Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:32

Толибон Кобулда расмий идораларга ҳужум қилди


 Кобулдаги Британия элчихонаси олди.
Кобулдаги Британия элчихонаси олди.

Афғонистон пойтахтининг дипломатик идоралар жойлашган марказий қисмида якшанба куни бир неча портлаш ва отишмалар рўй берди.

Портлашлар Кобулнинг хавфсизлик чоралари кучайтирилган қисмида, яъни, президент саройи, АҚШ, Германия, Британия элчихоналари, АҚШ ҳарбий базаси, шунингдек, БМТ ва НАТО идоралари жойлашган ҳудудга яқин жойда амалга оширилган.

Асосий нишон қайси бино бўлгани маълум эмас.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Сидиқ Сидиқ Озодликка Кобулдаги ҳужумлар пайтида талафот кўрилгани ҳақида маълумот олинмаганини айтди.

Сидиқ пойтахт атрофига блок постлар ўрнатилгани ва ҳужумлар амалга оширилган мавзеларга полиция кучлари келтирилганини айтди.

- Бу ерга полиция кучлари келтирилди ва одамлардан ҳудудни тарк этиш сўралди. Уларнинг асосий вазифаси - одамларни ҳимоя қилиш. Биз ҳужумлар учун масъул бўлган шахсларни тўхтатиш устида ишлаяпмиз, - деди Ички ишлар вазирлиги расмийси.

Франс пресс ахборот агентлиги Кобулнинг бошқа қисмида жойлашган парламент биноси яқинида ҳам портлашлар рўй берганини хабар қилди.

Афғонистон пойтахтида амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Толиблар вакили Забиҳулла Мужоҳид 15 апрел кунги ҳужумлар олдиндан тайёргарлик кўрилган баҳорги исёнларнинг бошланиши эканини айтди.

Айни пайтда, толиблар 15 апрел куни Жалолобод аэропорти яқинида ва Гардез шаҳрида содир этилган портлашлар учун ҳам масъул эканини билдирди.

Каписа вилоятида якшанба куни амалга оширилган портлаш оқибатида тўрт нафар полиция ходими, жумладан, маҳаллий полиция бошлиғи Жон Оға Файз ҳам ҳалок бўлди.

Афғонистон Миллий хавфсизлик директорати матбуот котиби Лутфилла Машъал мамлакат шарқидаги Гардез ва Жалолобод шаҳарларида жанггарилар уюштирган ҳужум бартараф қилингани, аммо Пули-Алам ва Кобулда тартибсиз отишмалар давом этаётганини билдирди.

Машъал хавфсизлик кучлари ҳужумларда қанча жанггари иштирок этганини ва қанча талафот кўрилганини ҳозирча аниқлай олмаганини айтди.

- Амалиётлар тугаганидан сўнг Халқаро коалиция ва Афғонистон хавфсизлик кучлари талафотлар кўлами ва ҳужумда қанча исёнчи иштирок этганини аниқлайди, - деди Лутфилла Машъал.

Лўгар вилоятининг Пули-Алам шаҳри расмийлари 15 апрел кунги тўқнашувда уч худкуш ўлдирилгани, хавфсизлик ходимларидан тўққиз киши яраланганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG