - дея мулоҳаза билдиради жамиятшунос Илёс Акбаров.

Душанбе шаҳар кўчаларида ҳайдовчилик қилаётган Шомаҳмад исмли йигит бу фикрларга қўшилмайди.

- Масалан, менга бу одат бўлиб қолган. Машинамга ўтирдимми - аввал магнитофонни қўйиб, амри маъруф эшитаман, руҳим тетиклашади. Менинг биров билан ишим йўқ, ўзим учун эшитаман. Агар мижозларга ёқмаса, ўчириб қўяман. Олти йилдан бери ҳали бирор марта бу борада шикоят эшитганим йўқ. Аксинча, баъзилар машинага ўтирса, “амри маъруф дискингиз борми, ўшани қўйинг русча мусиқа ўрнига”, дейди. ГАИ ходимларининг бизни овлашдан бошқа иши йўқмикин? - дейди шикоят оҳангида 34 ёшли суҳбатдошимиз Шомаҳмад.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бошланган ғайриоддий рейддан мақсад кўпроқ мижозларини хафа қилаётган ҳайдовчиларни тартибга чақиришдан кўра исломий ҳаракатларга қарши чора кўриш бўлиши мумкин.

Тожикистон расмийлари сўнгги беш йил мобайнида жамиятда диний экстремизм кайфияти кучайиб бораяётганидан бетўхтов бонг уриб келади. Ана шу хавотирлар ортидан кейинги йилларда бу мамлакатдаги ўнлаб масжидлар эшигига қулф солинди, ўсмирларнинг масжидда намоз ўқишлари таъқиқланди.
XS
SM
MD
LG