Линклар

Ўтган ҳафта сўнгида Тожикистондаги бир қатор ахборот агентликлари Ўзбекистон ўз ҳарбий техникасини ўзбек-тожик чегарасига жойлаштиргани ва бу ўз навбатида маҳаллий аҳоли орасида турли ваҳималарга сабаб бўлаётганини ёзган эди.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида дастлаб Мастчоҳ туманида бизга таниш манбаларга қўнғироқ қилдик.

Бу туманга қарашли Палдорак қишлоғида яшовчи Одихўжа Иброҳимов ўзбек-тожик чегарасида сўнгги уч-тўрт кун ичида кузатилаётган вазиятни мана бундай тасвирлади.

-Танку тўплари аввал камроқ эди, ҳозир кўпайган. Қишлоқ аҳолисининг ери шу чегаранинг ёнида, симтўрнинг у ёғида улар,бу ёғида бизнинг ерларимиз. Ҳаммаси бемалол кўриниб туради. Техниканинг ҳамма тури бор, пушкали ҳаммерлар ҳам бор. Мана шунақа тайёргарликлари бор, бирор ниятлари борми ёки сиёсатини кўрсатаяптими - нима мақсадлари бор, билмадик, - дейди оддий ўқитувчи Одихўжа Иброҳимов.

Суҳбатдошимиз ўзбек-тожик чегараларида кузатилаётган бу ҳолат маҳаллий аҳоли орасида турли шов-шувларга сабаб бўлаётганини қўшимча қилди.

Бироқ Мастчоҳ туманининг чегараолди қишлоқларидан бирида яшаётган бошқа суҳбатдошимиз Жўра Юсуфий бу маълумотларни “провокация”, дея баҳолади.

- Менинг қишлоғим билан ўзбек-тожик чегараси ўртасидаги масофа икки километрни ташкил қилади. Шахсан мен чегаранинг у томонида ўзбек чегарачиларидан бошқа бирорта техника кўрмаяпман. Мастчоҳнинг айрим маҳаллаларидаги аҳоли орасида шунақа ваҳималар дайдиб юрибди. Лекин мен бугун, яъни 16 апрел куни яшаб турган қишлоғимдан чиқиб, Хўжандга келаяпман, ҳаммаёқ тинч, одамлар ўз ташвишлари билан овора. Менимча, бу яна қайсидир гуруҳларнинг провокацияси бўлса керак. Ўзбекистон билан Тожикистоннинг муносабатларида таранглик сезилаётган айни кезда ана шундай гуруҳлар фурсатдан фойдаланиб қолмоқчидир. Лекин, ҳар ҳолда, мен ўз кўзим билан кўрганларимни гапириб бердим сизга, - деди Мастчоҳ туманининг Сомониён маҳалласида истиқомат қилиб турган Жўра Юсуфий.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси масъулларидан бири Хушнуд Раҳматуллоев “Ўзбекистон Тожикистон билан шимолий чегарасига оғир ҳарбий техникаларини жойлаштираётгани”га оид маълумотларни тасдиқламагани баробарида инкор ҳам қилмади.

Раҳматуллоев жаноблари жума куни Озодлик радиосининг тожик хизматига берган интервьюсида Сўғд вилоятида икки қўшни давлат куч ишлатар тизимларининг чегараларни қўриқлашга оид музокараси бошланганини билдирганди.

Унинг айтишича, ўша музокарада тожик делегациясига бошчилик қилаётган чегара қўшинлари қўмондони Шерали Мирзоев ҳозир ҳам Сўғд вилоятида бўлиб турибди. Айни пайтда Раҳматулоев томонлар музокараси тафсилотларидан хабарсизлигини маълум қилди.

Ўзбек-тожик чегараларидаги вазият ва икки қўшни давлат куч ишлатар тизим вакилларининг Сўғддаги музокараси билан боғлиқ саволларимизга жавоб олиш учун Ўзбекистон томонига ҳам қўнғироқ қилдик, аммо урунишларимиздан бирорта натижа чиқмади.

Ўзбекистоннинг Тожикистон билан шимолий чегарасида “танк ва БТРларнинг пайдо бўлаётгани” ҳақида шимолий тожикистонликлар аввал ҳам хавотир билдирган.

Масалан, ўтган йили “Ўзбекистон Тожикистоннинг Истаравшан тумани билан чегара ҳудудига ўз ҳарбий техникасини жойлаштиргани ва бу оддий аҳоли тинчини бузаётгани” айтилганди. Аммо, орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон ҳарбийлари чегаранинг ўша ҳудудида ҳарбий машғулот ўтказаётгани маълум бўлган эди.
XS
SM
MD
LG