Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:58

Кнут Воллебек кам сонли миллатлар вакиллари билан учрашди


ЕХҲТ вакили Кнут Воллебек.
ЕХҲТ вакили Кнут Воллебек.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг кам сонли миллатлар масалалари бўйича Олий комиссари Кнут Воллебек 12 апрел куни Тошкентда Ўзбекистон Байналмилал маданият марказида учрашувлар ўтказди.

Тожик ва қирғиз маданий марказлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан бўлган учрашувда Ўзбекистондаги кам сонли миллатларнинг бугунги ҳаёти, жамият қурилишидаги ўрни ва муаммолар ҳақида сўзлашилди.

Ўзбекистон Байналмилал маданият маркази директори Насриддин Муҳаммадиевнинг Озодликка айтишича, ЕХҲТнинг кам сонли миллатлар масалалари бўйича Олий Комиссари Кнут Воллебек тўртинчи бор марказга ташриф буюрмоқда:

- Кнут Воллебек бизнинг байналмилал марказимиз ишидан яхши хабардор. Бу йил уларнинг илтимосларига кўра қирғиз ва тожик маданият марказлари фаоллари тўпланди. Миллий марказлар фаолияти ва милллий тилларда таълим олиш масалалри бўйича суҳбат бўлди. Бугунги кунда 300га яқин тожик тилидаги мактаблар, 60 дан ортиқ тожик тилидаги мактаблар фаолият юритмоқда. Бу мактабларнинг дарсликлар билан таъминланиши ва бошқа масалалар билан қизиқдилар,- дейди Насриддин Муҳаммадиев.

Байналмилар маданият маркази директори постсовет ҳудудидаги ҳеч қайси бир давлатда миллатлараро тотувлик масаласига Ўзбекистондагидай эътибор катта эмаслигини таъкидлаб ўтди. Насриддин Муҳаммадиевга кўра, бугун Ўзбекистонда 142та миллий маданий марказ фаолият олиб боряпти ва йил давомида бу марказларда 500-600та маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

ЕХҲТнинг кам сонли миллатлар масалалари бўйича Олий Комиссари Кнут Воллебек билан бўлган учрашувда Ўзбекистон эксперт ишчи гуруҳи раҳбари, ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов ҳам иштирок этди.

Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Ўзбекистонда миллий маданий марказлар 1999 йилдаги 14 тадан 2012 йилга келиб 142тага етди. Ўзбекистон ҳукумати энг кам сонли миллатларга ҳам миллий марказлар очишга имкон яратди. Бироқ, дейди Суҳроб Исмоилов бу миллий марказлар ҳукумат чизган чизиқдан ташқарига чиқа олмайди:

- Агар амалда кўрадиган бўлсак, Ўзбекистондаги барча миллий марказлар ҳукуматнинг идеологиясидан ташқарига чиқа олмайди ва уларнинг вазифалари бир тарафлама, яъни юқоридан чиққан қарорларни, фармойишларни ўзларининг диаспоралари орасида тадбиқ этиш ва тарғибот ишларини олиб боришдан иборат бўлиб қоляпти. Аксинча, диаспоралардаги мавжуд муаммолар, жумладан она тилида таълим олиш каби муаммоларни юқорига олиб чиқишга уларнинг ваколатлари йўқ,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳукуқшуносга кўра, кам сонли миллатлар вакилларининг раҳбарлик лавозимларида ишлашга тўсқинлик қилиш барча Марказий Осиё давлатлари учун хос бўлиб қолди:

- Бизнинг фикримизча, мустақилликка эришганидан сўнг кейинги 20 йил ичида Марказий Осиёдаги барча давлатлар асосан битта идеологияни танлаб олишди. Бу ҳам бўлса, ҳукуматни ва давлатчиликни ташкил қилувчи миллат атрофида бошқа кам сонли миллатлар бирлашиши керак, деган идеологияни ўзларига асосли бир шиор қилиб олишди. Бундай ҳолатни биз Ўзбекистонда ҳам, қирғизистонда ҳам, Тожикистонда ҳам ва бошқа давлатларда ҳам кузатишимиз мумкин.

Биз ўйлаймизки, бу хато сиёсат, давлатчиликини ташкил қилувчи миллат атрофида ҳамма бирлашиши керак деган сиёсат бўлмаслиги керак. Унинг ўрнига масалан ўзбекистонликлар ёки тожикистонликлар деган бир тушунчани шакллантиришга ҳукумат хизмат қилиши керак,- дейди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG