Линклар

Бахтиёр Жумаев айбларни инкор қилди


Бахтиёр Жумаев жума куни Денвердаги АҚШ Федерал судига олиб келинди.

Бахтиёр Жумаев жума куни Денвердаги АҚШ Федерал судига олиб келинди.

АҚШда қўлга олинган ўзбекистонлик Бахтиёр Жумаев ўзига нисбатан илгари сурилган террорчиликка доир айбловларни инкор қилди.

The Denver Post газетасининг 13 апрел куни ёзишича, Денвердаги федерал судга олиб келинган Бахтиёр Жумаев бу ҳақда ўз адвокати орқали билдирган. Жумаевнинг ўзи суд мажлиси давомида гапирмаган.

Жумаевнинг адвокати, шунингдек унинг ҳибсда қолдирилишига оид масала юзасидан баҳс қилишдан бош тортган.

Март ойида Филаделфия шаҳрида ҳибсга олинган пайтда 45 ёшли Бахтиёр Жумаев АҚШда муддати тугаган виза билан яшаб келгани маълум бўлган. У АҚШ ва Ўзбекистонда террорчи ташкилотлар сирасига киритилган Иломий Жиҳод Иттифоқи гуруҳига молиявий кўмак кўрсатганликда айбланмоқда. Бу айблов Жумаевнинг террорчилик фаолиятида айбланаётган Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси Жамшид Мухторовга 300 АҚШ долларига ёзилган чек юборгани факти асос бўлган.

АҚШдан сиёсий бошпана олган асли ўзбекистонлик Жамшид Мухторов январ ойида Чикагонинг О’Ҳара халқаро аэропортида Туркияга кетаётган пайтда қўлга олинган эди. Терговчиларга кўра, Мухторов Туркияга террорчилик ҳуружини амалга ошириш ниятида кетаётган бўлган.

Колорадо штатининг Аврора шаҳрида яшаб келган 35 ёшли Жамшид Мухторов маълум муддат давомида АҚШ Федерал тергов бюроси кузатувида бўлган. Терговчилар айблов хулосасида айтилишича, Мухторовнинг Туркияда худкуш ҳужумни амалга ошириш нияти бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Агар Мухторовга қўйилаëтган айблар судда тасдиғини топса, у 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиб, 250 минг АҚШ долларигача жаримага тортилиши мумкин.

Жумаев ва Мухторов ишлари бўйича суд терговини якунлаш учун бир неча ой талаб қилиниши айтилмоқда. Тергов материлларидаги баъзи далиллар махфийлаштирилган ва терговчилар бу материалларни адвокатларга қай тарзда очиқлаш устида бош қотирмоқда.

АҚШ Бош прокурори ёрдамичиси Грег Ҳоллоуэй 13 апрел кунги судда қилган чиқишида “Материлларни адвокатларга очиқлаш анча нозик масала бўлиб турибди”, дея таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG