Линклар

logo-print

Ўзбекистонда уяли алоқа хизмати қимматлайди


Президент Каримов томонидан абонентлик рақами учун жорий қилинган 400 сўмлик тўлов пировардида уяли алоқа мижозлари бўйнига тушадиган бўлди.

Президент Каримов томонидан абонентлик рақами учун жорий қилинган 400 сўмлик тўлов пировардида уяли алоқа мижозлари бўйнига тушадиган бўлди.

MTS-O‘zbekiston ва Ucell уяли алоқа операторлари абонентлик тўловини икки бараварга оширди. Тўлов нархлари шу пайтгача 1 цент-18 сўм бўлган бўлса, эндиликда 2 цент- 36 сўм қилиб белгиланди.

Ўзбекистонда мижозлар сони кўплиги бўйича иккинчи ўринда турадиган Ucell компанияси (мижозлар сони 8 миллион атрофида) жорий йилнинг 24 апрелидан бошлаб “GAP”, “Ucell дунёси”, “Янада кўп суҳбат”, “Тунги”, “Online”, “Яқинроқ бўлинг”, “Кўпроқ сўзлашинг”, “Осон ҳисоб”, “3G modem” тариф режалари бўйича кунлик абонент тўловини 2 центга кўтаради.

Ucell компанияси ходимларидан бири тўлов нархларининг қимматлашини солиқ тўловларининг оширилгани билан изоҳлади.

- 24 апрелдан нархлар қимматлайди. Аввал 1 цент бўлган бўлса абонент тўлови энди 2 центдан бўлади. Чунки компанияда ривожлантириш ишлари кетаяпти ва аҳамият берсангиз, ҳамма ëқда нархлар ошган, солиқнинг нархлари ҳам ошганлиги учун компаниянинг қарорига биноан тарифларда ҳам абонент тўлови оширилган. Аҳамият берсангиз, бошқа компанияларда ҳам оширилган нархлар,- дейди Ucell компанияси ходими.

Ўзбекистонда энг йирик мобил оператори бўлган, 9 миллиондан зиёд мижозга эга MTS-O‘zbekiston компанияси ҳам 1 майдан бошлаб кунлик абонент тўловини 1 центдан 2 центга оширади. Ширкат расмий сайтида маълум қилинишича, бу ўзгаришлар “Ҳаммага салом”, “Универсал” ва “Мулоқот”, “Қўнғироқ” тариф режаларига тегишлидир. “MTS VIP" тарифи абонент тўлови эса кунига 25 центни ташкил этади.

Ўзбекистонда фаолият юритувчи яна бир йирик уяли алоқа оператори - Beeline ҳам шу йилнинг 2 апрелидан аксарият тариф режалари учун кунлик абонентлик тўловини 2 центга оширганди.

Beeline компанияси ходимига кўра, яқин кунларда нархларда бошқа ўзгариш бўлмайди.

- Beelineда 2 апрелдан бошлаб кунлик абонент тўловлари ўзгарган. 2 цент бўлган. Агар яна қимматласа, шундан кейин маълумот беришимиз мумкин. Ҳозирча эса бу ҳақда ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас,- деди Bilayn ходими.

Perfectum Mobile ва UzMobile компаниялари ҳам ҳозирча тўловларни ошириш ниятида эмас.

- Бизларда ҳам 1 февралдан бўлди. 1 центдан олаяптику мобилнийларга. Лекин бошқа нархлар кўтарилиши бўйича маълумот йўқ бизларда,- деди UzMobile ходимаси.

Ўзбекистондаги мобил алоқа нархи, дунёдаги энг арзон нархлардан бири эканлиги айтилади. Кунлик абонентлик тўлови маҳаллий уяли алоқа операторларида Ўзбекистонда абонентлик рақамидан фойдаланганлик учун ойига 400 сўмлик тўлов жорий қилинганидан кейин пайдо бўлди. Президент Каримов имзолаган бу ҳақдаги қарор шу йил 1 январидан кучга кирган. Мазкур қарорга мувофиқ, уяли алоқа операторлари ишлатилаётган ҳар бир абонентлик рақами учун ҳар ой тўлаб турадиган 400 сўмнинг 90 фоизи давлат бюджетига, 10 фоизи эса Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳисобига ўтади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда уяли алоқа мижозлари сони 25 миллиондан ошиб кетган. Уларга GSM стандартида ишловчи уч ва CDMA стандартида ишловчи икки уяли алоқа оператори хизмат кўрсатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG