Линклар

12 апрел куни Тошкентнинг “Чилонзор” маҳалласи вакиллари ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғлини махсус йиғинга чақиртириб, уни мамлакат ютуқларини, халқ ҳаётидаги ижобий ҳодисаларни кўролмасликда айблаб, маҳалладан қувиш ҳақида қарор чиқарди.

2007 йилги президентлик сайловида ўз номзодини илгари сурган Абдулло Тожибой ўғли яқинда Интернетда очиқ хат билан чиқиб, оддий фуқароларга нисбатан қонунлар бузилаётгани ва расмийларнинг ўзбошимчалиги ошгани хақида норозилик изҳор қилган.

Абдулла Тожибой ўғли маҳалла фаоллари ҳаракатини ўзининг ҳуқуқ ҳимояси фаолияти билан боғламоқда. Унинг айтишича, расмийлар унга нисбатан маҳалла орқали босим ўтказишга уринмоқда.

Ўзбекистонда маҳалла институти фуқаролар турмушининг турли соҳаларида муҳим, баъзан эса ҳал этувчи рол ўйнайди: оилавий можаролар, кирди-чиқди, коммунал тўловларни ундириш, хорижга чиқиш визаси ва ЗАГС учун далолатнома бериш, кам таъминланган оилаларга нафақа тайинлаш ва ҳоказо.

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида респондентларга "Маҳалла ҳаётингизга аралашганми?" деган савол билан мурожаат қилдик.

Шавкат Усмонов, тошкентлик ўқитувчи:

- Мен қонунни яхши биламан, бўлар-бўлмасга аралаша олмайди менга нисбатан. Бошқаларга нисбатан бор бунақа ҳолатлар. Кўпроқ коммунал хизматларни тўламаганлиги ҳақида, оилавий жанжалларни маҳаллада кўришади, ëрдам пулини расмийлаштириш бўйича ишларни кўришади. Менинг ишим тушган эмас.

Ражаббой ака, хоразмлик пенсионер:

- Йўқ, менинг маҳаллам ҳаëтимга аралашмаган. Мен ҳам бир пайтлари маҳалла комитетининг раиси эдим 90-йилларда. 10 йил маҳалла қўмитаси бошлиғи бўлиб ишладим. У пайтларда биз аралашардик ҳар нарсага. Тўй-томошаларга аралашардик, можаро, жанжал бўлса аралашардик. Уйма-уй кириб одамларнинг аҳволларини сўрардик. Нима ташвишлари бор, оиласида қандай муаммолари бор, муҳокама қилиб яраштириб юрардик. Ҳозир маҳалла комитетлари оилаларда нима етишмайди, нимага муҳтож сўрамайди, бизларнинг Урганч тумани маҳаллалари мисолида айтаяпман, шаҳарда қанақалигини билмайман. Ҳозир бизнинг туманимиздаги маҳалла комитетларида ҳар ким ўз иши билан ўзи овора, ўз тирикчилиги пайида югуриб юрибди.

Насиба Саидова, Қўқон шаҳри:

- Қўқон шаҳар 21-маҳаллада яшайман. Янги фарзанд кўргандим. Маҳалла комитетидагиларнинг ҳаммаси нафснинг олдига тушган. Президентимиз маҳаллага шунақа катта ҳуқуқ бериб қўйганки, маҳалла ҳал қилиши керак ҳамма нарсани. 2010 йил 8 ноябрда туққанман. Туғишим билан ариза ëзиб олиб кирганман маҳаллага. Улар лимит йўқ деб нафақа бермади. Хоҳламади беришни. Чўнтагидан пул бераëтгандай “лимит йўқ, фалон йўқ” деб одамларнинг қонини ичади. Болам бир ярим яшар бўлди. Март ойидан нафақа пулини ола бошладим. Молия вазирлигига ëзиб юбордим. Кейин берди. Осонгина бермади. Бирор киши болаларининг пулини вақтида олгани йўқда. Ахлатга пул йиғиб кетишни, газнинг пулини бер, светнинг пулини бер деб келишни билишади улар.

Нейим Фармонов – каттақўрғонлик деҳқон:

- Бизда маҳаллада камчилик йўқ. Бизнинг ҳаётимизга маҳалла аралашмаган. Мен ёрдам сўраб маҳаллага мурожаат қилмаганман. Биз озгина ер олганмиз, шу ерда экин экиб, деҳқончилик қиламиз. Каттақўрғондаги бизнинг маҳалла жуда тинчда. Ҳамма нарса ўз вақтида бўляпти. Ҳукумат талаб қилган ҳамма нарса амалга ошяпти. Бизнинг маҳалла “Алижон” маҳалласи.

Дилором Темирова, Шаҳрисабз:

- Маҳалла ҳамма муаммоларимга аралашган, лекин бирорта натижа йўқ. Ҳаммаси аҳмоқ қилишади. Мен бировнинг уйида ижарада ўтираман неча йилдан бери. Мен фермерларнинг қўлида ишладим. Чақалоғим билан пилла олиб боқдим, бошқа қилдим. Ҳозир ҳам фермерларнинг қўлида ишлаймиз. Мана ҳозир қизим камқон касали билан оғриган. Мазаси йўқ, лекин бирортаси ëрдам бермайди. Қаерга борсангиз, ҳомий топ, дейди. Қаердан топаман ҳомийни? Менга ўхшаб ҳамма ëққа ëзадиганни, чизадиганни “ундай қиламиз, бундай қиламиз” деб даже бу уйдан кўчириб юборишди. Мусорларгача бориб турдим мана шу болам билан. Қашқадарë вилояти, Шаҳрисабз тумани, Камхоз қўрғони, Ëшлар кўчасида яшайман. Темирова Дилоромман. Алишер Навоий ширкат хўжалиги. Фермер хўжалигида ишлайманда.

Тошкентнинг Бобур маҳалла фуқаролар йиғини ходими:

- Муаммоли уйларга аралашамиз. Яраштириш комиссиямиз бор, моддий ëрдам бериш комиссияси бор. Вафот этганларга озгина ëрдам беришимиз мумкин. Қанақа қийинчиликлар бўлса, ҳал қилишга ëрдам берамиз. Раис билан гаплаша қолинг. Кечроқ телефон қилинг.

Ниғматилла Содиқов фарғоналик ҳуқуқ фаоли:

- Аввалги вақтларда муаммоларни маҳаллада оқсоқолларнинг ўзи ҳал қиларди. Маҳалла фуқаролар йиғини ташкил бўлгандан кейин қайси маҳалла бўлишидан қатъий назар мен бирортасининг маҳалла халқига фойдаси тегади деб ўйламайман. Нимага деганда ëшлар. Бу ëшларда етарли билим савсияси, сиëсий савия бўлмагандан кейин маҳалладаги арзимаган нарса президентгача етиб бораяптида. Жуда кўп тўқнаш келаман, одамларга маслаҳат бераман. 27 йилдан бери ҳуқуқ фаоли сифатида одамларга маслаҳат бериб келаман.

Олимжон - Қорақалпоғистонлик юрист:

- Оиламизда ундай воқеалар бўлмаган. Маҳалла фаолларининг оилавий ишларимизга аралашишига зарурат бўлмаган. Жиддий муаммолар бўлмаган. Ҳамма муаммоларни ўзимиз ҳал қилганмиз.

Шуҳрат – бухоролик ўқитувчи:

- Йўқ, маҳалла менинг ҳаётимга аралашмаган. Менинг ҳам уларга ишим тушмаган. Маҳалла фаоллари электр, газ бўйича қарзлари бўлган хонадонлардан қарзни йиғиб чиқади. Бизларнинг қарзимиз йўқ. Ҳамма тўловларни олдиндан тўлаб қўямиз.

Муҳтарам тингловчи, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзу хусусида маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулохазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG