Линклар

logo-print

Озодликка боғланган собиқ инженер-техник олтин конида ишчилар хавфсизлиги оғир аҳволга келгани, икки йил ичида бир неча ишчи нобуд бўлганини айтди.

Ўзини Самарқанд вилоятидаги "Зармитан" конининг собиқ ишчиси, инженер-техник, деб таништирган, аммо исми эълон қилинмаслигини сўраган шахс "Зармитан" олтин конида техника хавфсизлиги жуда оғир аҳволга келиб қолганини айтди.

У сўзларига мисол тариқасида техника хавфсизлигига зид бўлган бир неча жиддий ҳолатлардан бирини тилга олди.

- Масалан, 100-150 метр чуқурликдаги техника 5000 мотор соат ишлагандан кейин капитал ремонт қилиниши керак. 10 минг соат ишлаганда мотор янгиланиши керак. Бугунги кунда ўша машиналар 2006 йилдан бери ишлаганини ҳисобланг, 3 сменада тўхтамай. 25-30 минг соат ишлаяпти. Баъзилар капитал ремонт бўлган, баъзилари бўлмаган. Мисол учун, заҳарни ҳам филтрлаб чиқариши керак, ўша филтрлар йўқ бирортаси, дейди "Зармитан олтин кони"да инженер-техник бўлиб ишлаганини айтган собиқ ходим.

Бу тингловчининг сўзларига кўра, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги "Зармитан олтин кони"да 2010 ва 2011 йиллар давомида бир неча ишчи кондаги техника хавфсизлиги оғир ҳолатга келгани ва ишчиларнинг хавфсизлигига риоя этилмагани боис қурбон бўлган.

У берган ва Озодлик қисман аниқлашга муваффақ бўлган маълумотларга кўра, 2010-2011 йиллар оралиғида юз берган ўлим ҳолатлари қуйидагича содир бўлган:

1-ҳолат: "Мавлонов Беҳзод. Қаровсиз қолгани учун руданинг орасида қолиб кетган. Тахминан, 100-80 метр чуқурликда. Техника хавфсизлигига эътибор қилмаган. Икки-уч соатдан кейин бир шериги оëғи синиб, эмаклаб келган, “анави болани у ерда тош босиб қолди, қутқариш керак” деб. Аслида смена бошлиқлари гуруҳи билан юриши керак, бошлиғи тушиши керак".

2-ҳолат: "Зоиров Хонқул. Эрталаб соат 6 билан 7нинг ўртасида, проходчик рудани қазиб тушираëтган вақтда руданинг остида қолиб кетган. Шу болани умуман таниб бўлмайдиган бўлиб кетди. 12 соатдан кўпроқ вақтда қазиб олинди жасади".

3-ҳолат: "Боқиев Ўлмас. Тепадан проходчик бурит қилаётганда префаратори билан, ЯК 29 дейди буни. Нарвон бўлади, у тепага яхшилаб бекитилиши керак. Ўша тепа яхшилаб бекитилмаганлиги учун бу бола 8-10 метр баланддан тушиб кетган, устига темир нарвон йиқилган. 28 декабр куни бўлган. Бу бола ўзига келмай, 6 январ куни кома ҳолатда дунëдан ўтган".

Озодлик бу маълумотлар ортидан қурбон бўлган кончиларнинг оилалари билан боғланишга уринди ва икки марҳум кончи — 40 ёшли Хонқул Зоиров ва 32 ёшли кончи Ўлмас Боқиевнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Ҳар икки оила марҳум кончиларнинг олтин конида иш вақтида нобуд бўлганини тасдиқлади.

Булардан бири — Қўшработ туманининг Заркент қўрғони, "Зармитан" посёлкасида яшаган ва олтин конида 19 йил тошкесар бўлиб ишлаган Хонқул Зоиров 2010 йилнинг 22 ноябрида нобуд бўлган.

Яна бири — Қўшработ туманининг Гужумсой қишлоғида яшаган ва конда 10 йилдан ортиқ тошкесар бўлиб ишлаган Ўлмас Боқиев 2011 йилнинг 28 декабрида ҳалокатга учраган ҳамда 2012 йилнинг 6 январида шифохонада вафот этган.

Ҳар икки оиланинг Озодлик боғланган аъзолари яқинлари вафотида кон раҳбариятини масъул билмаслигини айтар экан, бу борада Озодликка интервю беришга рози бўлмади.

Уларнинг сўзларига кўра, яқинлари ўлимидан сўнг бу оилаларга катта миқдорда товон пули тўланган, шифохона ва дафн ҳаражатлари тўлиқ қопланган.

Бундан ташқари, кончиларнинг оилаларга ҳануз моддий ёрдам кўрсатилмоқда.

Аммо, айни кунларда "Зармитан олтин кони"да ишлаётган кончилардан бирининг қариндоши Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда собиқ инженер-техник берган маълумотларни тасдиқлар экан, шу кунларда 100-150 метр чуқурликка тушиб ишлаётган кончилар ўртасида хавотир кучайгани ҳақида айтди.

- Чуқурга тушишга қўрқиб қолишганда. Шу кейинги 2 йил ичида кетма-кет ўлим бўлди, шундан қўрқиб қолганмиз, дейишади. Уларга ростдан ҳам қарашмаяпти. Олдин ундай эмас эди. Ҳозир ишчиларга яхши қарашмаётгани бор гап, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда шу кунларда олтин конида ишлаётган ходимнинг қариндоши.

Озодлик бу маълумотлар ортидан "Зармитан олтин кони" раҳбариятига ҳам мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олишга муваффақ бўлмади.

Озодлик мурожаатига жавоб берган ягона расмий — Жанубий кон бошқармаси мутасаддиси Авазхон Эъзозов эса бошқармага оид ҳар қандай маълумот очиқлиги, шаффофлиги, расман мурожаат қилинган тақдирда ҳамма саволларга тўлиқ жавоб олиш мумкинлигини айтиб, Озодликка келиб тушган маълумотларга ойдинлик киритишни кейинга қолдирди.

Навоий Тоғ-кон металлургия комбинати қошидаги Жанубий кон бошқармасига қарашли "Зармитан олтин кони" Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида жойлашган йирик олтин конларидан бири ҳисобланади.

Металлургия комбинати расмий сайтида келтирилишича, бу конда олтин рудаси очиқ ва ёпиқ шаклда қазиб олинади ҳамда қазиб олинаётган руданинг 75 фоизи ер ости ҳиссасига тўғри келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG