Линклар

Ўзбекистоннинг Тожикистонга муносабати душманонами?

  • Садриддин Ашур

Оддий ўзбеклар билан тожиклар фикрича, икки президент ўзаро гиналарини четга сурсагина икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланади.

Оддий ўзбеклар билан тожиклар фикрича, икки президент ўзаро гиналарини четга сурсагина икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланади.

Баҳс майдонида ўзбекистонлик сиёсатшунос ва тожикистонлик жамиятшунос икки қўшни давлатнинг бугунги сиёсий муносабатлари ҳақида баҳслашадилар.

Ўтган ҳафтада Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси Ўзбекистон ҳукуматини тожик жамиятидаги барқарорликни издан чиқаришга уринаётганликда айблаб баёнот тарқатди.

Тожикистонлик дипломатлар иддаосича, Ўзбекистон томони бунинг учун иқтисодий, транспорт ва коммуникацион ҳамда бошқа шу каби муҳим усулларни ишга солаётир ва бу усуллардан Тожикистонни Тошкент манфаатлари учун хизмат қиладиган қарорлар қабул қилишга мажбурлаш учун фойдаланаётир.

Мустақиллик йилларининг бошида бошланган илиқ ва дўстона муносабатлар бугун жуда ҳам мураккаблашиб, таранглашиб бормоқда.

Хўш, тарихан девор-дармиён бўлиб, бир халқдай яшаган ўзбеклар ва тожиклар ҳукуматлари ўртасида бундай вазият вужудга келди? Нега дўстлик ва иноқликда яшашни истаётган икки миллатнинг “бош”лари муносабатларни яхшилашни исташмайди? Нега президентлар шахсий амбициялари жабрини оддий одамлар тортиши керак?

Бугунги Баҳс майдони мавзуси ана шу. Баҳслашувчилар ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов ва тожикистонлик жамиятшунос Насимжон Каримов.

Насимжон Каримов: Биз тожикистонлик ўзбеклар шу кунгача Ўзбекистон бизга ёмонлик қиляпти, деган гапларга ишонмас эдик. Мана энди қарангки, ҳар тарафлама иқтисодий қамал қиляпти. Юк ортилган юзлаб вагонларимиз Термизда тўхтаб қоляпти. Шундан сўнг биз тожикистонлик ўзбекларнинг руҳи тушиб кетди. Худди калтакланган каби тилимиз қисиқ бўлиб қолди. Ҳа десак, тожик дўстларимиз, қара ўзбекларинг нима иш қиляпти, дейди...

Фарҳод Толипов: Бу масала жуда мураккаб масала, қирралари жуда кўп. Агар бунга объектив баҳо берсак, Ўзбекистон ҳеч қачон Тожикистондаги вазиятни издан чиқаришдан манфаатдор эмас. Лекин қандайдир доиралар, манфаатдор гуруҳлар ёки шахслар сунъий бир мураккабликларни яратишга уринаётган бўлиши мумкин. Шундай сценарий бўлиши мумкин. Лекин Тожикистонни мажбурлаб ўз қарорларига бўйсундириш сиёсати бўлиши мумкин эмас...

Насимжон Каримов: Домланинг айтганлари энди бу аксиома. Буни ёш болалар ҳам билади. Гапингиз аслида тўғри домла. Лекин ёзнинг 50 даражали иссиғида тез айнийдиган маҳсулотлар ортилган вагонларни ойлаб ушлаб қолиш инсофданми? Ахир бунга қанча тадбиркорлар пул тиккан. Наҳотки Ўзбекистон раҳбариятининг ичи куймайди шунга? Термиздаги портлатилган кўприкни бизни темир йўл каттамиз, ҳой биродар рухсат беринглар ўзимиз бориб, ўшани қуриб ишга туширайлик, деса, отказ қилишса. Минг йиллик қардошларни ўртасига виза қилиб қўйишса, бу нима деган гап ахир....

Фарҳод Толипов: Давлатлараро муносабатлар муайян қонун-қоидаларга таянади. Менга ҳам виза тизими мавжудлиги ёқмайди. Ленкин бу давлатлараро муносабатлар тақозоси. Лекин биз давлат хавфсизлиги деган нарсани ҳам эътироф этишимиз керак. Биз трансчегаравий таҳдидлар замонида яшаяпмиз. Хусусан, кейинги 20 йил бизга кўрсатдики, хусусан Тожикистон чеграсидан бизга турли хавфлар бўлиши мумкинлигини ва бунга қарши чоралар ҳам кўрилиши табиий...

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG