Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:46

Алишер Усмонов ҳукумат билан судлашмоқда


Алишер Усмонов.
Алишер Усмонов.

Россиянинг энг бадавлат кишиси сифатида танилган асли ўзбекистонлик олигарх Алишер Усмонов Москва марказидаги иккита хона учун Москва ҳукумати билан судлашмоқда.

Москва шаҳри Хамовники туман судида 20,1 млрд долларлик бойлиги билан россияликлар орасида энг бадавлат деб топилган, асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Москва ҳукуматига қилган даъво аризаси кўриб чиқилади.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Хамовники туман суди матбуот котибаси Даря Ляхга кўра, Алишер Усмонов 1-рақамли Уй-жой эксплуатация комендатураси устидан судга ариза билан шахсан мурожаат қилган.

- Даво аризаси бизга ҳақиқатан топширилган. Тушунишимча, суд маҳкамаси очиқ тарзда ўтказилади. У яшаш учун мўлжалланмаган хоналарга эгалик ҳуқуқи тасдиқланишини талаб қилмоқда. Мазкур ариза асосида 19 апрел куни соат 16:00да суд маҳкамаси бўлиб ўтади, дея маълум қилди суд расмийси Даря Лях.

Маълум бўлишича, бу иккита хона эгалигини аниқлаштириш юзасидан қилинган даъвога учинчи тараф сифатида Москванинг Марказий округ префектураси ва Росреестр вакиллари таклиф этилган.

Алишер Усмонов талашаётган икки хона жойлашган уй.
Алишер Усмонов талашаётган икки хона жойлашган уй.
Озодликка маълум бўлишича, Алишер Усмонов Москванинг марказидаги Сивцев Вражек кўчаси 31-уйда қайдга олинган. Москва шаҳар ҳукумати билан судлашаётган олигарх ўртасидаги низога сабаб бўлган икки хонанинг кенглиги 9,7 ва 8,1 метр экани маълум.

Арбат кучасидан 3 дақиқалик йўлда жойлашган бу бинода СССР маршали Иван Баграмян ва Иван Кожедублар яшаганини англатувчи махсус тоштахта осиб қўйилган.

Лекин Москва шаҳар мэриясининг кўчмас мулк масалалари бўйича раҳбари Татяна Зубанова Алишер Усмонов аслида шаҳар мэрияси эмас, балки Россия Мудофаа вазирлиги билан судлашаётганини Озодликка маълум қилди.

- У даъво аризаси билан судга мурожаат қилган Уй-жой эксплуатация комендатураси аслида Мудофаа вазирлигига қарашлидир. Чунки Москва ҳудудидаги барча мулк Москва шаҳри ҳокимлигининг шахсий мулки эмас. Шунинг учун даъво ҳозир Мудофаа вазирлигига кўчган. Улар бу бинога Советлар давриданоқ эгалик қилиб келади. Биз эса судга учинчи томон сифатида таклиф этилдик, чунки бу бино Москва шаҳри ҳудудида жойлашган. Росреестр эса бу бинони ҳисобга олган ташкилот сифатида иштирок этаяпти, дея тушунтириш берди Москва ҳокимлиги расмийси Татяна Зубанова.

“№4 рақамли ва №15 рақамли” хоналар устида чиққан судлашувнинг биринчи маҳкамаси март ойига белгиланган, лекин судга жавобгар томон келмагани боис маҳкама апрелга қолдирилган. Мутахассислар бу хоналарни 8-9 миллион рубл (тахм. 300 минг АҚШ доллари) га баҳоламоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Россия Мудофаа вазирлиги ва Алишер Усмонов вакиллари изоҳ беришдан бош тортди. Бу тортишувни кузатаётган москвалик риэлторлар ва юристларнинг фикрича, умумий мулк саналган 18 хоналик бу уйнинг иккита хонасини ҳатто Алишер Усмоновга шахсий мулк қилиб олишга қийин бўлади.

Усмонов россиялик ҳамкори Юрий Милнер билан бирга Facebook. Inc ширкатининг 10 фоиз ҳиссаларини сотиб олган. Алишер Усмонов асос солган "Металлоинвест" ширкати Россиянинг энг йирик хомашё ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Унга Digital Sky Technologies (DST) ширкатининг 80 фоизи, Россиянинг Mail.ru Интернет ширкатида 26,9 фоизлик акциялари, Муз-ТВ канали акцияларининг 75 фоизи, Лондоннинг "Арсенал" футбол клубининг 27 фоиз тегишлидир.

“Коммерсант” нашриёт уйи ҳам тўлиқ Усмоновга қарашлидир. Усмонов Газпром ширкати шўъба корхонаси Газпроминвестхолдинг компанияси бошқарув кенгаши раиси ҳамдир.

57 ёшли Алишер Усмонов Forbes журналига кўра, қарийб 20 миллиард АҚШ долларига тенг мулки билан дунё бойлари орасида 28 ўринни эгаллайди.

Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида, прокурор оиласида туғилган Усмонов 1976 йилда Москва халқаро муносабатлар давлат институтини битирган.
XS
SM
MD
LG