Линклар

logo-print

Сурияда зўравонликлар давом этмоқда


Ҳомс шаҳрининг Қусур туманидаги Сурия ҳукуматига қарашли зирҳли машиналар, 2012 йил 9 апрел.

Ҳомс шаҳрининг Қусур туманидаги Сурия ҳукуматига қарашли зирҳли машиналар, 2012 йил 9 апрел.

БМТ қўллаб-қувватлаган тинчлик режасига мувофиқ 10 апрел куни Сурия ҳукумати ўз қўшинларини исёнчи шаҳарлардан олиб чиқиши кераклигига қарамай, тўқнашувлар давом этмоқда.

БМТ ва Араб Лигасининг махсус вакили Кофи Аннан Дамашқ расмийларига таклиф қилган тинчлик режасига мувофиқ 10 апрел кунига қадар Сурия ҳукумати шаҳарлардан ўз қўшинларини олиб чиқиши керак.

Шундан сўнг томонлар 48 соат давомида ўт очишни бутунлай тўхтатиши назарда тутилган.

Бироқ суриялик фаолларга кўра, ҳукумат кучлари сешанба куни Ҳама ва Ҳомс шаҳарлари мавзеларини тўплардан ўққа тутган.

Сурия шимолидаги Ҳассаке шаҳридан олинган хабарга кўра, номаълум қуролли шахслар олти нафар ҳукумат аскарини отиб ўлдирган.

Айни пайтда, Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим 10 апрел куни Москвага ташрифи чоғида бази минтақалардан армия қисмлари олиб чиқилгани ва бир қанча маҳбус қўйиб борилганини маълум қилди.

Дамашқ расмийлари Кофи Аннандан ҳукумат кучларига ҳужум қилаётган қуролли гуруҳлар тинчлик режасига риоя қилиши тўғрисида ёзма кафолат берилишини талаб қилмоқда.

Валид Муаллим Туркияни суриялик исёнчиларни қуроллантираётганлик ва чегарани кесиб ўтишда ёрдам бераётганида айблади.

- Кофи Аннан мен билан телефон орқали сўзлашганида ўзининг тинчлик дастури Суриядаги барча қуролли гуруҳларнинг қуролсизланишини назарда тутганини айтди. Туркия ҳудудидан қуроллар ва жанггарилар кириб келиши давом этаётган бўлса, уни қандай амалга ошириш мумкин?”, - деди Сурия Ташқи ишлар вазири.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Хавфсизлик кенгаши тасдиқланган режани бир томон бажармаслиги, иккинчи томон учун ўз мажбуриятини бажармаслигига сабаб бўлмаслиги кераклигини урғулади.

Лавров Сурияда тинчлик режасини амалга ошириш учун барча томонни саъй ҳаракат қилишга чақирди.

- Бугун биз мухолифатнинг барча аъзоларини, шунингдек, сиёсий, айниқса, қуролли мухолифатга таъсири бўлган барча давлатларни Кофи Аннан таклиф қилган режага мувофиқ ўт очишни тўхтатишга эришиш учун уларга ўз таъсирини кўрсатишга чақирамиз, - деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Айни пайтда, 10 апрел куни Пекинда сўзлаган Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурияни “чегарани бузганликда” айблади.

Бир кун олдин Суриядан ўт очилгани оқибатида Туркия ҳудудидаги бир неча суриялик яраланган. Икки нафар суриялик чегарани кесиб ўтишга уринган пайтда ҳалок бўлган.

Туркиядаги ахборот агентликлари Туркия ҳукумати бунга қарши тегишли чоралар кўришини маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир 24 минг суриялик уруш ҳаракатларидан қочиб Туркия ҳудудида хавфсиз бошпана топган.
XS
SM
MD
LG