Линклар

Президентнинг ўғли йўл ямади


Атай Садибакасов ва унинг дўсти ўз қўллари билан 3 та кўчани таъмирдан чиқаришди.

Атай Садибакасов ва унинг дўсти ўз қўллари билан 3 та кўчани таъмирдан чиқаришди.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаеванинг ўғли Атай Садибакасов ўз қўли билан Бишкек кўчаларини таъмирлаб чиқди.

12 апрел куни эрталаб Бишкек марказидаги Эркинлик ҳиёбони билан туташ 3 та кўчадаги чуқурлар Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаеванинг ўғли Атай Садибакасов ва унинг дўсти томонидан ямаб чиқилди.

Бишкекнинг энг серқатнов бўлган бу кўчаларидан машинасини миниб ўтаётган ҳайдовчилар, қўлига белкурак олиб йўл ямаётган икки одамдан бири собиқ президентнинг ўғли эканини ҳаёлларига ҳам келтиришгани йўқ.

Атай Садибакасов ўз ҳаракатини матбуотдан яширишга қанчалик уринмасин, бу борадаги хабар йўл ямаш иши бошланишидан бир оз ўтгач матбуотда пайдо бўлди.

- Бу тадбирдан мақсад одамлар ва Бишкек мэрияси диққатини пойтахт йўлларининг аянчли аҳволига қаратиш эди. Шунинг учун ҳам мен ва дўстим ўз қўлимиз билан Бишкекнинг учта кварталидаги йўлни таъмирлаб чиқдик, -деди Атай Садибакасов.

Бишкек шаҳар мэри Иса Ўмуркулов собиқ президентнинг ўғлини бу ташаббусни амалга оширишдан қайтармоқчи ҳам бўлди. Иса Ўмуркулов қирғиз матбуотига берган суҳбатида: “Мен ҳурматли шахсни бу ишни амалга оширишдан қайтарган бўлар эдим. Бу унинг хавфсизлиги билан боғлиқ. Чунки Атай йўлни таъмирлаш малакасига, лицензиясига ва махсус кийм-кечак ҳамда асбоб-ускунларга эга эмас. Лекин Атай ўз ниятидан қайтмай, йўлни таъмирлашда давом этса, уни қўлга олиш ёки унга жарима солиш нотўғри бўлар эди”, деб билдирган.

Аммо Атай Садибакасов йўлни таъмирлаш учун барча керакли жиҳозларни сотиб олганини айтади:

- Йўлни таъмирлаш учун 10 минг 600 сўм (таҳминан 220 доллар-таҳририят) пул сарфладик. Биз барча керакли жиҳозларни, яъни махсус кийим-кечак, йўл белгилари ва асбоб –ускунларни сотиб олдик. Бундан ташқари йўлни таъмирлаш учун 2 тонна асфалт ҳам сотиб олдик ва бу асфалтни бизга олиб келган юк машинаси ижараси учун 2 минг сўм бердик. Учта кварталда жами 107 та чуқурни ямаб чиқдик, -деди Атай Садибакасов.

Атай Садибакасов ўтган йилнинг ёз мавсумида ҳам ўзига ҳос тадбирни уюштирган эди. У машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг қизи, парламент депутати Ширин Айтматова билан биргаликда қирғиз-қозоқ чегарасида Иссиқкўлга дам олиш учун Россия ва Қозоғистондан келаётган сайёҳларни чегарада кутиб олиб, уларга ўз қўли билан Иссиқкўлга етиб бориш ҳаритасини ва Давлат автомобил назорати постлари қаерларга ўрнатилгани ҳақидаги маълумотни тарқатиб юрган.

Атайнинг айтишича, бундай тадбирлар келажакда ҳам давом этади. “Мана шундай йўл билан ҳар бир фуқаро Қирғизистоннинг ривожланиши учун ўз ҳиссасини қўшиши мумкин”, дейди у.

Минтақа аҳолиси орасида президентларнинг фарзандлари оддий одамлардан фарқли ўлароқ, алоҳида бир “сайёра”да яшайдилар деган фикр шаклланиб қолган. Атай эса мана шу қолипни бузаётгандай кўринади. У сиёсатга ҳам аралашмайди, бизнесга ҳам. Тан қўриқчиси ҳам йўқ. Матбуотда чиқиш қилишни, журналистлар билан суҳбатлашишни ёқтирмайди. Мазкур суҳбатни ҳам ўртага бир қатор “нозик” одамларни солган ҳолда уюштиришга тўғри келди.

Атайдан унинг бундай ҳатти-ҳаракатлари сабабларини ҳам сўрадик:

- Ҳар доим инсон бўлиб қолиш керак. Бундан ташқари Қирғизистон кичкина давлат. Бишкек эса ундан ҳам кичиқроқ. Биз ҳар куни одамлар билан учрашамиз, кўзимиз кўзимизга тушади, дўстларимиз билан мулоқот қиламиз. Ҳар бир ҳаракатимиз халқнинг кўз ўнгида туради. Шунинг учун оддий одамлардан фарқланмасдан яшаш керак. Тарих халққа ёқмайдиган ҳаракатлар қилган шахслар хор бўлишини жуда кўп маротаба исботлаган. Муваффақиятнинг энг оддий формуласи эса битта: ҳар доим оддий одам бўлиб яшаш керак, -дейди Атай Садибакасов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG