Линклар

Норвегияда Брейвик устидан суд бошланди


Андерс Брейвик ультрамиллатчиларга хос тарзда қўли олдинга отиб, суд иштирокчиларини "олқишлади".

Андерс Брейвик ультрамиллатчиларга хос тарзда қўли олдинга отиб, суд иштирокчиларини "олқишлади".

Норвегия пойтахти Ослода 77 кишини ўлдирганликда айбланаётган Андерс Беринг Брейвик устидан суд бошланди.

Ўтган йилнинг 22 июл куни амалга оширган ҳужумларда 77 кишини ўлдирганига иқрор бўлган ультра-миллатчи душанба куни Ослода бошланган маҳкамада ўзини жуда такаббур тутди.

33 ёшли Андерс Беринг Брейвик суд залига кириб келиб, қўлидаги кишанлар ечилгач, ультрамиллатчиларга хос тарзда қўлини олдинга отиб, суд иштирокчиларини "олқишлади".



Ундан кейин эса, қора курсида ўтирган Брейвик, залга ҳакамлар кириб келаётган пайтда ўрнидан туришдан бош тортди ва суд ваколатини тан олмаслигини таъкидлади.

- Мен Норвегия судларини тан олмайман. Сиз мултикултурализм ғояларини ёқловчи сиёсий партиялардан ваколат олгансиз, дея баёнот берди Брейвик.

Брейвик террорчилик ва оммавий қотилликка доир жиноятларда айбланмоқда. У 2011 йил 22 июл куни Ослода саккиз кишининг ўлимига сабаб бўлган иккита портлаш ҳамда пойтахт яқинидаги Утойа оролида Лейбористлар партиясининг ёшлар қаноти ташкил қилган ёзги лагерда отишма уюштириб, 69 кишини ўлдирганига иқрор бўлган.

Утойа оролида ўлдирилганларнинг кўпчилиги Норвегиянинг иқтидордаги партиясига алоқадор ўсмир ва ёш йигит-қизлар бўлган.

Душанба кунги маҳкамада Брейвик ўзини ҳеч бир жиноятда айбли, деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Аввалги баёнотларида у ўз ҳаракатларини Норвегиянинг либерал иммигарцион сиёсатига норозилик ифодаси ўлароқ изоҳлаб, мамлакатнинг мусулмонлар тарафидан эгаллаб олинишининг олдини олиш эҳтиёжидан келиб чқиққанини таъкидлаган.

Суд бошланишидан аввал Брейвикнинг адвокати Гейр Липпестад ўз мижози ўтган йилги ҳужумларни ўзини-ўзи ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширганини исботлашга уринади, дея маълум қилди.

Кузатувчилар Брейвик суд жараёнидан ўзининг аксил-мусулмон қарашларини тарғиб қилиш мақасдида фойдаланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Ўтган йилги ҳодисда омон қолган ва судга гувоҳ сифатида чақиртириладиган Вегард Гросли Веннесланд исмли йигит Брейвик билан учрашувдан олдин ҳаяжонланаётганини айтади.

- Бу кўпчилик учун мушкул ва айни пайтда муҳим жараён бўлади. Бугун суд бошланади ва рўй берган воқеа тафсилотлари ҳамда 22 июл кунги ҳужум ортидаги сабаблар ҳақида кўп нарсани билиб оламиз. Яна муҳим нарса, келаси 10 ҳафта ичида адлия тизими яхши ишлаётганини исботлашимиз бўлади, дейди бу йигит.

Душанба кунги маҳкамада прокурор ўқиб эшиттирган ва ҳар бир қурбоннинг қандай ўлдирилгани тасвирланган айблов хулосасини Брейвик бефарқ тинглаб ўтирди.

Куннинг иккинчи ярмида Брейвикнинг ўзи ҳужумдан олдин тайёрлаган ва у ёқлайдиган ғоялар ифодаланган 12 дақиқалик ролик намойиш қилинганда судланувчи кўзига ёш олди.

Брейвик ўз айбига иқрор бўлгани боис 10 ҳафта давом этадиган маҳкамада унинг руҳий ҳолатига баҳо берилади. Ўтган сешанба куни суд-психиатрик комиссия Брейвикнинг лаёқатли экани ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида хулосани берди. Лекин энди суд ҳам бу ҳақда ўз хулосасини бериши керак.

Агар ақлан ноқис деб топилса, Брейвик руҳий касалхонада бир умрлик даволанишга ҳукм қилиниши мумкин.

Агар ақли расо деб топилса, у 21 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилиниши ёки суднинг махсус қарорига мувофиқ жамиятга хавф туғдириши эҳтимоли сақланиб қолгунига қадар қамоқда қолишга ҳукм этилиши мумкин.

Суд жараёни хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган шароитда ўтказилмоқда. Суд биноси хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан қуршаб олинган. Брейвик ўтирган қора курси эса ўқ ўтказмайдиган шиша билан ўралган.

Норвегиянинг NRK телеканали суд жараёнидан лавҳаларни намойиш қилмоқда. Лекин Брейвик ўз чиқишларидан янги ҳужумларни тарғиб қилиши эҳтимолларига оид хавотирлар туфайли, унинг кўрсатмалари намойиш қилинмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG