Линклар

Тожикистон Ички ишлар собиқ вазири, ҳозирда узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган генерал Ёқуб Салимовнинг саломатлиги ёмонлашмоқда.

Ёқуб Салимов саломатлиги кун сайин ёмонлашаётгани ва тиббий ёрдамга муҳтож эканини оқловчиси Шуҳрат Қудратов орқали масъулларга етказган.

Адвокат Шуҳрат Қудратов 11 апрел куни ҳимоясидаги Салимов билан суҳбатлашганини маълум қилиб, маҳбуснинг саломатлиги ёмонлашганини ва у шифокорлар кўмагига муҳтож эканини билдирди.

-Ёқуб Салимовнинг саломатлиги ёмонлашган. У бош, оёқ ва баданининг фуқаролик урушида ярадор бўлган қисмида кучайган оғриқдан шикоят қилди. У тиббий ёрдамга ўта муҳтожлиги важидан мурожаат қилди, -деди адвокат Шуҳрат Қудратов.

Қудратов бундан бир ой аввал ҳам “ҳимоясидаги Салимов билан СИЗОда учрашганини, аммо у пайт маҳбуснинг саломатлиги бу даражада ташвишланарли бўлмагани” ни қўшимча қилди.

Шунингдек, адвокат Қудратовнинг айтишича, Ёқуб Салимов Тожикистон Бош прокуратурасига ҳам ариза ёзган ва уни умумий тартибдаги қамоқхонага ўтказиш ёки соғлиғи ёмонлашганини назарга олган ҳолда озод этилишига кўмаклашишни сўраган.

Тожикистон Ички Ишлар вазири Ёқуб Салимов амалдаги ҳукуматга қарши бош кўтарганлик, ватанга хиёнат, бандитизм, қурол-аслаҳа ноқонуний савдоси билан шуғулланганлик айби билан 2005 йили 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукум қилинган эди.

Бироқ ҳукм ўқилганидан етти йил ўтиб ҳам генерал Салимов, адвокат Қудратовнинг таъкидича, бу мамлакат қонунларига зид равишда қамоқхонага ўтказилмай, ҳамон вақтинчалик сақлаш изоляторида сақлаб турилибди.

Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналарни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Иззатулло Шарипов маҳбус Ёқуб Салимовнинг сўрови инобатга олинишини билдирди.

- Маҳбусларнинг саломатлигига эътибор бериш бизнинг вазифамиз. Улар ким бўлишидан ва қандай жиноят содир этганидан қатъий назар одам. Мен мутахасисларни чақириб, унинг саломатлигини тиклашни топшираман. Бир у эмас, бошқа маҳбусларга ҳам бизнинг муносабатимиз шундай, - деди генерал Шарипов.

Салимовлар оиласи ўтган давр мобайнида ҳукумат идоралари ва давлат раҳбарига бир неча бор очиқ хат билан мурожаат қилиб, Ёқуб Салимовни умумий тартибдаги қамоқхонага ўтказиш ёки соғлиғи ёмонлашганини назарга олган ҳолда уни озод этишни сўраган эди.

Собиқ вазирнинг 86 ёшли онаси Ашурби Салимова Душанбе шаҳрида журналистларга берган бир матбуот анжуманида олти ой аввал ўғли Ёқуб билан қамоқхонада суҳбатлашганини ва ўшандан кейин “томоғидан бир қултум ҳам сув ўтмаётгани” ни айтган эди.

- Менинг бир йиллик, ярим йиллик умрим қолди. Яккаю ягона фарзандим тўрт томони бетон деворда яшаяпти. Фарзандимга раҳм қилинглар азизлар,- деган эди ўша тадбирда онахон.

Халқ фронти собиқ лидерларидан бири Ёқуб Салимовнинг 90-йиллар бошида Тожикистонда конституциявий тузум ўрнатилиши ва Имомали Раҳмоннинг ҳокимият тепасига келишига хизмати сингган.

Шунингдек,1997 йилнинг 30 апрелида Сўғд вилоятида Имомали Раҳмонга суиқасд уюштирилганида ўз танасини қалқон қилган Ёқуб Салимовни президент ўз ўғли сифатида тан олганини ва унинг хизматлари асло унутилмаслигини ваъда қилган эди.

1997 йил охирларида ўз тарафдорлари билан ҳукумат кучларига қарши исён кўтарган Ёқуб Салимов енгилгач, хорижга қочиб кетганди.

2003 йил у Тожикистон ҳукуматининг сўрови билан Москвада ҳибсга олинди ва 2004 йил Душанбе ихтиёрига топширилди.

2011 йилнинг сентябрида эълон қилинган “олтин авф” га биноан Ёқуб Салимовнинг жазо муҳлати икки йилга қисқартирилди. У кейинги уч йиллик умрини қамоқда ўтказади.

XS
SM
MD
LG