Линклар

1912 йилнинг 10 апрел куни Англиянинг Саусҳэмптон портидан Америкага йўл олган “Титаник” бортида 2224 киши бор эди. Дэвид Лившин янги қурилган, узунлиги 270 метр келадиган ўша пайтнинг энг йирик кемаси “Титаник”ка чипта олганидан хурсанд бўлган бўлса керак. Чунки у икки ҳафта аввал денгизга чиққан “Грампиан” кемасида Америкага кетиши керак бўлган, лекин “Титаник”да кетиш имкони пайдо бўлгач, чиптасини алмаштириб олган эди.

Бу “тақдирнинг ғалати ҳазили” бўлган, дея эслайди ҳалокатдан 100 йил ўтиб Рейчел Майнз ҳеч қачон кўрмаган қариндоши ҳақида гапирар экан.

- 1912 йилда яҳудийлар пасхаси 2 апрел билан 10 апрел ўртасига тўғри келган ва, афтидан, Девид яҳудийлар учун муҳим бўлган бу байрамни денгизда эмас, оиласи билан ўтказишни маъқул кўрган бўлса керак. Шунинг учун у “Грампиан” кемасига олган чиптасини алмаштириб, “Титаник”да кетишга қарор қилган. Бундан ташқари “Титаник” ҳашаматли кема ва учинчи даражали ўриндиқлари ҳам анча қулай бўлгани боис, бу унга ёқиб тушган бўлиши керак, дейди Рейчел.

Канаданинг Ванкувер шаҳрида яшайдиган суҳбатдошимизнинг ёши 56 да. Давид Лившин унинг катта бувисига ака бўлган. Рейчел ҳали болалигида онаси “Титаник” билан бирга чўкиб кетган қариндоши ҳақида гапириб беради. Лекин Рейчел ўз оиласининг машъум ва дунёга машҳур ҳалокатга алоқаси бўлиши мумкинлигини ақлига сиғдира олмайди ва бу ҳикояга унчалик эътибор бермайди. Лекин шубҳаларга қарамасдан, йиллар ўтгач Рейчел бу ҳодиса ҳақида қизиқа бошлайди.

Бундан атиги бир неча йил аввал Рейчел Майнз Англияда қариндошлари изини топади ва онаси ҳикоясидаги тафсилотларни бирма-бир эслаб, Дэвид Лившин ҳикояси чўпчак эмас, ҳақиқат эканига ақли етади. “Титаник” йўловчилари рўйхатидан у катта тоғасининг исмини топади ҳамда унинг ҳаёти ва сўнгги дақиқалари ҳақидаги тасаввурни хосил қилади.

Дэвид Лившин 1887 йилда, у пайтда Россия империясининг бўлаги бўлган Латвиянинг Лиепая шаҳарчасида яҳудий оиласида туғилади. Рус армиясида хизмат қилгач, 1911 йилда Англияга ҳижрат қилади. Соатсозлик билан шуғулланган Лишвин орадан бир йил ўтиб Канадага, опа-сингиллари ёнига кўчишга қарор қилади.

Лившин “Титаник”да айнан Канадага кетаётган эди. У чиптани қўлдан сотиб олади ва йўловчилар рўйхати орасида унинг исми, чиптани сотган кишининг исми бўлса керак, Абрҳам Ҳармер сифатида келтирилган.

У Атлантиканинг нариги соҳилига етиб бормади.

Лекин Рейчел Майнз аниқлаган тафсилотларга кўра, Лившин “Титаник” билан бирга эмас, балки улкан кема сувга ғарқ бўлишидан бир неча сония аввал сувга туширилган, лекин саросимида ағдарилиб кетган қутқарув қайиғида чўкиб кетган.

- “Титаник” чўккан пайтда Дэвид сувда бўлган бўлса керак. Ҳар қалай, менимча шундай. Яна 30 га яқин киши билан у тўнтарилган қутқарув қайиғининг устида бўлишган. Улар бутун тунни ана шу аҳволда, тўлқинлардан чайқлиб турган қайиқдан тушиб кетмаслик учун бир-бирига ёпишган ҳолда ўтказишган. Ҳаммаси шилта хўл, совуқдан музлаб қолишган. Уларнинг аҳволини ақлга сиғдириш қийин. Дэвид ўша тўнтарилган қайиқ устида жон берган, дейди Рейчел Майнз.



1912 йилнинг 15 апрел куни Саусҳэмптон портидан чиққанидан беш кун ўтиб, “Титаник” улкан музтоққа урилиб кетиб, сув остига кетади. Бир неча соат ўтиб, “Карпатия” кемаси воқеа жойига етиб келади ва қутқарув қайиқларидаги сузиб юрган 710 нафар “Титаник” йловчиларини кўтариб олади. “Титаник” бортида бўлган 2224 кишидан 1514 нафари сув остига кетади.

XS
SM
MD
LG