Линклар

Ўзбекистонда диндор ёшлар мобил телефонларига ёзилган диний маърузалар учун ҳибсга олинмоқда.

Мобил телефондаги маълумот учун ҳибс

Йил бошидан буён мамлакатнинг турли вилоятларида 25-35 ёш оралиғидаги диндорлар бир хил сценарий асосида – мобил телефонларидаги маълумотлар учун ҳибсга олинмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи ўтказган мониторинг натижаларига кўра, январ ойининг охиридан бошлаб, Қашқадарёда уч, Хоразмда беш, Қоррақалпоғистоннинг Беруний туманида уч нафар диндор ёш мобил телефонидаги маълумотлар асосида ҳибсга олинган.

Бу вазиятни кузатаётган Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, ҳозирда ушбу ёшларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244- моддаси 1-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов-суриштирув жараёни давом этаяпти.

- Асосан ëшларни маъмурий ҳуқуқбузарлик қилдинг деб қўлга олиш пайтида ëнларидаги мобил телефон аппарати текширилганда, телефон аппаратларидан диний мавзудаги аудио ва видео материаллар мавжудлиги, хусусан Хайрулла Ҳамидовга тегишли радиоэшиттиришдан парчалар мавжудлиги, бундан ташқари Қобил қори, Обид қорига тегишли диний мавзудаги ваъзлар мавжудлиги кўзга ташланаяпти ва мана шу ҳолат кузатилаëтган учта ҳудуддаги ҳамма ишларда кузатилаяпти. Мобил телефонлардан чиқаëтган материаллар асосида диний мавзудаги ëки жамият хавфсизлигига раҳна солувчи материалларни тайëрлаб тарқатаяпсизлар деган мазмундаги айбловлар ҳозир илгари сурилаяпти,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Хоразм, Қорақалпоғистон ва Қашқадарёдаги ушбу ҳибсларга оид бошқа тафсилотлар йўқ. Мазкур ҳибслар бўйича мониторинг ўтказган Эксперт ишчи гуруҳига кўра, қамоққа ташланган диндор ёшларнинг қариндошлари ўз яқинларининг хавфсизлиги учун уларнинг исми-шарифларини ҳам ошкор қилишни истамаяптилар.

Мобил телефондаги маълумотлар бўйича ташвиқот


Суҳроб Исмоиловга кўра, сўнгги пайтда расмийлар мобил телефондаги маълумотларни назорат остига олиш чораларини кучайтирмоқда.

- Маълумотлар сақлаш, бўлишиш, уларни томоша қилиш ëки эшитиш ҳам агар улар диний мавзуда бўлса, ҳозирги пайтда жиноят кодески томонидан жазоланадиган ҳаракатга айланиб улгураяпти,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбек ёшлари орасида диний терроризим, ақидапарастлик, экстремизмга қарши тарғибот-ташвиғот ишлари доимий тарзда ўтказиб келинади.

Фуқаролик жамияти ёш фаоллари гуруҳи аъзоси Санжар Саидовга кўра, эндиликда ушбу тарғибот тадбирларида мобил телефонлари билан боғлиқ масала, албатта кўтарилмоқда.

- Коллеж, лицейларда шунақа тарғибот кампаниялари мавжуд. Ҳар хил диний ташкилотлар, ноқонуний ташкилотлар ҳақида хабар бериш ва ëшларни улардан сақлашдан ташқари бунга қўшимча равишда мобил телефонлардан ўқувчи ва талабаларда диний роликлар, маърузалар ëки бошқа шунга ўхшаш материаллар тарқалишининг олдини олишга ҳам эътибор қаратилаëтганини кўришимиз мумкин. Чунки бугунги кунда мобил телефонлари ëшларнинг энг ажралмас воситасига айланган. Бу нафақат мулоқот воситаси балки материал алмашинуви, ахборот алмашинуви ва умуман ахборотдан хабардор бўлиш воситасига айланиб улгурди дейишимиз мумкин. Битта телефонда пайдо бўлган қайсидир маънодаги видеоролик ëки бўлмаса mp3 шаклидаги маърузалар тез орада ëшларнинг телефонларида ундан бунга кўчиб юрганини кўриш мумкин,- дейди Санжар Саидов.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу каби тарғибот ишлари ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари томонидан ўтказилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG