Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:43

Ҳизб ут-Таҳрир: Британия Қаддафий, Муборак режимларини қўллагани каби бугун Каримовга қўл узатмоқда


Хизбут Таҳрир ташкилотининг Лондондаги вакили Тожи Мустафо.
Хизбут Таҳрир ташкилотининг Лондондаги вакили Тожи Мустафо.

Маркази Лондонда жойлашган Ҳизб ут-Таҳрир Исломий гуруҳи Британия ҳукуматини Ўзбекистондаги каби золим ва мустабид режимлар билан ҳамкорлик қилаётганликда айблади.

Ташкилот сўнгги олти ҳафта ичида Лондон расмийлари қонли қатағонлар устида турган Баҳрайн Қироли Ҳамад бин Исо ал-Халифани Лондонда қуюқ меҳмон қилгани ва Британия Мудофаа вазири Филипп Ҳэммонднинг диний таъқибларга масъул бўлган ўзбек диктатори Ислом Каримовни зиёрат қилгани учун танқид қилмоқда.

Вазир Ҳэммонд Афғонистондаги НАТО қўшинларига юкларни транзит қилиш йўлларини кафолатлаш мақсадида феврал ойида Тошкентга ташриф буюрган эди.

Ислом оламида тинч йўл билан халифалик ўрнатиш мақсадини даъво қиладиган Ҳизб ут-Таҳрир гуруҳи Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонда террорчи ташкилот сифатида фаолияти тақиқлаб қўйилган.

Озодлик мухбири Хизб ут-Таҳрир ташкилотининг Лондондаги вакили Тожи Мустафо билан суҳбатлашди.

Озодлик: Сизнингча Британия Мудофаа вазирининг Ўзбекистонга ташриф қилишининг нимаси ёмон?

Тожи Мустафо: Буни биз ўз мухолифларини қайноқ сувга солиб ўлдирган, золим ўзбек диктаторини оқлаш уриниши, деб биламиз. Британия ҳукумати бир қўли билан араб дунёсида мустабид режимлардан қутилган халқларни, озодлик ва демократияни, мустабидларга қарши бош кўтарган исёнкорларни қўллаб, бошқа қўлини ҳарбий ва иқтисодий манфаатидан келиб чиқиб, Каримов каби диктаторларга узатмоқда. Бу Британия ҳукуматининг фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб, иккиюзламачи сиёсат юритаётганининг яққол кўринишидир.

Озодлик: Бу каби ташрифлар, мулоқотлар Британия расмийларига Ўзбекистон раҳбарияти билан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини мухокама этиш учун қулай фурсат эмасми, сизнингча?

Тожи Мустафо: Улар бу ҳақда ўн йиллардан бери, хусусан Андижон қатлиомидан буён айтиб келишади. Гапни очиғи, бу чўпчак. Бизнингча, Британияни инсон ҳуқуқлари масаласи қизиқтирмайди, Британия ҳукумати ҳарбий ҳамкорлик, жумладан, ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ҳақида бош қотирмоқда. Мулоқот ҳақида кўп гапиришади, лекин бугун Ўзбекистондаги асл манзара, одамлар ўзбек диктаори Каримовни танқид қилгани учун қамалмоқда, қийноққа солинмоқда. Британия бир вақтлар Қаддафий, Муборак, Бин Али режимларини қўллагани каби бугун Каримовга қўл узатмоқда.

Озодлик: Сизнингча, Британия Ўзбекистонга нисбатан қандай сиёсат олиб бориши керак?

Тожи Мустафо: “Ўзбек халқини қўллаб-қувватламоқ керак. Ўзбекистонликлар ҳам ҳур, қийноқ ва репрессиялардан холи яшашга ҳақлидир. Биз шундай кун келишига, ўзбек халқи мустабид режимдан озод бўлишига ишонамиз.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати Хизб ут-Таҳрир ташкилотини одамлар тинчлигини бузаётганликда, жумладан Ислом халифалиги қуриш йўлида Тошкентда бир қатор портлашларни содир этганликда айблаган?

Тожи Мустафо: Бу бўхтон экани ҳаммага маълум. Хизб ут-Таҳрир шу пайтга қадар глобал миқёсда ҳеч қанақа зўравонлик, портлашларга қўл урмаган. Албатта, биз режимни танқид қиламиз, одамларни бу режимни ағдаришга чақирамиз ва бизнингча буни Ўзбекистонда кўпчилик қўллаб-қувватлайди. Айнан мана шунинг учун Ўзбекистондаги тарафдорларимизни қамоққа ташлашмоқда, қийноққа солишмоқда.

Ўзбек режими кўнглини олиш Британия манфаатида эмас

Британия Мудофаа вазирининг Ўзбекистонга ташриф ҳусусида “Independent” газетасида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. "Бош вазирнинг жаноб Каримов билан ҳамкорлиги Британия учун қимматга тушиши мумкин", деб ёзади газетанинг дам олиш кунги сонида.

Нашрга кўра, расмий Тошкент Британия бош вазири Девид Камероннинг Ўзбекистонга сафар қилиши ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Британияга давлат ташрифини уюшитришни ҳам талаб қилган.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов эса, дунёнинг бир кун келиб қулайдиган энг репрессив режими билан опоқ-чопоқ бўлиш Британия манфаатида эмас, деб таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG