Линклар

Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг билдиришича, Чечен дала қўмондони Доку Умаров Путинни ўлдириш учун махсус гуруҳ ташкил қилган.

Москвада чоп этиладиган “Коммерсант” нашрининг хабар беришича, ФСБ Москва шаҳар судидан чеченистонлик жангарилар лидери Доку Умаровни Бош вазир Владимир Путинга қарши режалаштирилган суиқасд ишида айбдор деб топишни сўради.

Маълумотда айтилишича, мазкур жиноят иши 2007 йилда Чеченистон президенти Рамзон Қодировга суиқасд уюштириш юзасидан очилган жиноят ишидан ажратиб олинган. Путинга суиқасд уюштиришга ҳаракат қилганликда Доку Умаров билан бир қаторда Адам Осмаев ва Иля Пянзин айбланмоқда.

27 феврал куни Украинанинг Одесса шаҳрида Путинга суиқасд уюштиришга тайёрланган тўда фош қилингани ва улардан икки киши қўлга олингани ҳақида хабар тарқатилган эди.

Қўлга олинган Адам Осмаев Одессага Британиядан, Қозоғистон фуқароси экани айтилаётган Иля Пянзин эса Бирлашган Араб Амирликларидан келган. Улар бу ерда Россия фуқароси бўлган 26 ёшли Руслан Мадаев билан биргаликда қўлбола бомба тайёрлаш ва уни синовдан ўтказиш ҳаракатини қилганлар. Тажриба пайтида бомбалардан бири портлаб кетган ва Руслан Мадаев воқеа жойида ҳалок бўлган. Иля Пянзин эса яраланган.

Портлаш жойига етиб келган полиция Иля Пянзин ва Адам Осмаевни қўлга олган. Россия томонининг билдиришияча, тергов чоғида бу икки шахс Доку Умаров кўрсатмаси билан Владимир Путинга суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўришганини тан олишган. Шундан келиб чиққан ҳолда Доку Умаровга сиртдан айблов билдирилмоқда.

Аммо украиналик терговчилар Одессада қўлга олинган Адам Осмаев ва Иля Пянзиннинг Россия Бош вазири Владимир Путинга суиқасд тайёрлаганига оид инкор этиб бўлмас далилларга эга эмаслигини айтмоқдалар.

Москва шаҳар Лефортово туман суди Путинга суиқасд қилишга тайёргарлик кўрганликда айбланаётган шахсларни икки ойга ҳибс қилиш ҳақида қарор чиқарди. Россия Бош прокуратураси суднинг бу ҳукмига таянган ҳолда, Украина ҳукуматилдан айбланувчиларни Москвага экстрадиция қилинишини талаб этиши мумкин.

Лекин тахминларга кўра, қўлга олинганлар иши Украина суди томонидан кўриб чиқилгачгина, уларни Россияга экстрадиция қилиш масаласи ҳал этилади.

Мазкур иш юзасидан сиртдан айблов билдирилган Доку Умаровнинг ҳозир қаерда экани номаъум. Доку Умаров 2011 йилнинг январ ойида Москвадаги Домодедово аэропортида 35 кишининг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракати учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Доку Умаров БМТ Хафсизлик кенгашининг “қора рўйхати”га киритилган. АҚШ махсус хизматлари ҳам Доку Умаровни “хавфли халқаро террорчи” сифатида эътироф этишган.

Ўтган йилнинг ноябр ойида АҚШ Доку Умаровнинг қаерда экани тўғрисида маълумот берган кишига 5 миллион доллар мукофот берилишини эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG