Линклар

Пхенян ракетаси манзилга етмади


Жанубий кореяликлар Шимолий Кореянинг ракета парвозини телевидение орқали томоша қилдилар.

Жанубий кореяликлар Шимолий Кореянинг ракета парвозини телевидение орқали томоша қилдилар.

Шимолий Корея 13 апрел куни фазога учирган ракета қисқа фурсатда денгизга қулади. Халқаро ҳамжамият Пхеняннинг ҳаракатини кескин қоралади.

Шимолий Корея 13 апрел куни фазога учирган ракета муваффақиятсизликка учраганини тан олди.

Давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари Шимолий Кореянинг сунъий йўлдоши Ер орбитасига кира олмаганини эълон қилди.

- Корея Халқ Демократик Республикаси жума куни маҳаллий вақт билан соат 07:38да Шимолий Фионган вилоятидаги Сохэ космодромидан “Квангмионгсонг-3” номли мамлакатнинг биринчи сунъий йўлдошини фазога учирди. Ер сатҳини кузатишга мўлжалланган сунъий йўлдош орбитага кира олмади. Ҳозирда олимлар, техниклар ва экспертлар муваффақиятсизлик сабабини ўрганмоқдалар.

АҚШ ва Жанубий Корея ракета парвози тезда тугаганини, биринчи босқичдан сўнг ракета Жанубий Корея соҳилларидан 165 километр ғарброқда денгизга қулаганини, иккинчи ва учинчи босқич амалга ошмаганини маълум қилди.

Халқаро ҳамжамият Шимолий Кореянинг ракета учиришини қоралади.

Катта саккизлик давлатлари мазкур парвоз БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига зид эканини таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров халқаро ҳамжамият Шимолий Кореяни узоқ масофага учадиган ракеталар учирмасликка чақиргани ва “олти томонлама музокараларда қатнашаётган давлатлар ҳам шундай позицияда эканини” урғулади.

Шимолий Кореянинг ядровий ва қанотли ракеталар дастури бўйича олти томонлама музокараларда Россия, Хитой, АҚШ, Япония ва иккита корейс давлати иштирок этмоқда.

Шимолий Корея ракета учирганини Япония қабул қилиб бўлмас ҳол дея бахолади.

13 апрел куни Япония парламентида чиқиш қилган Бош вазир Ёшиҳико Нода Шимолий Кореянинг ракета парвози ҳақида буларни айтди.

- Мамлакатимиз бугунги ракета парвозини қабул қила олмайди. Биз Шимолий Кореяга кескин норозилик билдириш орқали ғазабимизни ифода этамиз. Ҳозиргина қабул қилинган резолюцияга мувофиқ Япония ҳукумати Шимолий Кореяни БМТнинг ҳамма резолюцияларига риоя қилишга чақиради,- дея баёнот берди Япония Бош вазири.

Япония Шимолий Кореяни ўз разведка мактабларида жосусларга япон тилини ўргатиш учун 1977 – 1983 йилларда йигирмага яқин японияликни ўғирлаб кетганликда айблаган.

Айни пайтда, Оқ Уй матбуот котиби Жей Карни Шимолий Корея ракета учириш орқали ўзини янада яккалаб қўяётганини айтди.

Ўтган ой Пхеньян расмийлари Шимолий Корея давлати асосчиси Ким Ир Сен туғилган куннинг 100 йиллиги муносабати билан 12 – 16 апрел кунлари Ер орбитасига сунъий йўлдош олиб чиқадиган ракета учирилишини эълон қилган.

Шимолий Корея ўзининг ракеталар дастури тинч мақсадларни кўзлаганини иддао қилган.

Бироқ АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар 13 апрел кунги ракета парвози ортида Шимолий Кореянинг баллистик ракета синови яширинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилаётган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG