Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:21

Расмийлар иш жойларига оид сохтакорликни тан олди


Мамлакат коллежларини битираётган ўн минглаб ёшларни иш билан таъминлаш маҳаллий ҳокимият идоралари зиммасига юклатилган.
Мамлакат коллежларини битираётган ўн минглаб ёшларни иш билан таъминлаш маҳаллий ҳокимият идоралари зиммасига юклатилган.

Наманган вилоятида аҳолини иш билан таъминлашга оид расмий рақамларда қўшиб ёзишлар, сохтакорликлар мавжуд.

Буни Наманган вилояти ҳокимлиги меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Анваржон Отахўжаев “Диёнат” газетасига берган интервьюсида тан олган.

Наманганда чоп этилувчи мазкур газетанинг 2012 йил 10-сонида ёзилишича, мониторинглар жараёнида ҳисоботлардаги алдовлар фош бўлган.

Ҳужжатларда Норин туманидаги иқтисодиёт коллежининг 12 нафар битирувчиси “Насриддин ҳожи қози” фермер хўжалигига, қурилиш ва сервис коллежининг 4 нафар битирувчиси “Жўрабек” фермер хўжалигига, 2 нафари Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғинига ишга жойлаштирилгани кўрсатилган. Текширувларда эса ёшлар аслида ишсиз экани маълум бўлган.

Косонсой туманидаги Қўқимбой маиший хизмат кўрсатиш коллежининг 4 нафар битирувчиси “Косонсой МТП” акциядорлик жамиятига ишга киргани ҳақида ёлғон ахборот берилган.

Учқўрғон туманидаги иқтисодиёт коллежининг битирувчилари “Кафолат” давлат суғурта компаниясида иш билан таъминлангани ҳақидаги маълумот ҳам алдов бўлиб чиққан.

Мингбулоқ туманидаги мелиорация қишлоқ хўжалиги коллежи, Поп туманидаги қишлоқ хўжалиги коллеж битирувчилари иш билан таъминлангани ҳақидаги маълумотлар ҳам ёлғон экани аниқланган.

“Бундай сохтакорликларни бошқа туманлар мисолида ҳам айтиш мумкин”, деган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Отахўжаев.

Вилоят бўйича ишсизлар – 4400 нафар?!

Мамлакатдаги коллежларни ҳар йили минглаб ёшлар битиради. Ҳукумат томонидан маҳаллий ҳокимиятларга потенциал иш кучи саналган коллеж битирувчиларига иш топиб бериш асосий вазифа сифатида юклатилган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, иш билан таъминлашда расмиятчилик, рақам кетидан қувиш устунлик қилади, янги иш ўринлари борасида ҳужжатларда ҳам қўшиб ёзишлар авж олган.

Бундан ташқари, ҳукумат даражасида ишсизлик кўрсаткичини камайтириб кўрсатишга уринилади.

Наманган ҳокимлиги расмийси Отахўжаевга кўра, 2011 йили вилоятда 4405 кишига ишсизлик мақоми берилган. Аммо 2,1 миллиондан ошиқ аҳолиси бор вилоятда бор-йўғи бир неча минг нафар ишсиз борлигига кузатувчилар шубҳа билдиради.

6 март куни халқ депутатлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қарийб 7 миллион одам яшаëтган Тошкент шаҳрида 5100 одам ишсиз сифатида рўйхатга олинганини ҳақиқатдан йироқ дея тан олганди.

Расмийлар ишга яроқли аҳолининг атиги 1 фоизи ишсиз эканини иддао қилади. Аслида эса мамлакатдаги ишсизлар армияси тобора кенгайиб бораётгани айтилади.

Ҳукуматга кўра, “Иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури” бўйича мамлакатда ҳар йили бир миллионга яқин иш ўрни яратилмоқда.

Иқтисодий таҳлилчилар эса расмий ҳисоботларни тайёрлашда Наманганда бўлгани каби кўзбўямачиликлар кўпайиб кетганидан хавотир билдирадилар.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, ишга лаёқатли аҳолидан 3 миллиондан 8 миллионгачаси тирикчилик илинжида мамлакат ташқарисига чиқиб кетгани айтилади ва бу факт ҳам Ўзбекистондаги ишсизлик кўлами манзарасига чизги бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG