Линклар

Беларусда икки мухолифатчи озод бўлди


Қамоқдан озод бўлган Андрей Санников, Минск, 2012 йилнинг 15 апрели.

Қамоқдан озод бўлган Андрей Санников, Минск, 2012 йилнинг 15 апрели.

Беларус президенти Александр Лукашенка авфи асосида президентликка собиқ Андрей Санников ва мухолифатчи Дмитрий Бондаренко қамоқдан озод қилинди. Минскка етиб келган Санников қийноқ остида авф ҳақида илтимоснома ёзишга мажбур бўлганини билдирди.

Қамоқдан қутулган мухолифатчиларининг иккаласи ҳам 2010 йил 19 декабридаги оммавий намойишларда иштирок этгани учун судлангандилар. Ўшанда улар Беларусдаги президентлик сайлови натижалари сохталаштирилганини даъво қилгандилар.

Бугун тунда Минскка етиб келган Андрей Санниковни кутиб олиш учун Привокзалний майдонига чиққан юзлаб одамлар уни зўрға таниганлар. Бир ярим йиллик қамоқ уни жуда ўзгартириб юборганди – у озиб кетган, кўзлари киртайган, соқолини эса қириб ташлашга мажбур бўлган.

Даставвал ўзининг озод бўлиши учун ҳаракат қилган белоруссияликлар ва халқаро ҳамжамиятга ташаккур изҳор қилган Санников ҳали келажакка оид режа тузиб улгурмаганини айтди. Айни пайтда бошқа сиёсий маҳбусларни озод қилиш учун курашни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган мухолифатчи ўзининг озод бўлиши тафсилотларига тўхталди.

- Бу шундай бўлди: кечки соат беш яримларда менга нарсаларимни йиғиштириб, назорат пунктига боришим кераклигини айтишди. Сабабини ҳеч ким айтмади. Кейин ҳаммаёғимни текшириб чиқишди. Мен: “Бу нима – навбатдаги этапми ёки озод бўлишми ва ё яна бошқа бирор нарсами?” деб сўрадим. Кейин мени озод қилиш ҳақида буйруқ олганларини айтишди, лекин менга ҳеч қанақа буйруқни кўрсатишгани йўқ. Менга шунчаки бир маълумотнома беришди, унда судланган шахснинг авф қилингани ҳақидаги буйруқ асосида озод қилинганим ёзилибди. Бор-йўғи шу. Паспортимни бериб, шу маълумотномани бериб, Витебск вокзалига элтиб қўйишди, - дер экан Санников ўша ердан телефон орқали оиласига ўзининг озод бўлгани ва тез орада Минск поездига ўтиришини хабар қилганини айтади.


Президентликка собиқ номзод Андрей Санников 2010 йил 19 декабрида президентлик сайлови натижаларидан норози фуқаролар митингини тарқатиш чоғида ҳибсга олинганди. 2011 йил май ойида суд уни оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айблаб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

Шу йил январида ўтказилган матбуот анжумани чоғида Санниковнинг рафиқаси Ирина Халип эри билан учрашгани, ўша ерда у турмуш ўртоғининг 2011 йил 20 ноябрида Александр Лукашенко номига авф ҳақида илтимоснома ёзгани хусусида билганини айтганди. Ўшанда Халип хоним эри бу илтимосномани қийноқлар остида ёзганини таъкидлаганди. Беларус Ички ишлар вазирлиги аёлнинг бу даъвосини рад этган ва илтимоснома ўтган йилнинг 23 декабр куни ёзилгани ҳамда шу йил 23 январ куни президент маъмурияти қошидаги авф масалалари бўйича бўлимга топширилганини билдирганди.

Бугун Минскка етиб келган Санниковнинг ўзи илтимоснома 20 ноябр куни ёзилганини қайд этаркан, ўтган йилнинг сентябр ойидан бошлаб уни маънавий жиҳатдан эзиб ташлаш кампанияси бошланганини айтади.
- Ҳозир ўзимни озми-кўпми яхшироқ ҳис қилаяпман. Энг асосийси, тирикман, оёқда тура оламан, воқеликни қандай бўлса, шундайлигигича қабул қила оламан. Такрор айтишим мумкинки, қамоқда ётиш деган нарса мен учун сентябр ойида тугаган, кейин эса қийноқлар даври бошланган. Тушунишимча, президент маъмуриятидан бўлган кўп кишилар иштирокида кучли, режаланган амалиёт ўтказилди менга қарши. Бунга ҳатто зэкларни ҳам жалб этишган. Босим жудаям кучли бўлди менга, - дейди Санников.

2010 йил 19 декабрида ўтказилган митинг чоғида Минскдаги Мустақиллик майдонида 700 га яқин киши ушланган, 50 дан зиёд киши “оммавий тартибсизликларни уюштирганлик ва унда иштирок этганлик учун” турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар. Уларнинг кўпчилиги жаҳон ҳамжамияти босими остида 2011 йил мобайнида президентнинг авф ҳақидаги фармони билан озодликка чиққанлар.

15 апрел куни мухолифатчи Дмитрий Бондаренконинг ҳам озод қилингани маълум бўлди.

15 апрел куни мухолифатчи Дмитрий Бондаренконинг ҳам озод қилингани маълум бўлди.

Санников билан бир қаторда “Европейская Беларусь” фуқаролик кампанияси фаоли, Санниковнинг сайловдаги ишончли кишиси Дмитрий Бондаренко ҳам авф ҳақида илтимоснома ёзганди. Ўтган йил апрелида икки йил йилга озодликдан маҳрум қилинган Бондаренко ҳам бугун, яъни 2012 йилнинг 15 апрел куни озод қилди.

Ҳозирги пайтда Беларус қамоқхоналарида сиёсий маҳбус саналган ўнлаб мухолифатчи қолмоқда. Улар орасида Беларус президентлигига собиқ номзод Николай Статкевич, "Ёш жабҳа" ташкилоти лидери Дмитрий Дашкевич, “Беларус халқ жабҳаси” консерватив-христиан партияси фаоли Сергей Коваленколар бор.

Беларусдаги демократик жамоатчилик вакиллари Андрей Санниковнинг озод қилинишини олқишламоқдалар, айни пайтда Минскка кўрсатилаётган босимни сусайтирмасликка чақирмоқдалар.

Андрей Санниковнинг сафдоши Виктор Ивашкевичга кўра, Санниковнинг озод қилиниши Европа Иттифоқи ва АҚШ санкциялари нечоғли самара берганини кўрсатувчи далил бўлиб ҳисобланади. У бу йўналишдаги ҳаракатларни давом эттириш керак, деган фикрда.

- Бу борада ярим йўлда тўхтаб қолиш ярамайди, - дейди Виктор Ивашкевич.

Европа Иттифоқи вакиллари Беларус ва ЕИ ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши учун энг асосий шарт ўлароқ мамлакат қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишини қайта-қайта таъкидлаганлар.
XS
SM
MD
LG