Линклар

Истанбулда Эрон ядровий дастури бўйича музокара ўтди


Европа Иттифоқи ташқи сиёсати бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон ва Эроннинг ядровий масалалар бўйича делегацияси раҳбари Саид Жалилий Истанбулдаги музокаралар олдидан.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон ва Эроннинг ядровий масалалар бўйича делегацияси раҳбари Саид Жалилий Истанбулдаги музокаралар олдидан.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Теҳроннинг ядровий дастури бўйича Эрон ва Ғарб расмийлари ўртасида музокара бошланди. Европа Иттифоқи матбуот вакили сўзлашувлар аввалгисидан "тубдан фарқ қилиши"ни айтди.

“Эрон ва дунёнинг олти етакчи давлати расмийлари ўртасида Теҳроннинг ядровий дастури бўйича Истанбул шаҳридаги музокаралар “ижобий муҳитда” бошланди”.

Буни Европа Иттифоқи ташқи сиёсати бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майкл Манн маълум қилди.

Мэнн сўзлашувда “сезиларли муваффақиятга эришиш истаги борлиги”ни айтди.

- Мулоқот яхши, дўстона муҳитда бошланди ва уч соат давом этди. Буни ҳеч ким кутмаган эди, - деди Майкл Манн.

Бу БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германия расмийлари билан Эрон ўртасида 15 ойдан бери ўтказилаётган биринчи музокарадир.

Ғарб давлатлари Эронни яширинча ядровий бомба тайёрлашга уринаётганликда гумон қилиб келмоқда.

АҚШ ва ЕИ Эронга қарши аллақачон иқтисодий санкциялар жорий қилган.

Эрон ўз ядровий дастури борасида кўпроқ ҳамкорлик қилиш ҳақидаги БМТ талабини бажармаса, ЕИ Эрондан нефт сотиб олишни таъқиқлаш орқали санкцияларни янада кучайтиришни режалаган.

Эрон эса ўз ядровий дастури фақат тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.

Музокаралар бошланишидан олдин Ғарб расмийлари Эрон яхши ният билан музокара олиб боришини талаб қилди.

Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле Берлинда эълон қилган баёнотда “тактик ўйинлар учун вақт тугагани” билдирилган.

Вестервелле сўзлашувлар “осон бўлмаслиги”ни ҳам башорат қилган.

Истанбул музокараларидаги муваффақият ҳақида журналистлар берган саволга жавоб берган Майкл Манн “бу воқеаларга боғлиқ экани”ни айтди. ЕИ матбуот вакили агар Истанбул сўзлашувларида олдинга силжиш бўлса, Ғарб давлатлари иккинчи давра сўзлашувлар олиб боришини айтди.

- Биз икки томон ҳам яхши муҳитда ва кенг миқёсда музокаралар олиб бориш истагида эканига умид қиляпмиз. Сўзлашувда олдинга силжиш бўлишига қараб иккинчи давра музокаралар ўтказилиши эълон қилинади. Биз бу жараён бошланишига умид қиляпмиз, - деди ЕИ матбуот вакили.

Дипломатлар айтганига асосланиб ахборот агентликларининг хабар қилишича, Эрон ва Ғарб давлатлари расмийлари ўртасидаги музокараларнинг янги давраси май ойида ўтказилиши мумкин. Бу сўзлашувларнинг Ироқ пойтахти Бағдодда ўтказилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG