Линклар

Астрахан қайта сайлов талаб қилмоқда


Олег Шеин ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилмоқда.

Олег Шеин ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилмоқда.

Астрахан шаҳар мэрлигига “Справедливая Россия” партиясидан номзоди қўйилган Олег Шеин маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. 4 март кунги шаҳар мэри сайловида сохаткорликлар бўлганини иддао қилаётган Олег Шеин бир ойдирки очлик акциясини давом эттирмоқда.

Сўнгги бир ҳафта давомида Астрахан шаҳридаги воқеалар Россия ва хориж оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортмоқда.

4 март куни Астраханда шаҳар ҳокими лавозимига ўтказилган сайловда, расмий натижаларга кўра, “Единая Россия” вакили Михаил Столяров ғолиб чиқди. Лекин сайлов участкаларида ўтказилган экзит-полл (сўров) натижалари Россия Марказий сайлов комиссияси тақдим этган материаллардан кескин фарқ қилгани маълум бўлди.

Сайлов давомида оммавий қалбакилаштириш фактлари видеотасвирга олинганини айтаётган Олег Шеин 16 мартдан бошлаб очлик эълон қилди. Очлик акциясига қатор мухолифат намояндалари қўшилди.

Шеин ҳимоясига шаҳарда оммавий норозилик акциялари бошланиб кетди. Олег Шеин тарафдорларини қўллаб-қувватлашга Россиянинг турли минтақаларидан, жумладан Москва ва Петербургдан мухолифат ва жамоатчилик намояндалари йиғилди.



14 апрел куни Киров майдонидаги беш минг кишилик митингда сўзга чиққан Олег Шеин шаҳарликларни ноҳақлик ва коррпуцияга қарши курашга даъват этди.

- Мен бугун бу ерга йиғилганларга ва бошқа шаҳарлардан мафия тизимига қарши курашда астраханликларни қўллаб-қувватлашга келганларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Биз озодлик ва демократия бизнинг барча шаҳарларимизда ҳукм суриши тарафдоримиз, деди Олег Шеин.

Сергей Миронов, Алексей Навалний, Ксения Собчак, Илья Яшин ва бошқа мухолиф кучлар раҳбарлари расмий идораларни бўлиб ўтган сайловлар юзасидан тафтиш ўтказишга чақирди.



Бироқ, вилоят прокуратураси сайловларда жиддий қонунбузарликлар бўлмаганини эълон қилишга шошилди.

- Прокуратура фикрича, йўл қўйилган қонунбузарликлар сайлов натижаларига, фуқроларнинг ўз фикрни эркин ифода этиш жараёнига жиддий таъсир қилмаган ва юрист сифатида айтишим мумкинки, сайлов ҳақиқий эмас, деб тан олиниши учун зарур бўлган 25 фоизни ташкил этмайди, деди Астрахан вилояти прокурори Олег Дупак.

Айни жавоб Россия Марказий сайлов комиссиясидан ҳам келди. Марказий сайлов комиссияси хулосасига кўра, 10 та сайлов участкасидан тўрттасида Шеин, олтитасида Столяров ғолиб чиққан.

Душанба куни Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Владиимир Чуров Олег Шеинни назорат камераларидаги акс этган қонунбузарликларни биргаликда муҳокама этиш учун Москвага таклиф қилди.

Айни пайтда “ҳақиқат қарор топмагунча” норозилик акциясини давом эттириш ниятида эканини айтаётган Олег Шеин Астрахан вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан санкцияланмаган норозилик намойишларини уюштирганлик айби билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

“Ҳалол сайловлар учун” ҳаракатининг блогида мэрликка номзод Олег Шеин бўлиб ўтган сайловни қайта ўтказиш талаби билан судга мурожаат қилгани хабар қилинмоқда.

6 май куни россия пойтахти мухолифат ҳаракатининг Москвада ўтказилиши режалаштирилган “Миллионлар марши”да Астрахан вакиллари ҳам иштирок этиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG