Линклар

logo-print

Тожикистонлик аёл Ўзбекистонда ғойиб бўлди

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистонда йўқолиб қолган тожикистонлик Кимёхон Худоёрова.

Ўзбекистонда йўқолиб қолган тожикистонлик Кимёхон Худоёрова.

48 ёшли Кимёхон Худоёрова шу йил 6 март куни Сурхондарё вилояти Узун шаҳри Ёшлик маҳалласидаги ўзига тегишли уч хонали уйини 12 минг АҚШ долларига сотганидан кейин номаълум кишилар томонидан олиб кетилгани айтилмоқда.

Ҳозиргача дараксиз қолаётган Кимёхон Худоёрованинг жияни Шералининг Озодликка айтишича, асли тожикистонлик бу аёл 1993 йили, яъни Тожикистондаги ички низолар чоғида Сурхондарё вилоятининг Узун шаҳрига кўчиб борган ва шу вақтгача фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида ўша ҳудудда яшаб келган.

Анча йил аввал эридан ажраган Кимёхон Худоёрова Узун туман Ёшлик маҳалласидаги уч хонали уйини сотиб, Тожикистонга қайтишга ҳозирлик кўраётган бир пайтда ғойиб бўлиб қолган.

- Аммам: “12 минг долларга уйимни сотдиму, лекин пулнинг ҳаммасини Ўзбекистондан Тожикистонга перевод қилиб бўлмас экан. Банк орқали ҳам бирор иложи йўқ экан. Энди икки мингдан қилиб юбораман, 11 мартгача етиб келаман”, деб телефон қилди, - дер экан Шерали Худоёров ўша суҳбатдан кейин Кимёхон билан алоқа узилиб қолганини айтди.

Шундан сўнг Кимёхоннинг яқинлари Узун шаҳридаги таниш-билишлар ва унинг қўшниларига телефон қилиб, аёлни топишга кўмаклашишни сўрашган. Кимёхоннинг яқин ўртоқларидан бири узунлик Гулнора исмли аёл уй сотилган кунининг эртасига Кимёни фуқаролик кийимида бўлган уч киши “паспорт столи ходимларимиз” деб, бирга олиб кетгандан кейин уни ҳеч ким кўрмаганини айтган.

- Ўша гапдан кейин ўша Гулноранинг ўзи ҳам дараксиз йўқолиб қолибди, - дейди Кимё Худоёрованинг Озодликка мурожаат қилган яқинлари.

Қўшни республика ҳудудида йўқолиб қолган Кимёхонни телефон орқали сўраб-суриштиришдан бир натижа чиқавермагач, унинг 80 ёшли отаси ва яқинларидан уч-тўрт киши Узун туманига йўл олган.

1 апрел куни Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасида ўн кунлик муҳлат билан виза расмийлаштириб, 3 апрел куни Сурхондарё вилоятига борган Матлаб ота, Раъно Худоёрова, Бахмалой Бобоқулова ва Малоҳат Тоҳировани, яқинларининг айтишича, Узун туман милицияси тергов қилган. Кейинроқ эса Ёшлик маҳалласининг раиси Баҳодир исмли шахс билан жанжаллашганлари баҳонасида уларнинг паспортлари олиб қўйилган, ўзлари эса Узун туман Ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш изоляторида уч кун давомида ноқонуний ушлаб турилган.

- Икки-уч кун ўтганидан кейин уларга туҳмат қилиб, маҳалла раиси билан жанжал қилган, деб бўйинларига қўйиб, штраф қилади. Яна 250 доллар пулларини олиб қўяди. Мажбур қиладиларки, “мен опамнинг баҳридан ўтдим, бошқа уни ахтариб бу ёқларга келмайман, деб ёз”, деб. “Сизлар бошқа Ўзбекистонга келманглар, уни (Кимёхон Худоёровани демоқчи, - таҳр.) бошқа ҳеч қачон кўрмайсизлар, дейди. Кейин уларни границага олиб келиб, бу томонга қайтариб юборган, - дейди Кимёхоннинг яқинларидан яна бири Бахтиёр.

Унинг тахминича, Узун туманига қарашли Ёшлик маҳалласи раиси Баҳодир исмли шахс Кимёхоннинг йўқолиши билан боғлиқ тафсилотлардан хабардор бўлиши мумкин.

Мавзу юзасидан Ёшлик маҳалласининг раисига ҳам сим қоқдик, бироқ у билан боғланишга муваффақ бўлолмадик.

Дараксиз йўқолиб қолган жигарбандини ахтариб Ўзбекистонга борган Худоёровлар оиласи умидсиз ва ҳеч бир натижасиз ортга қайтгач, апрел ойи бошида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги, Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти ва бугун эса бу мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилиб, Кимёхон Худоёровани топишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назриев Худоёровлар оиласи номидан вазирликка шу мазмундаги ариза тушганини маълум қилар экан, айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати номига бу масала юзасидан нота ҳозирланаётганини билдирди.

Айни пайтда Кимёхон Худоёрованинг яқинлари аёл сохта айбловлар билан қамалиб кетиши мумкинлигидан ташвишда эканларини айтади.

- Биз у томон туҳмат қилиб, буни қаматиб юбормасин, деяпмиз. Бирортанинг делосини бунга қилибми ёки шундай бир нарсалар қилибми... Шунгача бормасин, деб ҳаракатлар қилаяпмиз, - дейди Кимёхоннинг яқинларидан яна бири Аҳмад Бобоқулов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG