Линклар

Ёқилмаган газ учун қўшимча тўлов

  • Садриддин Ашур

Ўтган йилда Ўзбекистон қишлоқларида газ танқислиги боис аксарият аҳоли овқат пишириш ва уй иситишнинг ибтидоий усулларига қайтишга мажбур бўлди.

Ўтган йилда Ўзбекистон қишлоқларида газ танқислиги боис аксарият аҳоли овқат пишириш ва уй иситишнинг ибтидоий усулларига қайтишга мажбур бўлди.

Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани аҳолиси ёқилмаган газ учун ортиқча пул тўлашга мажбур қилиняпти. Бу ҳақда Озодликка хабар берган жомбойликларга кўра, гарчи аҳоли газ пулини ойма-ой тўлаб бораётган бўлса ҳам, йил охирига бориб уларга "осмондан тушган" қарздорликни узиш ҳақида огоҳлантирув хатлари юборилмоқда.

Жомбой тумани Алишер Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи физика-математика фанлари номзоди, пенсионер Холиқназар Ғаниевнинг айтишича, аҳолининг аксарияти "емаган сомсага пул тўлаш"га мажбур қилинмоқда:

- Мен ҳар ой газни пулини ўзим шахсан бориб тўлаб келаман. Шундан кейин ҳам сиртдан туҳмат қилиб “фалонча қарзсиз” деб ëзиб қўяди. 90-йиллардан бери шунақа найранг бошланди. Нимагадир коммунал тўловларда ўзларининг ҳам кўп хато-камчиликлари бўлса керак. Шуни ëпиш учун бўлса керак аҳолига сиртдан туҳматдан “мана шунча қарзинг бор” деган ëзув ëзиб қўйилади. Мана масалан яқинда мана бундай хат келган экан. “Ҳурматли Холиқназар Ғаниев. Жомбой туман газ таъминоти корхонаси томонидан 1 январ 2012 йил ҳолатига кўра сизнинг қарздорлигингиз 287 минг 963 сўм эканлиги қайд қилинган. Қарздорликка аниқлик киритиб 1 февралгача маҳаллага ëзма маълумот олиб келиб беришингизни илтимос қиламиз. Ҳурмат билан Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғини”, -дейди Холиқназар Ғаниев.

Пенсионер ўқитувчига кўра, огоҳлантирув хатлари газ идорлари томонидан маҳалла қўмиталарига юборилмоқда.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи бошқа бир истеъмолчи, пенсионер Музаффар Исҳоқов ҳам аҳолига қўшимча қарзларни ёзиш туман газ идораси учун одат бўлиб қолганлигини айтади:

- Мен бориб ҳаммасини тўлаб келаман. Ҳар пенсия олганда расчëт қиламан. Яна қарз қилиб чиқариб қўяверади булар. Одат шу. Счëтчикка қарамасдан ўзлари шундай ëзаверар экан. 246 минг қарз қилиб қўйган. У куни бориб жанжаллашиб келган эдим. Бу ëқдан тўлаймиз, 20-30 минг қолса бўлди, 1-2 ойдан кейин яна 200 минг бўлиб тураверади,- дейди пенсионер Музаффар Исҳоқов.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун “Жомбойтумангаз” идорасининг чилангар-назоратчилар бригадаси бошлиғи, катта уста Ғолиб Қўчқоров билан боғланди. Катта уста аҳолига ортиқча қарздорлик ёзилаётгани фактларини инкор этди:

- Бизда унақа нарса бўлмайди. Бизни антимонополний комитет билан ўзимизни марказгаз ҳам ижро интизоми бўйича текшириб туради. Ғайриқонуний иш бўлгани йўқ- дейди Ғолиб Қўчқоров.

Бироқ Жомбой туманида истиқомат қилувчи, пенсионер Нуриддин Комиловнинг айтишича, аҳолининг газдан қарздорлиги ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бунга аҳоли ўз вақтида тўлаган пулларининг газ таъминоти идоралари ходимлари томонидан ўзлаштирилиб юборилаётгани сабаб бўлмоқда:

- Аҳоли истеъмол қилган газининг пулини ўзи бориб кассага тўлаши керак. Газ счëтчикларининг номери кўрсатилган. Номери бўйича қайси банкда кўрсатилган бўлсада. Лекин булар чилангарлар орқали пул йиғади. Туман газлаштириш идорасининг бошлиғининг қўлига элтиб бергандан кейин у счëтга тушмайдида муттаҳам раҳбарларга бўлиниб кетади. Ўша ҳисобдан туманда ҳам, вилоятда ҳам умуман газлаштириш соҳаси бўйича давлатдан аҳоли коммунал газ истеъмоли бўйича қарздорлик ошиб бормоқда.

Бу тўппа тўғри нарса. Одамларнинг уйига борганда нақд пул олади қўлидан. Нафақасидан почталонлар бориб олиб қолади. Турли хил йўллар билан одамлардан олинади, лекин пул тушуми банкка тушмайди. Буни жуда қаттиқ контролга олиб келинган билан ҳам ўйин раҳбариятлар ўртасида кетаяпти. Убанов Фарҳод дегани бор Жомбойда. Газни каттаси. Уни бирор киши ҳеч нима қила олмайди. Энди семириб бўлган булар бу масалада,- дейди жомбойлик Нуриддин Комилов.

Бу иддаолар юзасидан “Жомбойтумангаз” идораси бошлиғи Фарҳод Убановга мурожаат қилганимизда, у киши Озодлик радиосининг саволига жавоб бериш у ёқда турсин, рус тилида “да пошёл...” деб ҳақорат қилиб, телефонни ўчириб қўйди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG