Линклар

Бердимуҳаммедов хоккейни тарғиб қилмоқда


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов барча вазирлик ва муассасаларга ўз хоккей командаларини тузиш ҳақида буйруқ берди.

Россия нашрлари хабарига кўра, бу ишга Бердимуҳаммедовни хоккей бўйича Ашхободда бўлиб ўтган Туркманистон президенти кубоги мусобақаси илҳомлантирган.

- Миллий иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам ўз хоккей командаларини тузиш лозим, - дея иқтибос келтиради Қурбонқули Бердимуҳаммедов сўзларидан ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги.

Туркманистон президентининг спортга оид ташаббуслар билан чиқиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Хусусан, унинг от спортига оид ташаббуслари жамоатчиликка яхши маълум. Ёки Бердимуҳаммедовнинг автомобил спортига қизиқиши ҳақида ҳам кўп сўзланади. Масалан, 8 апрел куни Ашхободда ўтказилган автопойгада Туркманистон президенти шахсан қатнашгани ва пойга ғолиби бўлгани, у минган автомобил мусобақадан сўнг Миллий спорт музейига юборилгани ҳақида Озодлик ҳам хабар қилган эди.

Айни пайтда Марказий Осиёнинг энг иссиқ мамлакатларидан бири бўлган Туркманистонда расмийлар фақат ёзги спорт турларини ривожлантириш билан чекланиб қолмоқчи эмасга ўхшайди. Маълумотларга кўра, бу мамлакатда қишки спорт ўйинлари 2006 йилда чоғроқ муз саҳнаси ва минг кишига мўлжалланган томоша ўринлари бўлган дастлабки қишки сарой очилганидан сўнг ривожлана бошлаган. 2011 йилда эса 10 томошабинни сиғдира оладиган, иккита муз саҳнасига эга Қишки спорт саройи очилди. Шу йилнинг январ ойида эса Бердимуҳаммедов Кўпетдағ этакларида чанғи оромгоҳи ташкил этиш таклифи билан чиққан. Туркманистон президентига кўра, “сунъий қор қопламаси бўлган махсус чанғи йўлакларини барпо қилиш катта қийинчилик туғдирмайди”.

Айни пайтда Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг қишки спорт ўйинларини ривожлантиришга оид ташаббуслари хоккей ва шу каби ўйинлар у қадар оммабоп бўлмаган мамлакатда мансабдорлар ва аҳоли томонидан нечоғли рағбат билан қабул қилганлиги номаълумлигича қолмоқда. Аксар ташаббуслар (масалан, дашт ерда улкан масжидлар ёки сунъий ҳовузлар барпо қилишга ўхшаш) юқорига келган директивалар асосида амалга ошираладиган Туркманистонда, кузатувчилар фикрича, кўп меҳнат ва мағлаб талаб қиладиган бундай ғоялар кўпинча кутилган натижаларни бермайди.
XS
SM
MD
LG