Линклар

Аҳолига керагидан ортиқ электр берилмаслиги лозим


Ўзбекистоннинг аксар минтақаларида электр қуввати аҳолига суткасига бир неча соат берилади.

Ўзбекистоннинг аксар минтақаларида электр қуввати аҳолига суткасига бир неча соат берилади.

Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарияти аҳолига лимитдан кўп электр энергияси бергани учун прокуратура томонидан огоҳлантирилди. Ўзбекистонда қонун назоратига масъул бўлган идора электр энергияси бўйича чекловга қатъий риоя этишни талаб қилмоқда.

Қаршидаги вазиятдан бохабар манбанинг маълум қилишича, бу борада жиноий иш ҳам қўзғатилган, шаҳар электр тармоқлари корхонасининг 60 га яқин назоратчиси эса ёзма огоҳлантирилган.

Чеклов жадвали бор

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Қарши шаҳрида ҳам электр узилишлари одатий ҳолга айланган.

Маҳаллий аҳолига кўра, баъзида электр энергияси суткасига 10 соатгача узиб қўйилади.

– Электр истеъмолини камайтириш бўйича чеклов жадвали бор. Бу, менимча, барча шаҳар-туманларда бўлса керак. Лимит жадвали маҳаллий ҳокимият билан келишиб тузилади. Билишимча, шу жадвал бўйича Қаршида бир суткада 4,5-9 соат чеклов белгиланган,– дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган қаршилик журналист.

Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонаси айни шу жадвалга риоя қилмаслик, аниқроғи, аҳолига белгиланган чекловдан кўпроқ электр энергияси бергани учун огоҳлантирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 245-сонли қарорига кўра, мамлакатда энергия танқислиги юзага келган пайтда “Ўзбекэнерго” ширкати электр энергиясини чеклаш жадвалини амалга киритиши мумкин.

Шарти шуки, чеклов кучга кириши билан аҳолига чеклашнинг миқдори, бошланиш ва тамом бўлиш вақти маълум қилиниши керак.

Бироқ кузатувчиларга кўра, соҳага масъул расмий идоралар аҳолига чеклов ҳақида маълумот бериш у ёқда турсин, лимит мавжудлигини рад этиб келади.

– Электр корхонаси қурилмаларни таъмирлаш ёки профилактика қилиш давридагина истеъмолчиларга электр энергияси беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиши мумкин. Лекин энергияни узишдан камида 3 сутка олдин истеъмолчилар огоҳлантирилиши керак,– дейди Озодлик мухбири суҳбатлашган ҳуқуқшунос.

Қарзларни камайтириш чора-тадбирлари

Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонасидан аҳоли ва ташкилотларнинг қарзларини ундиришга қатъий киришиш талаб қилинган.

2012 йил 1 январ ҳолатига Қарши аҳолисининг электрдан қарзи 33 миллиард сўмдан ошган.

Шаҳар электр тармоқлари корхонаси 48 мингга яқин хонадонга, шунингдек, мингдан ошиқ юридик ташкилотга хизмат қилади.

– Аҳоли қарзи кўпайиб кетган. Кўпчилик қўли калталигидан вақтида тўлолмайди-да. Кейин қарз болалаб кетади. Эшитишимча, энди Қарши “Электросет”и энергия учун ойлик тўловнинг 30 фоизини олдиндан ундириш тартибини жорий қилмоқчи. Қарзини ихтиёр тўламаган фуқаролардан тўловлар суд орқали ундириляпти,– дейди маҳаллий журналист.

“Ўзбекэнерго” давлат ширкати тизимидаги корхоналар аҳолининг электр энергиясидан қарзи кўплигини айтиб келади.

Электр узилишлари ҳам айнан қарздорлик билан хаспўшланади. Аҳоли эса сурункали чироқ ўчишидан қарзи йўқ хонадонлар ҳам азият чекаётганидан шикоят қилади.

Жойлардан олинаётган хабарларга кўра, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам электр энергияси бўйича қарзларни ундиришга ҳуқуқ идоралари аралашмоқда.

Маҳаллий матбуотга кўра, Самарқанд вилояти судларида сўнгги ойлар ичида 8 миллиард 530 миллион сўмлик қарзларни ундириш юзасидан 227 та даъво аризаси кўрилган ва ижро учун суд департаментига юборилган.

Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши махсус комиссиясининг март ойи охирида ўтган йиғинида ҳам аҳолининг электр энергиясидан 53 миллиард 283 миллион сўмлик қарзини ундириш чораларини кўриш зарурлиги уқтирилган.

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида муомалада бўлган эски электр ҳисоблагичлар юқори аниқликда ишловчи янги моделга алмаштирилмоқда.

Янги ҳисоблагичларни ўрнатиш орқали қарздорликни тугатиш мақсад қилинган. Электр тармоқлари мутасаддиларига кўра, янги ҳисоблагичлар электр токи учун олдиндан ундирилган ҳақ тугаши билан токни узиб қўяди.
XS
SM
MD
LG